Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари музокаралар якунларини сарҳисоб қилдилар

02 Iyul 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Ўзбекистон Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Озарбайжонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ва мамлакат эришаётган юксак натижалардан чин дилдан хурсанд эканини таъкидлади.

– Сиз отангиз ва ҳар бир озарбайжонликнинг азалий орзусини рўёбга чиқардингиз – мамлакат ҳудудий яхлитлигини тикладингиз. Қайтариб олинган ҳудудларнинг иқтисодиёти ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб боряпсиз,  деди мамлакатимиз етакчиси.

Озарбайжон Ўзбекистоннинг ишончли иттифоқчиси ва стратегик шериги экани таъкидланди. Бизнинг мақсадларимиз, қарашларимиз ва интилишларимиз ўхшаш. Халқларимизни азалдан қардошлигимиз ва ўзаро ишончимиз асосини ташкил этаётган тарих, қадриятлар, тил ва маданият боғлаб турибди.

Давлатимиз раҳбари бугун бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгаш иккинчи йиғилишининг самарали натижаларини, унинг якунида муҳим қарор ва келишувлар қабул қилинганини юксак баҳолади.

Бу галги саммитга жиддий тайёргарлик кўрилгани таъкидланди. Биринчи Парламентлараро форум, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар ва ректорлар форумлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Музокараларда икки мамлакат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани кенг кўламда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро майдонда яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилиш тасдиқланди. Кўплаб долзарб глобал ва минтақавий муаммолар бўйича позициялар мос келиши қайд этилди. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон барча ўткир муаммо ва зиддиятларни фақат тинч йўл билан, дипломатик саъй-ҳаракатлар орқали ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади.

Музокаралар чоғида икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажмини яқин йилларда 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма амалий чоралар кўришга келишиб олинди. Савдо ва кооперацияни рағбатлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди.

Президентимиз таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамкорликнинг амалдаги форматлари кенгайтирилади ва янги форматлари йўлга қўйилади. Гап Тадбиркорлар кенгашини тузиш ҳамда Саноат ва иқтисодий зоналар форумини ўтказиш ҳақида бормоқда.

Етакчилар транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратдилар. Бугунги кунда мамлакатларимизни боғлайдиган ва бошқа стратегик йўналишларга чиқиш имконини берадиган Ўрта йўлак фаол ривожланаётгани таъкидланди. Хусусан, баҳордан бошлаб ушбу йўлакда электрон рухсатномалар ишга туширилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон юкларини ташиш ҳажми 25 фоизга ошди. Уларнинг йиллик ҳажми бир миллион тоннадан ортди.

Европага «яшил» энергия экспорти бўйича қўшма лойиҳани илгари суришда эришилган ютуқлар қайд этилди.

Бундан ташқари, бугун Боку шаҳрида «Ўзбекистон» боғи қурилишига старт берилади ва мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчихонасининг янги биноси очилади.

Шулар билан бир вақтда Ўзбекистонда бўлажак «Озарбайжон» боғи ва ноёб «Sea Breeze» сайёҳлик мажмуаси лойиҳалари фаол тайёрланаётгани таъкидланди.

Жорий йилда икки қардош мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланиши муносабати билан ушбу муҳим санага бағишланган йирик тадбирлар, концертлар ва ёшлар форумларини биргаликда ўтказишга келишиб олинди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ҳамкорликка оид қўшма лойиҳа ва дастурларни қўллаб-қувватлаётгани учун озарбайжонлик ҳамкасбига миннатдорлик билдирди. Озарбайжонга бу галги давлат ташрифи натижалари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, қардош мамлакатлар ва халқларнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Related