Давлатимиз раҳбарининг “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори Янги Ўзбекистонимиз маънавий-ижтимоий ва адабий-маданий ҳаётида том маънода тарихий воқеа бўлди.
Алғов-далғов бўлиб ётган бугунги нотинч дунёда, ташвишу таҳликаси ортиб бораётган рўйи заминда, албатта, миллий ва умумбашарий қадриятлар сирасига кирувчи, юксак инсоний ғояларни тараннум этган бобокалонларимизнинг адабий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бағоят муҳим ва эзгу ишдир. Ўз ижоди билан фақат одамийликни, тинчлик ва омонликни, Президент қарорида алоҳи да таъкидланганидай эллар, элатларнинг дўстлиги ва оғизбирчилигини ҳамиша азиз ва мўътабар билган ҳазрат Ажиниёзнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти юксак эътибор ва таҳсинга сазовардир.
Олиймақом ҳужжатда алоҳида урғу берилганидай Ажиниёз: “ўзининг бетакрор ва сермазмун ижоди билан халқимиз маданияти ва адабиётини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва оғзибирчиликни мустакамлашга муносиб ҳисса қўшган улкан ижодкордир”. Бобо шоирнинг ижоди кенг қамрови ва кўлами билан қалбларни забт эта олган тошқин дарёга ўхшайди. Ўз умри давомида шоир халқ дарди билан яшади, халқнинг орзу-умидлари ва эзгу ниятларини куйлади. Туркий халқлар орасида ғоят машҳур ва тилларда достон бўлди.
Ушбу қарор айтиш мумкинки, давлатимизнинг маънавий ҳаёт соҳасида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқимиз турмушидаги амалий ва ёрқин намунасидир. Ўз замонасидаги Хиванинг машҳур Шерғозихон ва Қутлимурод мадрасаларида таълим олган, ҳам шарқона, ҳам исломий билимларни чуқур эгаллаган шоир навқирон ёшиданоқ эл назарига тушиб, обрўъ ва эътибор қозонган. Талабалик пайтидаёқ чиройли ҳусни хат соҳиби сифатида котиблик қилган, хаттотлик санъатни маҳорат билан эгаллаган, Алишер Навоий девони қўлёзмасини кўчирган.
Унинг бутун ҳаёти мураккаб синовларга тўла, эл-улуси, турмуши-рўзғоридан айро тушиб, мусофирлик нон-тузини тотган, шунда ҳам тушкунликка тушмай, одамларнинг бирлиги ва аҳиллигини авж пардаларда янгратган мустаҳкам иродали ва матонатли куйчидир. Шоир ҳаётидан мисол келтирадиган бўлсак, унинг яккою ягона қуроли дўмбираси ва қўшиқлари бўлган. Сўз билан, шеър билан, ҳазил-мутойиба ва ўтлиғ ва ўткир сатрлар билан ғанимларни мот қилиб, ер билан яксон этган, ҳамиша майдондан ғолиб ва музаффар чиққан.
Яхши йигит кураш куни
Синалур майдон ичинда.
Мард билан номарднинг фарқи
Билинур майдон ичинда.
Мардлик ва номардлик, эзгулик ва ёвузлик, тўғрилик ва маккорлик, ҳасад, риё, фисқу фасод нима эканлигини олам аҳли бугун ҳамишагидан кўра аниқ-тиниқ кўриб билиб турибди. Ажиниёзнинг мардлик, матонат ва шижоат мавзуларидаги оташин наволари шунинг учун ҳам ҳар доимгидан долзарброқ жаранглайди. Айнан шу жиҳатлари, умуминсоний ғоялари, эзгу орзу-армонларининг оламшумул аҳамияти туфайли шоир таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш чора-тадбирлари ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар режасига киритилгани ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.
“Элларим бордир” шеърида айнан шу мавзулар Жайҳун дарёнинг тошқин долғаларидек жўшқин пардаларда куйланади.
Сўрасанг элимни, Қожбон, бизлардан,
Қалпоғи қозондай элларим бордир.
Хато чиқса, кечиринглар сўзлардан,
Хитой, Қўнғирот отли элларим бордир.
Ёлғон сўзни ишонтириб айтмаган,
Тўғри йўлдан бош кетса ҳам қайтмаган,
Номардларни сира йўлдош тутмаган,
Номи қорақалпоқ элларим бордир.
