Тўқимачилик соҳасидаги қўшимча имконият ва вазифалар кўрсатиб ўтилди

13 Avg 2025

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 август куни тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тўқимачилик мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажмининг 3 фоизини, саноатнинг 14 фоизини яратаётган йирик тармоқдир. Бу йўналишда 500 мингдан ортиқ одам иш билан банд. Сўнгги беш йилда 3,5 миллиард долларлик 396 та корхона ишга тушди. Ишлаб чиқариш ҳажми 10 миллиард долларга етди.

Лекин дунё бозоридаги ўзгарувчан вазият, талаб ва нарх пасайиши соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Сўнгги уч йилда жаҳонда пахта нархи тоннасига ўртача 3 минг доллардан 1,5 минг долларга тушди. Бунга мослашиш учун 2022-2023 йиллар учун пахта хомашёсига берилган имтиёзли кредит 3 марта узайтирилди, ўтган йили ҳар бир тоннага 1 миллион сўмдан субсидия берилди.

Кўплаб тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитидан қарздорлиги бор. Атиги 16 фоиз корхона халқаро сертификатга эга. Оқибатда уларнинг ташқи бозорда рақобат қилиши қийин кечмоқда.

Ўзбекистонга нисбатан “пахта бойкоти” бекор қилинганига анча бўлди. Шунингдек, мамлакатимиз Европага божсиз экспорт қилиш имконини берувчи “GSP+” имтиёзлар тизимига қўшилган. Лекин брендлар билан ҳамкорлик ва экспорт миқёси бунга яраша эмас.

Соҳадаги шу каби муаммоларни ўрганиш учун, Президент топшириғига кўра, 200 дан ортиқ тадбиркорлар билан мулоқот қилинди. Йиғилишда уларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, янги имконият ва вазифалар белгиланди.

Аввало, молиявий соғломлаштириш ва таннархни камайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Бу йил кластерларнинг 2022-2023 йиллар ҳосили учун кредитдан қарздорлиги гаров қўйиш шарти билан беш йилгача узайтирилган эди. Энди, 1 августдан гарови тайин кластерлар фақат асосий қарзни тўлайди. Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва банкларга ҳисобланадиган фоизлар эса асосий қарз тўлиқ қопланганидан кейин ундирилади. Агар кластерлар ҳам асосий қарз, ҳам фоизини ўз вақтида тўласа, фоизнинг жамғармага кетадиган қисмининг ярми тадбиркорга қайтарилади.

Шунингдек, кластерларга 2022-2023 йиллар ҳосили учун берилган кредит бўйича 1 август ҳолатига юзага келган 377 миллиард сўмлик пенядан воз кечилади. Тижорат кредитидан мажбурияти бўлган 144 та корхонани молиявий соғломлаштиришга кўмаклашилади.

Бу йилги пахта ҳосилини ўз вақтида териб олиш учун фермерларга тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилади. Корхоналар ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.

Эндиликда тўқимачилик занжиридаги барча корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади. Бунда ижтимоий реестр бўйича талаб бекор қилинади, умумий фаолиятда тўқимачилик улушига талаб эса 90 фоиздан 70 фоизга туширилади.

Ўз ходимларининг болалари учун боғча ташкил қилган корхоналарга, худди хусусийлардаги каби, ҳар бир тарбияланувчи бўйича субсидия ажратилади.

Ип-калаванинг таннархига электр энергияси қиймати ҳам таъсир қиляпти. Шу боис энди корхоналарга ўз эҳтиёжи учун ўрнатилган қуёш панелларини тармоққа улашга рухсат берилади.

Бундай имкониятлар фаолиятни ривожлантириш учун таянч бўлади. Ўзида толани қайта ишлаш қуввати йўқ кластерлар ип-йигирув корхоналари билан самарали кооперация тизимини йўлга қўйиши зарур. Акс ҳолда, кейинги йилдан уларнинг кластер мақоми бекор қилинади ва пахта ҳосили учун имтиёзли кредит берилмайди.

Ҳукуматга бундай кластерлар учун жозибадор молиявий чоралар жорий қилиш топширилди.

Йиғилишда ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш масалалари ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

Юртимизда тайёрланаётган ип-калава ва матонинг нархи рақобатчиларга нисбатан ўртача 10-15 фоиз юқори. Чунки маҳсулотларимиз таркибининг 90 фоизи пахта. Дунёда эса сунъий тола ва аралаш мато кўп ишлатилади.

Шу боис корхоналаримизни арзон хомашё билан таъминлаш мақсадида 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилиши белгиланди.

Энди бир нечта бўёқ корхоналари бирлашиб, сув тозалаш иншоотини қурмоқчи бўлса, харажатининг бир қисми Савдони ривожлантириш компаниясидан қоплаб берилади.

Экспортчи корхоналарга туманларда филиал очиш учун Савдони ривожлантириш компаниясидан беш йил муддатга 10 миллиард сўмгача Марказий банк асосий ставкасида кредит ажратилади. Хорижлик дизайнер, технолог, конструктор ва маркетологларнинг ойлик маоши қоплаб берилади. Фақат шарти – 200 та иш ўрни очиш ва одамларга муносиб иш ҳақи тўлаш керак.

Дунё бозорларига чиқишда энг муҳим масала – сифат ва стандарт. Шу боис Техник тартибга солиш агентлигига тўқимачилик корхоналарининг халқаро сертификат олишига кўмаклашиб, уларни 300 тага етказиш вазифаси қўйилди.

Европа ва АҚШ бозорига тайёр кийим-кечак экспортини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, Америкада йилига қарийб 100 миллиард долларлик тўқимачилик бозори бор. Талабга мослашиш орқали унда ўрин эгаллаш мумкин. Шу мақсадда Нью-Йорк ва Сент-Луис шаҳарларида савдо уйлари очиш бўйича кўрсатма берилди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва элчиларга йирик брендлар билан ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш, уларни Тошкентда бўладиган йирик кўргазмага таклиф қилиш топширилди.

Корхоналар фаолиятида сунъий интеллектни қўллаш орқали даромадни 20-30 фоизга ошириш ҳамда яширин иқтисодиёт омилини камайтириш мумкинлиги қайд этилди. Бу борада тўқимачилик корхоналарида “ERP” тизимини жорий қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Жаҳонда савдо қоидалари тез ўзгараётган шароитда соҳа бошқарувида алоҳида ёндашувга зарурат туғилаётгани айтилди.

Шу боис Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинадиган бўлди. У тўқимачилик, чарм ва ипаксаноат тармоқларига масъул бўлади.

Агентлик учун алоҳида жамғарма тузилиб, давлат кўмаги ва корхоналарга арзон айланма маблағ у орқали берилади. Жамғармага 200 миллион доллар ажратилади. Ташкилот ҳузурида тажрибали тадбиркорлардан иборат кенгаш ҳам тузилади.

Янги агентликка мазкур кенгаш билан бирга таннарх, ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича натижадорликни ошириш, кооперацияни кучайтириб, паст қувватда ишлаётган корхоналарни соғломлаштириш вазифаси қўйилди. Халқаро маслаҳатчиларни жалб этиб, тўқимачиликни 2030 йилгача ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, чарм, ипак ва гиламчилик саноатини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Бош вазирга белгиланган вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Йиғилишда соҳадаги намунали тажрибалар кўриб чиқилди, тармоқ раҳбарлари ва тадбиркорларнинг фикрлари эшитилди.

Related