ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ДИПЛОМАТИЯСИ: ЖАДАЛ ВА САМАРАЛИ ҚАДАМЛАР

22 Yan 2025

Ўтган йил жонажон Ватанимиз учун ниҳоятда баракали бўлди. Юртимиз ҳаётида юз бераётган беқиёс ва шиддатли ўзгаришлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, 2024 йил ҳар томонлама самарали, хосиятли ва файзли бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Бунда ўзига яраша бир ҳаётий ҳақиқат бор, деб ҳисоблайман; бу халқимиз шууридан чуқур жой олган Янги Ўзбекистон ғояси ҳар биримизни улуғ мақсадлар сари руҳлантиргани, умуммиллий ҳаракатга айланганидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасида жамулжам бўлмоқда”.
Янги Ўзбекисон ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни теран таҳлил қилар эканмиз, ўтган йили ҳам юртимизнинг дунёда рақобатбардош давлат ва ишончли ҳамкор сифатидаги обрў-эътибори янада юксалгани ва айниқса, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик конструктив ташаббусларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан якдил қўллаб-қувватланганига амин бўламиз.
Буни мен шахсан давлатимиз раҳбари – Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эзгу ғоя ва ташаббусларнинг ҳаётбахш самараси деб биламан.
Сўзимнинг тасдиғи сифатида янги – 2025 йил муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига энг илғор хорижий давлатлар, парламентлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар раҳбарлари, таниқли сиёсатчилар, жамоат ва дин арбобларидан самимий табрик ва тилаклар келганини мисол келтиришни лозим, деб топдим.
Хорижий давлатлар бошлиқлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ўз қутловларида Ўзбекистон Президенти ва кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, бахт-саодат, фаровонлик, катта муваффақиятлар ва равнақ тилакларини изҳор этмоқдалар.
Бундан саккиз йил муқаддам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган очиқ, прагматик, конструктив, фаол ва тинчликсевар ташқи сиёсат 2024 йилда ҳам ўзининг самарарали натижасини берди, деб баралла айта оламиз.
Халқаро ташкилот ва чет давлатлар раҳбарларининг Янги йил муносабати билан юборган табрикномаларида Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва тараққиёт суръати жадал тус олаётгани, халқ учун муносиб ҳаёт шароити яратилаётгани юксак баҳолаши ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевни жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби, деб эътироф этиши ҳам бежиз эмас.
Шу маънода, якунига етган йилда Янги Ўзбекистон олиб борган фаол ташқи сиёсат сарҳисобини холис таҳлил қилар эканмиз, шубҳасиз глобал миқёсда шиддатли ўзгаришлар юз бераётган ва янги синов ва таҳдидлар шароитида Янги Ўзбекистон дипломатиясининг мамлакатимиз иқтисодий ва сиёсий қудратини янада юксалтириш, миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш, жаҳон ҳамжамиятида ижобий халқаро имижини мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ бўлган ютуқларига гувоҳ бўламиз.
Бунда, сўзсиз, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат фаолият концепциясининг бош муаллифи – бутун умрини халққа фидокорона хизмат қилишга бағишлаган муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг азму шижоати, метин иродаси, энг муҳими, халқимизнинг ёрқин келажагига бўлган комил ишончи ўз инъикосини топган.
“Янги Ўзбекистон” ғояси замирида миллий давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибаси, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона муносабатларини тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш тамойиллари мужассамдир. Яъни Ўзбекистон мазкур стратегик принципларга содиқ қолиб, ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини доим тўлиқ бажариб келмоқда.
Ўтган йил, халқаро ҳаётдаги мураккаб ва зиддиятли ўзгаришларга қарамай, Янги Ўзбекистон халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принципларига содиқлигини тасдиқлади. Шунингдек, мамлакатимиз ташқи муносабатларни ҳар доим ва барча давлатлар билан ўз миллий манфаатларини ҳам, жаҳон тараққиёти тенденцияларини ҳам ҳисобга олган ҳолда ривожлантиришга тайёр эканини амалда кўрсата олди.
