Кегейлидаги янги ташаббус эллик оилани доимий даромадга олиб чиқди

18 Sen 2026

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли даромадларини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ташаббуси билан Кегейли туманида ташкил этилган иссиқхона мажмуаси ҳам ўз лойиҳалари билан фаол иштирок этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа фаолияти билан яқиндан танишди.

Бу ерга 12,5 миллиард сўм имтиёзли маблағ ажратилиб, 5 гектарда замонавий енгил типдаги иссиқхона барпо этилди. Натижада дастлаб Ижтимоий реестрда турган 50 та оила қамраб олиниб, улар учун доимий иш ўринлари яратилди.

Танлаб олинган ҳар бир эҳтиёжманд оилага 10 сотихдан иссиқхона майдони ажратиб берилди. Бунда ушбу комплексга бириктирилган лидер тадбиркор фақат ер ва иссиқхона ажратиш билан чекланиб қолмайди, балки уларни 2 йил давомида шу ернинг ўзида ўқитиб, улар етарли билим ва тажрибага эга бўлганидан сўнг ўз томорқаларида иссиқхона ташкил этиш ва даромад манбаини яратишга кўмаклашади.

Энг муҳими, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари лидер тадбиркор томонидан бозор нархида сотиб олинади.

Шунингдек, мазкур иссиқхона комплексида йилига 1 минг нафар фуқарони иссиқхона хўжалиги ва деҳқончилик соҳаси бўйича ўқитиш ҳам йўлга қўйилган. Мазкур тизим аҳоли учун кафолатли ва барқарор даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, оилалар даромадини янада кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратилган. Иссиқхона яқинида жойлашган 350 метрлик зовурда 500 бош ўрдак боқишга мўлжалланган махсус ўрдакхона ташкил этилди. Лойиҳа доирасида оилаларга 10 бошдан Бразилиядан келтирилган “Фаворит” наслли ўрдаклар ажратилиб, фуқароларга уларни кўпайтириш технологияси атрофлича ўргатилмоқда.

Мазкур лойиҳа қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бугунги тадбиркорларнинг фақат ўз фойдаси учун эмас, балки одамларнинг ҳам яхши яшашига ўзини дахлдор деб билаётгани алоҳида эътироф этилди.

Лойиҳада замонавий ва ресурстежамкор технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Ҳудудда қуввати 100 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар ишлаб чиқараётган электр энергияси иссиқхонанинг кундалик эҳтиёжини қоплайди.

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига бўлажак раисликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi davlat rahbarlari kengashining kengaytirilgan majlisidagi nutqi
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
O‘zbekiston Prezidenti mamlakatimizning Mustaqil Davlatlar Hamdo‘stligiga bo‘lajak raisligining ustuvor yo‘nalishlarini belgilab berdi
09. Okt 2026