Муҳандисларнинг янги авлодини етиштирадиган инновацион маскан

11 Sen 2026

Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташриф чоғида “ToshTech” техника университети фаолияти билан ҳам танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори асосида ташкил этилган университет олий муҳандислик таълимини трансформация қилишда муҳим қадам бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати 69,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Мазкур маблағлар эвазига Тошкент давлат техника университетининг 7 қаватли ўқув биноси тўлиқ реконструкция қилинди ҳамда энг замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди.

Ушбу олийгоҳ академик, молиявий ҳамда ташкилий-бошқарув жиҳатдан мустақил давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Белгиланган дастурга кўра, 2030 йилга қадар Тошкент давлат техника университетининг тегишли факультет ва кафедралари босқичма-босқич ушбу янги инновацион экотизимга трансформация қилинади.

Янги университетга ёшларнинг қизиқиши жуда юқори бўлди. 2026/2027 ўқув йили учун жами 1654 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Энг билимли ва иқтидорли деб топилган 400 нафар талаба сараланиб, ўқишга қабул қилинди. Қабул қилинган илк талабаларнинг барчаси 100 фоиз давлат гранти асосида таълим олмоқда. Мазкур имтиёз сақланиб қолади ва 2029/2030 ўқув йилигача қабул қилинадиган талабалар ҳам тўлиқ грант билан қамраб олинади.

Университетда ўқув жараёни тўлиқ инглиз тилида бўлиб, дарслар маҳаллий олимлар билан бир қаторда юқори малакали хорижлик мутахассислар томонидан олиб борилади.

Талабалар саноат муҳандислиги ва менежмент, электр муҳандислиги, энергетика муҳандислиги, материалшунослик ва нанотехнологиялар каби тўртта йўналишда таълим олади.

“ToshTech” халқаро майдонда тан олинган таълим брендлари билан интеграциялашган. Университет дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари, жумладан, Шанхай Цзяо Тонг (Хитой), Милан политехника университети (Италия), Бремен конструктор университети (Германия) ҳамда дунёга машҳур “Boston Consulting Group” консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди.

Университетнинг бош мақсади қуруқ назариядан воз кечиб, талабаларни дастлабки курсларданоқ реал саноат лойиҳалари ва мураккаб муҳандислик муаммолари устида ишлашга ўргатишдир. Шу сабабли талабалар ўқиш давридаёқ амалиёт ўташи ва келажакда кафолатланган иш ўрнига эга бўлиши учун мамлакатимиз ва дунё саноати гигантлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Улар қаторида “ACWA”, “UzAuto Motors”, “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” каби йирик компаниялар мавжуд.

Давлатимиз раҳбарига университетнинг келгуси режалари ҳақида маълумот берилди.

Ўқитувчи ва талабалар билан мулоқотда “ToshTech” техника университети юртимиз саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқувчи муҳандисларнинг янги авлодини етиштириб берадиган инновацион масканга айланиши зарурлиги таъкидланди.

– Яна бир бор такрорлайман, инсоннинг мол-мулки, мавқеи ёки бошқа моддий бойликлари вақтинчалик бўлиши ёки йўқолиши мумкин, аммо унинг онгидаги, қалбидаги билим ва тажрибани ҳеч ким ва ҳеч қандай куч тортиб ололмайди. Билим инсоннинг энг хавфсиз ва энг фойдали сармоясидир, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Президентимиз университет талабалари билан суратга тушди.

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига бўлажак раисликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi davlat rahbarlari kengashining kengaytirilgan majlisidagi nutqi
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
O‘zbekiston Prezidenti mamlakatimizning Mustaqil Davlatlar Hamdo‘stligiga bo‘lajak raisligining ustuvor yo‘nalishlarini belgilab berdi
09. Okt 2026