“Халқаро муносабатлар моҳияти ва мазмуни тубдан ўзгараётган, жаҳонда кучларнинг янги нисбати шаклланаётган ҳозирги замонда, ҳар бир ишимизда, қабул қилаётган барча қонун ва қарорларимизда фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаатлари энг устувор ўринда туриши шарт”, деб таъкидлайди давлатимиз раҳбари.
Миллатимиз сардори олиб бораётган ташқи сиёсатнинг туб фалсафий мақсади – ҳар қандай вазиятда халқнинг олий манфаатларини ҳимоя қилишдир. Бинобарин, “Менинг энг катта мақсадим – халқимни рози қилиш, бахтли кўриш”, – деб таъкидлаши замирида теран маъно бор, албатта.
Шу сатрларни ёза туриб, ёдимга, беихтиёр, буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг идеал давлатни “фалсафий ҳукмдор” бошқариши кераклигини таъкидлаб, “Ҳукмдор зоҳиран халқ билан, ботинан ҳақ билан бўлиши лозим” деган сўзлари келди. Мутафаккир аллома Мир Алишер Навоий ҳам ўзнинг беназир асарларида инсон ва унинг тақдири, халқ ва унинг манфаатлари йўлида ғамхўрлик киладиган ҳукмдорни улуғлаб келгани ҳам айни ҳақиқатдир.
Шу жиҳатдан, Шавкат Мирзиёев, қайси халқаро анжуманларда иштирок этмасин, қайси давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот қилмасин, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи, глобал даражада фикровчи давлат арбоби, халқаро даражадаги ўта мураккаб масалаларни ижобий ҳал этиш борасидаги илғор ташаббуслари, ва айниқса серғайратли экани ва қолаверса, самимий инсон сифатидаги эзгу ҳислатлари билан барча суҳбатдошини ҳайратда қолдира олади.
Шу ўринда рақамларга мурожаат этайлик. Масалан, ўтган 2024 йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев 17 та халқаро ташрифни амалга оширди, Хорижий ташрифлар доирасида 100 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказди.
Президент 2024 йилда 140 дан ортиқ халқаро тадбирларда иштирок этди. 264 тадан ортиқ икки ва кўп томонлама халқаро шартнома ва ҳужжатлар имзоланди. Икки ва кўп томонлама халқаро тадбирлар доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар 2000 дан ортди, инвестиция лойиҳалар ва савдо битимлари қиймати қарийб 120 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Шавкат Мирзиёев феноменига Режеп Таййип Эрдоған – Туркия Республикаси Президенти шундай таъриф берганди: “Қадрли қардошим, Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон минтақавий ва глобал сиёсатдаги аҳамияти кун сайин ортиб бормоқда. Бу бизга чексиз қувонч бағишлайди. Ўзбекистон давлати раҳбарини самимий дўст ва ҳар томонлама стратегик ҳамкор деб биламан”.
Янги Марказий Осиё:
минтақавий ҳамкорликнинг самарали модели
Бугун Янги Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан унумли ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш давлатимиз ташқи сиёсатининг эътибор марказидадир.
Чет эллик таниқли экспертларнинг эътироф этишича, сўнгги йиларда Марказий Осиё – том маънода хавфсизлик, изчиллик ва барқарор ривожланиш минтақасига айланиб, халқаро ҳамкорлар учун жозибадорлиги тобора ортиб бормоқда.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш зарурки, муҳтарам Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига кириши биланоқ Марказий Осиёни ташқи сиёсатимизнинг энг устувор йўналиши деб белгилади. Шу асосда қўшниларимиз билан дўстона муносабатлар тубдан яхшиланди.
