Фаол ва илғор ёшларга давлат мукофотлари топширилди

28 Iyun 2024

Ёшлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорига мувофиқ, азму шижоати, билим ва салоҳияти билан мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол ёшлар «Келажак бунёдкори» медали ҳамда «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

28 июнь куни Кўксаройда ана шу мукофотларни топшириш маросими бўлди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида йигит-қизларни Ёшлар куни билан табриклаб, меҳру эътиборини изҳор қилди.

– Мамлакатимиз ёшларининг ютуқлари, мақсад ва режалари билан яқиндан танишиб, беқиёс куч ва илҳом оламан.  Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича қандай катта имкониятларга эга эканимизни ҳис этиб, хурсанд бўламан, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бугун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида – давлат бошқарувида, иқтисодиётда, илм ва таълимда, спорту маданиятда ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий Мажлис палаталари қошида Ёшлар Парламентлари иш олиб бормоқда. Юртимиздаги ҳар бир ташкилотда ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчи фаолият кўрсатмоқда.

Давлат ва жамият замонавий билим ва технологияларни эгаллаган, жисмоний ва маънавий етук ёшлар билан қудратли. Шу боис таълим тизими тубдан ривожлантирилмоқда. Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар, олий ўқув юртлари етук кадрларни тарбиялашга хизмат қилмоқда. IT-парк, креатив парк ва технопаркларда, маданият ва спорт масканларида ўғил-қизлар севимли машғулотлари билан шуғулланиб, қобилиятини чархламоқда.

Бу шароитлардан унумли фойдаланган ёшлар илм-фан, спорт, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда катта-катта ютуқларга эришиб, Янги Ўзбекистонни жаҳонга тараннум этмоқда.

Биргина ўтган ўқув йилида 55 нафар ўқувчимиз математика, кимё, биология, физика ва информатика бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда 8 та олтин, 15 та кумуш, 32 та бронза медалларини қўлга киритган.

Маданият ва санъат бўйича нуфузли халқаро танловларда эса ёшларимиздан 383 нафари бош совринни, 1 минг 400 га яқини 1-ўринни эгаллаган.

Охирги 2 йилда спортчиларимиз халқаро мусобақаларда 900 тадан зиёд олтин, 550 дан ортиқ кумуш, 731 та бронза медалларини қўлга киритди. Яқинда Қатарда ўтган футбол бўйича Осиё кубогида терма жамоамиз Ўзбекистон тарихида илк бор Олимпия йўлланмасини олишга муваффақ бўлди.

– Сизлар мана шундай натижаларингиз билан янги тарих яратяпсизлар. Ишончим комил, халқимиз қўлга киритаётган улкан ютуқлар билан бирга, бу натижалар Янги Ўзбекистон тарихига, Учинчи Ренессанс тарихига айланади, – дея таъкидлади Президент.

Давлатимизнинг ёшларга оид сиёсати халқаро миқёсда тан олинмоқда. Масалан, ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни давлат ва жамият бошқарувига, муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга кенг жалб этиш бўйича 60 дан зиёд ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан маъқулланди.

Шу кунларда азим Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда. Бу ҳам халқаро эътирофнинг яна бир ифодаси экани таъкидланди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ёшларга давлат мукофотларини топширди.

– Бугунги ютуқларингиз – узоқ йўлнинг бошланиши. Давлат шароит яратиши, кимдур ёрдам бериши мумкин. Лекин келажагингиз фақат ўз қўлингизда. Бу йўлда барча ёшларимизни қўллаб-қувватлаб, орзу-интилишларида муваффақиятлар тилайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мукофотланганлар юксак ишонч ва эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди, ўқиш ва ишларида янада катта натижаларга эришиб, халқимиз ишончини оқлашини таъкидлашди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар, ота-оналар иштирок этди.

Related