Президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 2,6 миллион гектарга ёки суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизига етди. Таққослаш учун, 2017 йилгача республикамизда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар жами 19 минг гектарни ташкил этар эди. Мазкур ишлар натижасида ҳар йили 2,5 миллиард куб метр сув тежалишига эришилмоқда.
Бугунги тақдимотда бу борадаги ишлар қамровини янада кенгайтириш бўйича ишланган янги таклифлар кўриб чиқилди.
Жумладан, 2028 йилга қадар сув тежовчи технологияларни 930 минг гектар ерда ўрнатиб, бундай майдонларни 3,5 миллион гектарга ёки жами суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган. Натижада ҳар йили 3,5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, 300 минг гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш ва такрорий экинларни суғориш имконияти яратилади.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали тежалган сув ресурслари сув таъминоти оғир ҳудудда жойлашган фермерларга кафолатли етказиб берилишига замин яратади.
Бунинг учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари қўлланади.
Хусусан, сув ресурслари учун солиқ ставкаси ва субсидиялар миқдорини ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгилаш таклиф қилинди. Масалан, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудуддаги суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, ажратиладиган субсидияларга 1,25 оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда ҳисобланади.
Шунингдек, сув тежовчи технологияларни банк кредитларини олмасдан ўз маблағлари ҳисобидан жорий қиладиган ташаббускорларга субсидия ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Бунда тегишли лойиҳа-смета ҳужжатлари ва лойиҳани амалга ошириш бўйича таъминотчи корхона билан тузилган шартнома асосида субсидия маблағларининг 50 фоизи Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан олдиндан ажратилади.
Эндиликда бошоқли дон экинларини етиштиришда томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинган майдонлар учун ҳам субсидия берилади.
Сув тежовчи технологияларни харид қилиш ва қуриш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоизларни қисман қоплаб бериш йўлга қўйилади. Ғўза майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун кредит маблағлари ҳар йил ноябрь ойидан бошлаб ажратилади.
Сув тежовчи технологияларни қуриб берган пудрат ташкилотлари ҳар бир лойиҳага камида 2 йиллик кафолат муддати бериши ҳамда 5 йил давомида сервис хизматларини кўрсатиши мажбурий этиб белгиланади.
Соҳада давлат назоратини такомиллаштириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Сув олиш жойларида сувни бошқариш ва ҳисобини юритишни такомиллаштириш мақсадида шоли етиштириладиган ҳамда балиқчилик хўжаликлари ташкил қилинган ер майдонларида “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситалари ўрнатилади. Улар “Сув ҳисоби” ахборот тизимига интеграция қилинади.
Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бўлинмаларида сув тежовчи технологиялардан ҳамда сувдан фойдаланишни мониторинг қилиш бўлимлари ташкил этилади. Тадбиркорлик субъектларида инспекция томонидан ўтказиладиган текширувларни ёнкамералардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилади. Инспекцияга қишлоқ хўжалиги экин майдонларида сувдан фойдаланиш ва сув исрофини мониторинг қилиш мақсадида учувчисиз учиш дронларидан фойдаланишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, ўрнатилган сув тежовчи технологияларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва субсидия ажратилган ер майдонларида бундай технологиялар ёки уларнинг асосий қисмларини ишлатмасдан, анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади.
Фермерларнинг сув тежовчи технологияларни жорий этиш соҳасидаги манфаатларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш билан боғлиқ масалалар юзасидан судларга даъво аризаларини киритишда давлат божидан озод қилиш таклиф этилди.
Соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш – долзарб масала.
Тақдимотда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш юзасидан режалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида жорий йилда 10 мингта фермер хўжаликлари ходимларининг малакаси оширилади, 358 нафар сув хўжалиги ходими малака ошириш учун хорижга юборилади.