Бугун Янги Марказий Осиё ҳақидаги орзуси бугун реал ҳақиқатга айланмоқда. Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Бугунги ноёб тарихий имкониятлар асосида Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорлик, хавфсиз ва барқарор тараққиёт маконига айланмоқда.
Шу жиҳатдан, ўтган йилда давлатимиз раҳбарининг қўшни давлатларга 7 маротаба ташриф буюргани ҳам бежиз эмас.
Масалан, ўтган 2024 йил август ойида Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлди. Ўзбекистон раҳбари биргаликдаги тизимли ва амалий саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини иттифоқчилик муносабатларидек энг олий босқичга олиб чиқишга эришилганини барча хорижий сиёсатчилар юқори баҳолади.
Музокаралар чоғида, биринчидан, парламентларнинг икки палатаси иштирокида Парламентлараро форум ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Иккинчидан, ҳамкорликнинг яна бир янги замонавий шакли – Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Учинчидан, ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 2024-2034 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинди.
Энг муҳими, авваллари давлатлараро муносабатлар ривожига тўғаноқ бўлиб турган трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида иштирок этди. Сўнгги йилларда анъанага айланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлардаги самимий мулоқотлар, илгари сурилган муҳим ташаббуслар, амалга оширилган кўп томонлама лойиҳалар минтақа қиёфасини тубдан ўзгартирди.
Ўзаро савдо, инвестиция, юк ташиш, фуқароларнинг ташрифлари ҳажми бир неча баробар кўпайди. Хорижий шериклар томонидан амалий қизиқиш ортди. “Марказий Осиё плюс” форматидаги турли учрашувлар шундан далолат беради.
Мазкур учрашувларда давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Биринчидан. Иқтисодий кенгаш учрашувларни мунтазам йўлга қўйиш.
Иккинчидан. Саноат кооперациясини ўзаро қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш. Шунингдек, Марказий Осиё инвестиция кенгашини таъсис этиш.
Учинчидан. Инновацион ривожланиш банкини ташкил этиш, қўшма инвестиция форумларини мунтазам ўтказиб бориш.
Тўртинчидан. Транспорт ва транзит тўғрисидаги битимни қабул қилиш, транспорт вазирликлари, ташувчилар ва экспедиторлар, логистика компаниялари ва мутахассислар иштирокида Экспертлик конференциясини ўтказиш.
Бешинчидан. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аграр ишлаб чиқаришнинг инновацион усуллари, сув тежовчи технологияларни жорий этиш каби қатор ташаббусларни билдирди.
Давлатимиз раҳбари глобал даражадаги анжуманларда нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиздаги давлатлар манфаатларини илгари суриб келмоқда. Масалан, Шавкат Мирзиёевнинг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг IX йиллик йиғилишидаги нутқи юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Ҳозирги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, минтақада йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда.
Ўзбекистон раҳбари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитида ҳам минтақада барқарор ривожланиш масалалари устида алоҳида тўхталиб, Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича ўз қарашларини баён этди.
Биринчи йўналиш. Устувор соҳаларда дастурий тадбирларни қамраб олган, узоқ муддатга мўлжалланган Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш таклиф этилди. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун “Марказий Осиё – Германия” таҳлил марказлари форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқиш ва унинг биринчи мажлисини 2025 йили немис-меннонитларининг катта жамоаси яшаган минтақадаги қадимий шаҳарлардан бири – Хивада ўтказиш масаласи ўртага ташланди.
Иккинчи йўналиш. “Марказий Осиё ва Германия” инвестор ва тадбиркорлари кенгашини ишга тушириш. Унинг биринчи учрашувини 2025 йили Ўзбекистонда, Тошкент инвестиция форуми доирасида ўтказиш; инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги кўп томонлама ҳукуматлараро битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш.
Учинчи йўналиш. Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида муҳим хомашё ресурслари соҳасида шерикликни ривожлантириш. Бу ўринда сўз Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига маҳсулот етказиб беришни ташкил этиш борасидаги лойиҳалар ҳақида бормоқда.
