Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, “Ренессанс” болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган шароитлар билан танишди.
Мамлакатимизда таълим ва ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунинг учун кўплаб ўқув муассасалари қурилиб, замонавий жиҳозланмоқда. Ёшларга умумий таълим билан бирга иқтидорига қараб ихтисослаштирилган билимлар ҳам берилмоқда. Жумладан, 14 та Президент мактаби, 201 та ихтисослашган, 2 та спорт ва 9 та ижод мактаби ташкил этилди. Улардаги ўқитиш ва баҳолаш тизими 1 минг 500 та мактабда ҳам жорий этилди.
Бунинг мантиқий давоми сифатида билимли ўқувчиларни саралаб, халқаро даражада тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Фан олимпиадалари маркази, бу йил халқаро мактаб ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, ёшларимизни Американинг “Печак лигаси” (The Ivy League) университетларига тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун миллий дастур қабул қилинди. Жорий йил дастлаб 1,5 минг нафар ўқувчи саралаб олинди. Уларга Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи бириктирилди.
Мазкур “Ренессанс” оромгоҳи ушбу тизимнинг бир қисми. Бу ерда ёшлар йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади. Яхши натижа кўрсатган 40 нафари “Печак лигаси” университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.
Оромгоҳ 500 га яқин ўқувчини қабул қилиш қувватига эга. Маъмурият, ўқув бинолари ва ётоқхонада замонавий шароитлар яратилган. Меҳмонхона, ошхона ҳамда автотураргоҳлар ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик саналади.
Ёзда ўтказилган семинарларда фан олимпиадалари ғолиблари, хорижий тил сертификатига эга ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари иштирок этди. Бу тенг имкониятлардан фойдаланган ўғил-қизлар билимини ошириб, келажагига мустаҳкам замин яратди.
Сир эмас, илгари оромгоҳларга дам олиш ва кўнгилочар маскан сифатида қаралган. Энди бундай қараш мутлақо ўзгарди. “Ренессанс” ўқувчиларнинг таълим, маънавият ва инновация майдонига айланди.
Президентимиз оромгоҳ хоналаридаги шароитларни, ёшларнинг ихтироларини кўздан кечирди.
STEAM хоналари, самолёт бошқаруви симулятори, табиий фанлар лабораториялари болаларнинг қизиқишларини амалий кўникмаларга айлантиради. Улар кутубхонада билимини, спорт майдончаларида саломатлигини мустаҳкамлайди. Санъат бурчагида санъат, адабиёт йўналишидаги машғулотлар қўллаб-қувватланади. Хушманзара табиат, дўстона муҳит ёшларнинг кайфияти, интилишини оширади.
Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон университети раҳбарияти ва битирувчилари билан ҳам мулоқот қилди.
– Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти, ғайрат-шижоати, интилиши кучли. Биз давлат бўлиб, миллат бўлиб, сифатли таълимни таъминласак, фарзандларимизга ҳеч ким бас келолмайди, улар ҳамма соҳада етакчи бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Ал-Хоразмий университети кампуси лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу ташаббус замирида ҳам ёшларнинг билимли бўлиши, иқтидори ривожланиши учун шароит яратиш мақсад қилинган. Лойиҳани самарали амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.