Президент кимё соҳасидаги қўшма корхона фаолияти билан танишди

31 Okt 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрди.

Бу ҳудуд ривожланган индустрияси билан мамлакатимиз иқтисодиётида катта ўрин тутади. Иқтисодий ва инвестициявий имкониятлар туфайли сўнгги йилларда янги корхоналар кўпайиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари Навоий шаҳридаги “Uzbekistan hydrogen peroxide” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Вилоятдаги корхоналарга водород пероксиди доим зарур. Умуман, юртимиз саноат тармоқларида бу кимёвий бирикмага йиллик талаб ўртача 15 минг тоннадан зиёд. Жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган “Uzbekistan hydrogen peroxide” қўшма корхонасида шундай талабгир маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Қиймати қарийб 30 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида завод қурилиб, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Германия, Италия ва Швециядан замонавий ускуналар келтирилиб ўрнатилди. 80 га яқин киши иш билан таъминланди. Корхона йилига 30 минг тонна водород пероксиди ишлаб чиқариш қувватига эга.

Бу бирикмадан кимё, металлургия, электр техникаси, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги каби ўнга яқин тармоқда фойдаланилади. Жумладан, қоғоз, маиший ва кимёвий воситалар ишлаб чиқариш, уран ва кобальт маҳсулотлари қазиб олишда фаол қўлланилади. Қадоқларни тозаловчи, сунъий ва синтетик толаларни оқартирувчи восита сифатида ишлатилади.

Асосийси, иқтисодий самарадорлик юқори. Бу ерда табиий газ чуқур қайта ишланиб, бозорбоп маҳсулотга айлантирилади. Мисол учун, 60 фоизли водород пероксиди тиббиётда уч баробар, маиший кимё воситаларида икки баробар қўшилган қиймат яратади.

Корхона лабораториясига ҳам энг сўнгги русумдаги жиҳозлар ўрнатилган. Унда ҳар соатда таҳлил ўтказилади. Бу маҳсулот сифатини доимий назорат қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.

– Ҳар бир лойиҳадан мақсад – юқори даромад, қўшилган қиймат. Бу корхона шу жиҳатдан маъқул. Энди ишлаб чиқариш барқарорлиги, харидорлар ишончи учун буни кафолатланган хомашё билан таъминлаш керак. Маҳаллийлаштириш дастури асосида қулай шартларда кредит ажратиш ҳам мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бу корхона мисолида шундай лойиҳаларни кўпайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

Водород пероксиди шу пайтгача Ўзбекистонга катта харажатлар билан фақат чет элдан олиб келинар эди. Энди эса маҳаллий маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, импорт ўрнини тўлдиради. Шу билан бирга, яқин минатақада бундай корхона йўқ. Шу боис маҳсулот МДҲ ва Европа мамлакатларига ҳам етказиб берилмоқда. Қисқа вақтда қарийб 1,5 миллион долларлик экспорт қилинган. Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 10 миллион доллар.

Бу суюқ кимёвий маҳсулотларни сақлаш ва етказиб бериш учун шу ернинг ўзида пластик қуйма идишлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Корхонани муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида қуввати 27 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.

Яна бир эътиборли жиҳати, илгари мамлакатимиз кимё соҳасида хусусий сектор бўлмаган. Бу корхона сўнгги йилларда соҳага кириб келган тадбиркорлик субъектларидан бири.

Шу ерда корхона фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, Туркиянинг “Orbak Metal Industry” компанияси билан гидроген пероксиди ишлаб чиқариш қувватини 45 минг тоннага ошириш, шунингдек, туташ ҳудудда озиқ-овқат саноати лойиҳасини ташкил этиш режалаштирилган.

Related