Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Grand Pharm Logistics Hub” фаолияти билан танишди.
Ушбу логистика маркази “Tashkent Pharma Park” инновацион кластери ҳудудида ўн гектар майдонда жойлашган. Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион доллар бўлиб, уч қаватли маъмурий бино, омборлар, меҳмонхона, ошхона ва ётоқхона қурилган. 300 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Маҳсулотларни сақлаш жойи 50 минг квадрат метр. Бу ерда катта ҳажмдаги фармацевтика маҳсулотларини халқаро стандартлар асосида қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш имконияти мавжуд. Бу босқичлар тўлиқ рақамлаштирилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу жараёнларни кўздан кечирди.
Логистика маркази “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластеридаги бошқа ишлаб чиқарувчиларга ҳам қўл келади. Маҳсулотларни сақлаш ва экспорт қилишларида халқаро “SAP” тизими орқали амалий ёрдам берилади. Бунинг учун дори воситалари сифатини таъминлаш бўйича “GDP” ва “GSP” сертификатлари ҳамда божхона омбори, халқаро юкларни ташиш учун лицензиялар мавжуд.
Бу борадаги талабларни таъминлаш учун халқаро стандартларга мувофиқ ҳавони совутиш тизимлари ўрнатилган. Юкларни ортиш пайтида ҳам ҳарорат мўътадиллиги таъминланади. Йигирмадан ортиқ юк машиналарида ташиш хизматлари ҳам кўрсатилади. Мажмуада бундай транспортлар учун тураргоҳ ва техник хизмат ҳам ташкил этилган.
Бугунги кунда Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Германия, Польша, Франция, Венгрия, Руминия ва Туркия каби давлатлар билан логистик алоқалар ўрнатилган. Бу география йилдан йилга кенгайиб бормоқда.
Мутасаддиларга маҳсулотларни сақлаш ва расмийлаштиришда қулайликларни ошириш, таннархни камайтириб, дориларни арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Компания фармацевтика бозорини мунтазам ўрганиб, тиббиёт соҳасидаги эҳтиёжларни ҳам таҳлил қилиб боради. Натижада етказиб бериш йўналиши кўлами кенгайиб бормоқда. Ушбу корхона мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб 7 минг 500 дан ортиқ дорихонага товарлар етказиб беради. Шунингдек, онлайн дорихона хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бу борадаги ҳамкорлар сони ҳам ортмоқда.
Бу ерда “GPH Academy” лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Учта таълим даргоҳида амалий машғулот хоналари ташкил этилди. Уч минг нафар фармацевт малака ошириш курсларидан ўтди. Ўттиз нафарга яқин талаба ушбу лойиҳанинг стипендия ва грантларига эга бўлди.