Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайсни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, барча даражаларда алмашинувлар фаол давом этаётгани таъкидланди. Хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Кейинги 5 йилда товар айирбошлаш 2 баравар ошди. Лондон фонд биржасида Ўзбекистоннинг 15 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги суверен ва корпоратив облигациялари жойлаштирилди. Ўтган йили Қўшма иқтисодий қўмита механизми ишга тушди.
Британиялик ҳамкорлар билан биргаликда Президент мактаблари ташкил этилди ва учта қўшма университет муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюраётган британиялик сайёҳларнинг сони ортиб бормоқда.
Суҳбат давомида энергетика, молия, геология, транспорт, кимё, фармацевтика, фан ва таълим соҳаларида янги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
