Ўзбекистон делегацияси Францияда жаҳон мероси объектларини сақлаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганмоқда

02 Iyun 2022

ПАРИЖ, июнь.  Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов,  Шаҳрисабз музейи директори Наби Хушвоқов ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги бўлим бошлиғи Алибек Расуловдан иборат Ўзбекистон делегацияси 31 май куни Франция пойтахтига келди,  деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Делегация сафар давомида Франция Маданият вазирлиги, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси марказида учрашувлар ўтказди. Париждаги жаҳон мероси объектлари ва  Франция Марказий архиви фаолияти билан танишди.

Музокаралар чоғида маданий мерос объектларини сақлаш, тиклаш ва тарғиб қилиш бўйича Франциянинг илғор тажрибаси ўрганилди, бу соҳаларда миллий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда техник кўмак олиш имкониятлари муҳокама қилинди. ЮНЕСКО томонидан Шаҳрисабзда Жаҳон меросини тиклаш лойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Франция агентликлари ва ЮНЕСКО билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муайян ҳаракатлар режасини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойлар бўйича халқаро кенгашда (ЮНЕСКО маслаҳат органи) ҳам учрашувлар ўтказади, шунингдек, жаҳон мероси объектларини тиклаш бўйича Франциянинг бир неча институтлари фаолияти билан танишиш ҳам  режалаштирилган.

Мамлакатимиз делегациясининг Францияга сафари эртага якунланади.

Related