Ўзбекистон муҳим фойдали қазилмалар соҳасида халқаро майдонда ўз мавқеини жадал мустаҳкамламоқда. Соҳанинг етакчи корхонаси – “Ўзбекистон технологик металлар заводи” (ТМК) мамлакатимизни жаҳон ҳамкорлигининг асосий марказларидан бирига айлантирмоқда.
ТМКнинг Канадада жойлашган Критик минераллар институтига (КМИ) расмий кириши муҳим қадамлардан бири бўлди.
КМИ саноат корпорациялари, давлат идоралари, тадқиқот марказлари ва инвесторларни бирлаштирган глобал миқёсдаги интеллектуал ва стратегик марказдир. Бу ерда “келажакнинг ресурс харитаси” шакллантирилмоқда. Бу йил КМИ томонидан эълон қилинган 23 та муҳим минераллар рўйхати аллақачон кўплаб мамлакатларда технологик ривожланиш ва саноат сиёсати учун эталонга айланди.
“Биз ТМК учун Канада ва АҚШнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда кўприк бўла оламиз. Шимолий Америка компаниялари ҳам Ўзбекистондек ишончли ҳамкорга муҳтож”, – деди КМИ бош директори Трейси Хьюз.
КМИга аъзолик Ўзбекистон учун қўйидаги афзалликларни тақдим этади:
– АҚШ, Канада, Австралия, Европа ва Осиёнинг ресурс стратегиялари бўйича тезкор ва ишончли маълумотларни олиш;
– Ўзбекистонда қазиб олинган нодир элементларни халқаро етказиб бериш занжирларига киритиш;
– технологиялар трансфери ва инвестицияларни жалб қилиш платформаларига кириш;
– бозор тебранишлари, сиёсий қарорлар ва технологик инновациялар таҳлили билан ҳафталик “Муҳим минераллар ҳисоботи” ни олиш.
Ушбу қадам туфайли ТМК нафақат Ўзбекистон манфаатларини жаҳон бозорида фаолроқ илгари суриш, балки минтақавий барқарорлик ва глобал таъминот хавфсизлиги масалалари бўйича позицияларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин бўлади.