Тўртинчи йўналиш. Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан Энергетика соҳасидаги мулоқотини йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқиш.
Бешинчи йўналиш. Иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш. Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университети базасида қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашувларни амалга ошириш.
Олтинчи йўналиш. Транспорт коммуникациялари, шу жумладан, ер усти ва ҳаво ташувлари яхши ривожланмагани ҳамкорликни ривожлантиришда энг катта тўсиқ бўлаётгани сабабли Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш борасида қўшма конференция ўтказиш таклиф этилди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон муҳим глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш, уларга ижобий ечимлар топиш борасида халқаро мулоқот платформасига айланиб бормоқда.
Шу ўринда, хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни минтақада ишончли кўприк ўрнатувчи ташаббускор, тинчлик элчиси, деб атагани, Европа кенгаши раиси Шарль Мишелнинг Ўзбекистон давлати раҳбари минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўплаб ташаббус ва ғоялар генератори бўлаётганини алоҳида қайд этгани эътиборга лойиқдир.
Хорижий матбуотда таниқли халқаро сиёсатчилар томонидан, хусусан глобал ва минтақавий муаммоларни оқилона ҳал қилишда муҳтарам Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсатдан андоза олиш ва уларни чуқурроқ ўрганиш, таҳлил қилиш ва халқаро амалиётда қўллаш лозимлиги алоҳида қайд этилмоқда.
Ўзбекистон ва БМТ:
глобал муаммолар ечими йўлида муваффақиятли ҳамкорлик
Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан глобал муаммоалр ечими масалаларида самарадор ҳамкорликни ривожлантирмоқда. БМТ доирасида мамлакатимиз томонидан 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларнинг ўзида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 11 та махсус резолюцияси қабул қилинди.
2024 йилнинг ўзида БМТ Бош котибининг бешта ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мамлакатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарманинг ваколатхонаси иш бошлади.
Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. 2025 йилда Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари – Шавкат Мирзиёевнинг энг нуфузли халқаро саммитларда илгари сурилган глобал аҳамиятга молик ташаббуслар БМТ томонидан олқишланмоқда.
Масалан, ўтган йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитида 200 дан ортиқ мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этди. Мазкур энг нуфузли саммитда давлатимиз раҳбари – Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда бартараф этишда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдириб, қуйидаги муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Биринчи ташаббус: ривожланаётган мамлакатларга иқлим хатарларини аниқлаш учун етакчи давлатлар ва халқаро институтларнинг техник кўмагини кенгайтириш мақсадда Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этиш.
Иккинчи ташаббус: БМТ шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни ишлаб чиқиш.
Учинчи ташаббус: денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун Ўзбекистонда БМТнинг инновацион агросаноат хабини яратиш.
Тўртинчи ташаббус: иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши бўйича илғор билим ва амалиётлар трансфери учун Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш ва унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказиш каби таклифлар иштирокчи давлатлар томонидан қизғин маъқулланди.
Хорижий давлатлар раҳбарлари ва экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг саммитдаги фаол иштироки алоҳида эътироф этилгани, Шавкат Мирзиёевнинг глобал аҳамиятга молик ташаббусларни илгари сургани ва улар ўз навбатида барқарор амалиётни ривожлантиришга кучли туртки бергани, халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар очгани жаҳон ҳамжамияти учун фавқулодда муҳим воқеа бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича мазкур конференсияси доирасида бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан ўндан ортиқ музокаралар ўтказгани ва улар давомида хусусан, Оролбўйи ҳудудини тиклаш масалалаларини муҳокама қилгани, 2025 йилда Ўзбекистонда Глобал экологик фонд донорларининг йирик халқаро тадбирларни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилгани хориж матбуоти томонидан алоҳида эътироф этилди.
Прагматик ва кўп векторли ташқи сиёсат – Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўналиши

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида давлат ўз халқи фаровонлиги йўлида фақат ва фақат миллий манфаатларга асосланган прагматик ва кўп векторли ташқи сиёсатни олиб боришда давом этади, деб қайд этилган.
