Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси: рақамлар ва воқеалар

30 Okt 2025

Бугун маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган қадимий Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бошланади.

 

Ушбу тарихий тадбир қирқ йил ичида биринчи марта ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳи ташқарисида ва биринчи марта Марказий Осиёда ўтказилмоқда. Бундай кенг кўламли форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатнинг халқаро маданий ва гуманитар ҳамкорликдаги ортиб бораётган ролини эътироф этиш ва унинг жаҳон меросини сақлаш ва тарғиб қилишга қўшган ҳиссасининг рамзи ҳисобланади.

ЮНЕСКО ташкил этилганининг 80-йиллиги билан бир вақтда ўтаётган сессия минтақа тарихидаги энг йирик халқаро форумлардан бири бўлади. Унда 190 та аъзо давлат ва халқаро ташкилотлардан 2 минг 800 дан ортиқ вакил, шу жумладан 70 га яқин юқори даражали шахслар иштирок этади.

Тантанали очилиш маросимида фахрий меҳмонлар сифатида ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини ҳам қатнашади.

Самарқанд сессияси доирасида 150 дан ортиқ турли тадбирлар, шу жумладан Ўзбекистон ташаббуси билан 20 дан зиёд қўшимча тадбирлар ташкил этилади.

Шунингдек, тантанали очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлайди. Ўзбекистон раҳбарининг нутқида бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.

Тадбир доирасида Ўзбекистн Президенти Словакия Президенти Петер Пеллегрини ва ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан икки томонлама учрашувлар ўтказади

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси дунё ва мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жами 500 дан зиёд журналист томонидан ёритилади. Самарқандда уларнинг самарали фаолияти учун барча шароитлар яратилган.

Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясига мезбонлик қилиш нафақат дипломатик муваффақият, балки Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тан олинишида янги босқичнинг рамзи ҳамдир. Бир вақтлар Шарқ илми, санъати ва таълими маркази бўлган бу шаҳар яна бир бор маданиятлар ва ғоялар ўртасидаги мулоқот учун глобал платформага айланиб бормоқда. Бу Учинчи уйғониш даври руҳини ва мамлакатнинг инсоният учун барқарор келажак йўлида ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини акс эттиради.

 

 

Related