Мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш масалалари бўйича ахборот берилди

07 Noy 2024

Президент Шавкат Мирзиёев мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари сифатини ошириш бўйича тақдимот билан танишди.

Бу ҳақда 30 сентябрь куни Педагогик маҳорат миллий институтида ўқитувчилар билан бўлган мулоқотда айтилган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу уч йўналишнинг шахс камолотидаги ўрнига аҳамият қаратиб, уларни ўқитишни такомиллаштириш долзарблигини таъкидлаган эди.

Масалан, мактаблардаги мусиқа ўқитувчиларининг 21 фоизи ўрта махсус маълумотли. Баъзиларининг ўзи чолғу чала олмайди. Сабаби мусиқа ўқитувчиларининг амалий малака ошириш тизими йўқ, бу борада санъат мактаблари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Маданият институтлари битирувчилари ўқитувчиликка қабул қилинмайди.

Шу боис мактабларда сабоқлар сифатини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар таклиф этилмоқда.

Хусусан, мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳорати баҳоланиб, малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Бу йўналиш бўйича ўқув қўлланмалари, ўқитувчиларга тоифа беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилади.

“Турон мактаб театри”нинг ижобий тажрибаси асосида мактабларда “Иқтидор” ҳаваскорлар бадиий жамоалари ташкил этилади. Олий таълим муассасаларининг мусиқа ва санъат йўналиши битирувчиларига мактабларда ишлашга рухсат берилади.

Ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактабларини умумтаълим мактабларига таянч мактаб сифатида бириктириш, иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш мақсадида мунтазам кўрик-танловлар ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш ҳам муҳим. Мактабларда 22 та олимпия, 19 та ноолимпия, 4 та миллий спорт турлари ўргатилади. Лекин жисмоний тарбия ўқитувчилари учун услубий қўлланмалар йўқ. Ўқувчиларни селекция қилиш тизимли эмас.

Шунинг учун жисмоний тарбия фани бўйича ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилиб, ўқув дастурлари такомиллаштирилади. Ушбу фан ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич ҳамма жойда мактаб спорт клублари ташкил этилади. Бу йўналишда ҳам ўқитувчиларга тоифа беришнинг янги тартиби, мактабларнинг спорт бўйича рейтинг тизими ишлаб чиқилади.

Бугун замоннинг ўзи ҳар бир фуқародан ватанпарвар бўлишни тақозо этмоқда. Бунда, айниқса, ҳарбий хизматчилар, чақириққача бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари керак.

Ҳозир мактабларда қарийб 10 минг нафар ана шундай педагоглар фаолият кўрсатмоқда. Лекин уларнинг 27 фоизи номутахассис. 2 минг 750 та мактабда ушбу фан учун шароит етарли эмас.

Шу боис энди чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади. Энди бу вазифага Қуролли Кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишга қабул қилинади.

Мазкур фан бўйича янги ўқув дастури ва дарсликлар яратилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан мактаб негизида “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилади.

Мутасаддилар шу борадаги ишларни ташкил этиш режалари юзасидан ахборот берди. Олий ўқув юртларида мазкур йўналишлар бўйича педагоглар тайёрлашни тубдан ўзгартириш, малака талаблари ва таълим сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Related