Ҳамкор мамлакатлар билан ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, улар билан икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиш, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамда турли даражадаги маслаҳатлашувларни ташкил этиш ўтган йилда ҳам ўз самарасини берди.
Ушбу йўналишда ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида “Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш” шиори остида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг саммитидаги самарали иштироки мамлакатимиз ташқи сиёсати тарихига абадий муҳрланди.
Биз бундан беш йил муқаддам Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб кирган мамлакатимиз ўтган қисқа даврда 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳам корликни йўлга қўйди.
Мазкур нуфузли Саммитда Ўзбекистон давлати раҳбари Туркий дунёдаги бирлик ва интеграцияни ривожлантириш, дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш, савдо ва транспорт соҳасида халқаро коридорлар имкониятларидан янада унумли фойдаланиш, муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатор ташаббуслари иштирокчи давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланиши Янги Ўзбекистон ўзбек дипломатиияснинг яна бир ютуғи бўлди, дейиш мумкин.
Ўтган йилда Ўзбекистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти, БРИКС каби халқаро стратегик платформалар доирасида ҳам ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва кўп томонлама савдони ривожлантириш, минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий муаммоларни халқаро миқёсда муҳокама қилишда ўз позициясини янада кучайтирди.
Масалан, 2017 йилда Ўзбекистон расман МДҲнинг сиёсий-дипломатик фаолиятида иштироки тамойилларни янада аниқлаштириб, иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга урғу берди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон МДҲ ва унинг тузилмаларида фаол иштирок этиб, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари суриб келмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг октябрь ойида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Кенгашда давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йилнинг баҳорида Тошкент шаҳрида “Иннопром” халқаро саноат кўргазмаси доирасида МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши ва Инновацион ривожланиш форумини ўтказиш таклиф этилди.
Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари экспертлари ва таҳлилчиларининг учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда навбатдаги конференцияни Самарқанд шаҳрида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказиш борасидаги ташаббуси мамлакатларнинги иқтисодий, илмий ва маданий тараққиётнинг келажакдаги муваффақияти учун муҳим қадам бўлди. Негаки, сунъий интеллектни жорий қилиш соҳасидаги ўзгаришлар мамлакатларнинг глобал рақобатбардошлигини оширишга, ёшларга илмий ва техник таълим бериш соҳасида муҳим имкониятларни яратишга ёрдам беради.
Мамлакатимизнинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилотидаги иштироки алоҳида диққатга сазовордир. ШҲТ маданий-цивилизациявий ва миллий тараққиёт моделлари турлича бўлган мамлакатларни бирлаштирган ўзига хос халқаро тузилмадир. Бугун ШҲТ ҳамжамияти – улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотдир. Ташкилотнинг бош мақсади – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни ривожлантириш.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда “Ташкилот сохта сиёсий ва мафкуравий қарашлардан холи бўлган кенг кўламли ҳамкорликни ўрнатишга интилаётган кўплаб мамлакатларни ўзига тортадиган марказ бўлиб қолмоқда”.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган 2024 йилнинг июль ойида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида глобал ва минтақавий хавфсизликка хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик, “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтириш, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш зарурлигига барча давлат раҳбарларининг эътиборини қаратгани ва стратегик ҳамкорликни юксалтириш бўйича 10га яқин конструктив ташаббуслар таклиф этгани шерикликнинг янги моделларини шакллантириш ва ШҲТ доирасида барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқишга асос бўлди, дейиш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг “БРИКС плюс” форматидаги Саммитда барқарор тараққиётнинг умумий мақсадларига эришишда ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, айниқса радикаллашув ва экстремистик ғояларнинг, аввало, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш борасидаги таклиф ва мулоҳазалари Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан маъқуллангани давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилди.