(Рустам Мусурмон таржималари)
Шеърда “элларим” дебон алоҳида фахр билан мадҳ этилгани – демак, ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа эллар-элатлар ҳам назарда тутилгани шак-шубҳасиз иштибоҳга ўрин қолдирмагай.
Юқорида айтилганидек, ўзининг сарсон-саргардон ҳаёти давомида ўз элдошларини соғиниб яшаган шоир бир умр Мўйноққа талпинган, овулдошларининг соғинчини шеърга солган. Беихтиёр давлатимиз раҳбарининг бугунги ўзгаришларни назарда тутиб, бутун қорақалпоқ диёрида бўлганидек, жумладан Мўйноқдаги бунёдкорлик ишларига берган таърифи ёдга тушади: “Маданият Мўйноқдан бошланади! Кимки, бизнинг истоҳотларимизга шубҳа билан қарайдиган бўлса, келиб бугунги Мўйноқни кўрсин!”
Биз турфа қалам аҳли, шоир-ёзувчилар Мўйноққа ижодий сафарларимиз давомида, Ажиниёз бобонинг қабри шу атрофда, қай бир чеккада, деган гапни кўп маротаба эшитганмиз. Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, таниқли адиб Кенгесбой Каримовнинг маълумотига кўра бобонинг қабри қадам етмайдиган адоғ жойда, у ерга бориш қийин деган, армонидан ҳам хабардор эдик.
Бугун Мўйноқ аэропортига самолётлар қатнови йўлга қўйилган. Чор-атроф обод ва саришта. Қарорда алоҳида эътибор қаратилганидек, Ажиниёз бобонинг Мўйноқ туманидаги мангу қўним топган қабрини ободонлаштириш, шоирга муносиб ёдгорлик ўрнатиш, ушбу сарзаминда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк, яъни боғ-хиёбон барпо этиш, айни муддао бўлди.
Ажиниёз асарлари шу пайтга қадар ўзбек тилида кўп нашр этилмаган бўлса-да, лекин у ўзбек халқининг ҳам шоири саналади. Қўшиқларини тинглаганмиз, халқона ўланларига мафтун бўлганмиз. Қарорга мувофиқ, шоирнинг “Танланган асарлар” китобини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш, шоир фаолиятига бағишлаб ёзилган бадиий, илмий-оммабоп асарларни қайта чоп этиш ва тақдимотларини ўтказиш алоҳида вазифа қилиб белгиланган. Президентмиз ташаббуси билан нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” юз жилдик китоблар мажмуасида қорақалпоқ адабиёти, жумладан Ажиниёз шеърларига ҳам кенг ўрин берилган. Шу пайтга қадар, Таниқли ижодкорларимиз, Қорақалпоғистон халқ шоирлари Рустам Мусурмон ва Музаффар Аҳмад таржимасидаги Ажиниёз асарларидан намуналар таржима қилинган эди. Шу кеча-кундузда бобо шоир адабий мероси янгидан таржима қилинди, тўлиқ ва яхлит ҳолда чоп этишга тайёрланди. Насиб этса, ушбу муҳташам китоб ўзбек ва қорақалпоқ тилларида кўркам дизайн ва замонавий матбаа санъати безаклари билан алоҳида-аҳида тиўплам шаклида нашр этилади.
Қарордан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари, уюшманинг вилоят бўлимлари, ижод мактаблари ва албатта олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари ва билим даргоҳлари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик доирасида белгиланган тадбирлар юксак даражада ташкил этилади ва ўтказилади. Ушбу вазифалар ижроси бўйича режа ва дастурлар белгилаб олинди. Ажиниёз бобо ҳаммамизга дахлдор, ҳаммамиз учун қадрли.
Устоз Абдулла Орипов таржимасида машҳур бўлган Ибройим Юсуповнинг “Айт сен Ажиниёз қўшиқларидан” шеърининг бош сатри бугуннинг эзгулик даъватига айлангани ҳам бежиз эмас.
Мен уни тингласам – қолмай тоқатим,
Кўнглимда сайраган мастона булбул.
Мен уни тингласам – туққан элатим,
Ер жаннати бўлиб кўрингай буткул.
Юлдузларни ерга қаратмоқ бўлсанг,
Ёмон шоирларни уялтмоқ бўлсанг,
Агар мен ўлганда тирилтмоқ бўлсанг,
Айт сен Ажиниёз қўшиқларидан!
Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,
Ўзбекистон халқ шоири.