Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
«Остона арена»да бўлиб ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Татаристон Раиси Рустам Минниханов ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Мусобақада дунёнинг 90 га яқин давлатидан 2 мингдан ортиқ спортчи, жумладан, Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Ҳамюртларимиз кураш, алиш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, пойга, паҳлавонлар беллашуви каби йўналишларда куч синашади.
Иштирокчиларга кўчманчи халқларнинг бой маданияти ва тарихи, анъана ва урф-одатларига бағишланган театрлаштирилган томошаси намойиш этилди.
Маросимдан сўнг давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистоннинг Бош вазири Олжас Бектенов кузатиб қўйди.