Ўзбекистоннинг фаол ва прагматик ташқи сиёсати туфайли мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига айланмоқда. Бунга яна бир мисол. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2025 йилда Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган.
Қайд этиш лоўимки, жаҳондаги 180 мамлакат парламентини бирлаштирган ушбу нуфузли тузилма ўзининг олий органи ассамблеяни парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси мавжуд бўлган мамлакатларда ўтказади. Ассамблеянинг илк бор Марказий Осиё минтақасида, Ўзбекистонда ўтказилиши эса Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, парламентаризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Замонавий дипломатиянинг янги шакли
Бугунги кунда давлатлар раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари замонавий дипломатиянинг янги ва муҳим элементига айланган. Зеро, бу долзарб халқаро масалаларни муҳокама қилиш, муҳим сиёсий, иқтисодий муаммолар борасидаги позицияларни зудлик билан келишиш учун фаол фойдаланиладиган замонавий ва тезкор алоқа шаклидир.
Бундай суҳбатлар давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро муносабатларнинг янада ривожланишига ижобий таъсир қилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг замонавий дипломатининг янги шаклидан фойдаланишини таҳлил қилар эканмиз ўтган 2024 йил давомида хорижий давлатлар етакчилари билан 44 маротаба телефон орқали мулоқот қилганининг гувоҳи бўламиз.
Масалан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2024 йил март ойида БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали самимий мулоқот қилди. Мулоқот даврида Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бугунги кунда юксак даражага чиққани катта мамнуният билан қайд этилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Амалий ҳамкорликни барча йўналишларда фаоллаштириш масалалари бўйича амалий фикрлар алмашилди.
Қайд этиш лозимки, бугун Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бундан ташқари, юқори технологиялар, энергетика, геология, қишлоқ хўжалиги, туризм, IT, инфратузилма, логистика ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Масалан, 2024 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия, Беларусь, Эрон, Туркия, Озарбайжон ва қўшни давлатлар президентлари, Малайзия ва Япония Бош вазирлари каби қатор хорижий давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари билан қилган телефон мулоқотлари замирида ягона мақсад ётади. Бу ҳам булса, Янги Ўзбекистон келажаги, халқимиз манфаати йўлида хорижий давлатлар билан долзарб сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий масалаларни тезкорлик билан муҳокама қилишдир.
Яна бир гап. Давлатимиз раҳбари телефон мулоқоти орқали хорижий сафарда ёки Олимпия мусобақаларида бўлган бўлган фуқароларимизнинг холидан хабар олади, улар билан бирма-бир шахсан суҳбатлашади, спортчиларимизга зафарлар тилайди.
Масалан, 2024 йилнинг май ойида Шавкат Мирзиёев Мусулмонлар идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ҳаж сафарида бўлган қарийб 12 минг нафар зиёратчилар учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида қайғуриб сўради. Давлатимиз раҳбари юртдошларимиз муқаддас Ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, соғ-омон келишларини тилади.
Бу каби ўнлаб мисоллар эса, ўзбек халқининг Шавкат Мирзиёевдек жонкуяр ва юксак инсоний фазилатлар соҳиби бўлган буюк раҳбари борлигидан далолат беради ва қалбимизга чексиз фахр ва ғурур бағишлайди.
Мухтасар хулоса ўрнида айтиш мумкинки, келтирилган ушбу қисқа мисолларнинг ўзи ҳам Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсат ва кўпқиррали ташқи иқтисодий фаолиятни самарали амалга ошираётганидан далолат беради. Зеро, Янги Ўзбекистон дипломатияси тамойили халқаро муносабатларда умумбашарий, минтақавий ва миллий даражадаги муаммоларни ҳал этиш, таҳдидларни бартараф қилиш, барқарор ривожланишни таъминлашда ташаббускор бўлишни ҳам назарда тутади.

А.Х. Саидов
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари
Қўмитаси аъзоси

Related