Чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди

10 Sen 2026

Президент Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, уларни қайта ишлаш ва электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва полигонларга юкламани камайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда замонавий технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни иқтисодий ресурсга айлантириш ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини кенг татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда 2026-2027 йилларда чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 6 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Уларнинг умумий қиймати 933 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳалар Хитой компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

1 сентябрь ҳолатига кўра, ушбу лойиҳалар доирасида 286,8 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган. Маҳаллий маҳсулот ва хизматлар хариди 76,6 миллион долларга етган. Қурилиш ишларига 2 минг нафар маҳаллий ишчи жалб этилган.

Лойиҳалар Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида амалга оширилади. Қашқадарё ва Самарқанддаги заводларни 2026 йилда, қолган ҳудудлардаги қувватларни 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Корхоналар тўлиқ ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланади ҳамда 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, “ноль чиқинди” тамойилига босқичма-босқич ўтиш, полигонларга юкламани камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш имкони кенгаяди.

Тақдимотда чиқиндилардан энергия олиш бўйича Сингапур, Жанубий Корея, Хитой компанияларининг яна 5 та истиқболли инвестиция лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Уларнинг умумий қиймати 625 миллион доллар бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида амалга оширилиши назарда тутилган.

Ушбу лойиҳалар натижасида йилига 1,9 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 635 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 500 та янги иш ўрни яратилади, 158 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниб, иссиқхона газлари ҳажми 316 минг тоннага камайтирилади.

Мутасаддилар полигонлар ва чиқинди ёқиш заводларини ташкил этиш харажатлари, ер майдонларига эҳтиёж, бюджет тушумлари ва экологик самарадорлик бўйича таққослама таҳлилларни тақдим қилди. Хорижий тажриба асосида чиқиндиларни атроф-муҳитга минимал даражада таъсир кўрсатган ҳолда ёқиш ва инвесторлар мажбуриятлари бўйича асосий шартлар кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни жадаллаштириш, инвесторлар учун зарур инфратузилма ва ташкилий шароитларни яратиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда соҳада малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу борада “Green University”, Самарқанд давлат университети ва Қарши давлат университети билан ҳамкорликда чиқинди ёқиш заводлари учун 1 минг нафар мутахассисдан иборат кадрлар захирасини шакллантириш вазифаси белгиланди.

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига бўлажак раисликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi davlat rahbarlari kengashining kengaytirilgan majlisidagi nutqi
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
O‘zbekiston Prezidenti mamlakatimizning Mustaqil Davlatlar Hamdo‘stligiga bo‘lajak raisligining ustuvor yo‘nalishlarini belgilab berdi
09. Okt 2026