Швейцариядаги ватандош: Бугунги кунда тўла шаффофлик асосида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёни ҳақиқий халқ харакатига айланди, унда жамиятимизнинг барча қатлами вакиллари онгли равишда иштирок этмоқда

23 Iyun 2022

ЖЕНЕВА, 23 июнь. Ўзбекистонда бошланган конституциявий ислоҳотларни ЮНЕСКО Бош қароргоҳида фаолият юритиб келаётган ватандошимиз – ЮНЕСКО Ташқи алоқалар бошқармаси Европа ва Шимолий Америка давлатлари бўлими бошлиғи, БМТ ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Бобир Тўхтабоев қуйидагича изоҳлади:

 

– Жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлади. Ўтган даврда Бош қомусимизга бир неча бор ўзгартиришлар киритилди, унинг бир моддалари қайта таҳрир қилинди ёки умуман янгидан ёзилди. Албатта, ҳар бир давлатнинг энг олий қонуни ҳисобланган Конституцияни тез-тез ўзгартиришдан эҳтиёт бўлиш керак. Лекин шу билан бир вақтда, бу ҳужжат тошга битилган битик эмаслигини, уни халқ иродаси, ижоди ва иштироки билан замон талабларига мослаштириш, тараққий этган дунё тажрибасининг энг илғор, энг демократик ва энг инсонпарвар тамойиллари асосида такомиллаштириш муҳим сиёсий зарурат эканлигини ҳам тан олмоқ лозим. Шу давргача Ўзбекистон Конституциясига 2003, 2007, 2008, 2011 ва 2014 йилларда ўзгартиришлар киритилган. Аммо ҳозирги конституциявий ислоҳотлар ўзининг мақсади, моҳияти ва амалга оширилиш шакли билан аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Шу жиҳатдан, қуйидаги учта асосий фарқ қилувчи омилни алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, Конституцияни ислоҳ этиш ғоясини илк бор халқ маслаҳатига таклиф этган Президентимиз Шавкат Мирзиёев Асосий қонунимизни такомиллаштириш бўйича ўзининг бир неча таклифини киритди. Бу кенг қамровли таклифлар давлат бошқаруви, ташқи ва ички сиёсат, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик, жамият ва оила институтлари, таълим, тиббиёт, экология каби кўплаб муҳим жабҳаларга тааллуқлидир. Шу билан бир қаторда, конституциявий ислоҳотлар Комиссиясининг фаол иши натижасида кенг жамоатчиликдан ҳам минглаб таклифлар келиб тушмоқда. Бу таклифлар ва ҳаракатларнинг замирида фақат бир мақсад – ўзбек жамиятида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини энг олий устуворлик даражасига олиб чиқишдир. Аввалги ўзгартиришлар кўп ҳолларда жамият бошқаруви ва давлат тизимини мустаҳкамлашга интилган бўлса, ҳозиргиси инсон манфаатларини улуғлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган.

Иккинчидан, аввалги конституциявий ўзгартиришлар жараёнларида халқнинг иштироки чекланган эди. Аҳолининг катта қисми Бош қомусга кандай ўзгартиришлар киритилганидан кўпинча хабарсиз қолган вазиятлар ҳам бўлган. Билганлар ҳам кўп ҳолларда бу ўзгартиришлар нима учун, қайси мақсадда амалга оширилганлиги билан қизиқиб ҳам кўрмасди. Бугунги кунда тўла шаффофлик асосида амалга оширилаётган конституциавий ислоҳотлар жараёни эса ҳақиқий халқ харакатига айланди, унда жамиятимизнинг барча қатлами вакиллари онгли равишда иштирок этмоқда.

Учинчидан – шахсан мен учун ҳам муҳим жиҳати – ҳозирги конституциявий ислоҳотларнинг муҳокама қилиш жараёнида хорижда яшаётган ватандошларимизнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бундай эътибор аввалги конституциявий ўзгартиришлар жараёнларида мутлақо кузатилмаган эди. Бугунги дунё ниҳоятда глобаллашиб кетди. Эндиликда миллионлаб юртдошларимиз чет элларда ўқиб, фаолият юритиб келмоқда. Мана шу миллионлаб ўзбекистонликларнинг ҳам Ватанимизда кечаётган тарихий ўзгаришлар ҳақида ўз фикрларини айтишга, ўзларини бу муҳим жараёнларнинг бевосита иштирокчиси этиб ҳис қилишга ҳақлари бор. Бу йирик қадамни мен сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли сиёсий-ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим ижобий натижаларидан бири, деб ҳисоблайман.

Фикримнинг ниҳоясида, давлат раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Конституцияга чет давлатларда яшаётган ва ишлаётган фуқаролар ҳақида давлатнинг ғамхўрлик қилишига оид қоидани киритиш ҳақидаги таклифига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бундай эътироф хорижда меҳнат фаолияти билан машғул миллионлаб юртдошларимизни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман. Давлатимизнинг ўз фуқароларига кўрсатаётган бундай эътибори ва ғамхўрлиги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан тез орада ўзининг ижобий натижаларини беришига ишончим комил.

Related