Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари иштирокчиларига

11 Iyun 2024

Қадрли меҳмонлар!

Азиз ватандошлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, бугунги улкан воқеа – Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунларининг тантанали очилиши билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Сизларга яхши маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб, мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.

Буни барча соҳалар қатори маданий-гуманитар йўналишдаги алоқаларимиз ҳам изчил ривожланиб бораётгани мисолида барчамиз яққол кўриб турибмиз.

Озарбайжон Республикаси Президенти, азиз қардошим Илҳом Гейдарович Алиев билан келишувларимиз асосида ўтган йили Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари, шу йил январь ойида эса Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари юксак савияда ўтказилди.

Қадимий Озарбайжон заминида ўзбекистонлик илм-фан ва маданият намояндалари катта ҳурмат-эътибор билан кутиб олингани, бу диёрда бўлиб ўтган қизғин ва самимий учрашув ва мулоқотлар, ҳеч шубҳасиз халқларимиз ўртасидаги азалий қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Биз Ўзбекистонда ўтказилаётган Халқаро мақом санъати анжумани, Бахшичилик ва “Лазги” фестиваллари ҳамда бошқа йирик маданий тадбирларда Озарбайжон ижодкорлари мунтазам иштирок этиб келаётганини юксак қадрлаймиз.

Озарбайжонда миллий муғом санъати бўйича бўлиб ўтадиган анъанавий фестивалга ўзбек санъаткорлари доимий таклиф этиб борилаётгани алоҳида диққатга сазовордир.

Бугун мамлакатимизда катта шоду хуррамлик билан бошланаётган Озарбайжон маданияти кунлари қардош озар заминида бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунларининг узвий давомидир.

Ишончим комил, бизнинг санъатсевар халқимиз орзиқиб кутган ушбу маданият кунлари қардошларимизнинг қадимий ва бой маданияти, санъати, адабиёти, миллий анъана ва қадриятлари билан янада яқинроқ танишиш учун қулай имкониятлар берадиган гўзал бир анжуман бўлади.

Сиз азиз, Озарбайжон маданияти кунларининг барча иштирокчиларини яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, юксак ижодий парвозлар тилайман.

Сизлар ушбу маданият ва санъат байрами доирасида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар билан халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти билан янада яқинроқ танишасизлар, деб ишонаман.

Қардошларингиз диёри – Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Related