Кўмир ва уран тармоқларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда навбатдаги лойиҳалар кўриб чиқилди

02 Fev 2026

Президент Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда яқин истиқболга мўлжалланган режалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Кўмир ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, соҳада рақобат муҳитини кучайтириш ва мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, бу ўтган мавсумга нисбатан 1,3 миллион тоннага кўпдир. Ҳозиргача 9 миллион тонна кўмир қазиб олинди, ўсиш 590 минг тоннани ташкил этди. Кейинги мавсумда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллион тоннага етказиш зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун Тошкент ва Жанубий ҳудудларда жойлашган конларни ўзлаштиришни жадаллаштириш, селектив қазиб олишни кенгайтириш, аутсорсинг асосида қўшимча экскаватор ва техникалар жалб қилиш муҳим экани таъкидланди. Хусусий тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш орқали 2026 йилда қўшимча 2,5 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш режалаштирилган.

Ангрендаги Нишбош кўмир конини ўзлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Захираларининг ҳажми 233 миллион тонна ва қиймати қарийб 500 миллион долларга баҳоланаётган ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида 2026 йилда қазиб олиш ишларини бошлаш ҳамда 1 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш, келгусида йиллик қувватни 10 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 880 та доимий иш ўрни яратилади.

Тақдимотда кўмирни чуқур қайта ишлаш асосида янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа ҳам кўриб чиқилди. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан кўмирни кимёвий қайта ишлаш орқали полимер маҳсулотлар олишни ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 5 миллиард доллар бўлиб, унинг натижасида йилига 8-9 миллион тонна кўмирни қайта ишлаш ва 1,18 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.

Ўтган йили мамлакатимизда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар эса 139 минг тоннага етди.

Жорий йилда Арнасой, Ғарбий Қизилқоқ, Жанубий Жонгелди, Шарқий Ағрон конларини ўзлаштиришни бошлаш режалаштирилган.

Хомашё қазиб олиш ҳажмининг кўпайиши муносабати билан уни қайта ишлаш қувватларини ҳам ошириш зарурлиги қайд этилди.

Уранни қайта ишлаш қувватларини сульфат кислотаси ҳамда уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган техник олтингугурт билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Президентимиз кўмир ва уран саноатида режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, иқтисодий самарадорликни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Related