Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири муносабатларни янги даражага олиб чиқишга келишиб олдилар

30 Avg 2026

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Нарендра Моди давлатимиз раҳбарини Мустақиллик куни билан табриклаб, халқимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Фаол ва самарали мулоқотлар турли даражаларда давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони етти баробарга кўпайди. Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри парвозлар амалга оширилмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг тўртта университети фаолият юритмоқда.

Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази ва Маҳатма Ганди номидаги Ҳиндшунослик маркази муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистонда йога тобора оммалашиб бораётгани ва ушбу соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланаётгани қайд этилди.

Мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Бу Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларида янги босқични бошлаб бериши ва барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилди.

Томонлар сиёсий мулоқот ва алмашинувларни барча даражаларда, шу жумладан, парламентлардаги дўстлик гуруҳлари, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши доирасида фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Ҳамкорликни самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасида мувофиқлаштирувчи механизмни таъсис этиш кўзда тутилди.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олдилар.

Саноат кооперациясини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик саноатида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юқори баҳоланди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Андижон вилояти ва Гужарат штати, Фарғона вилояти ва Ҳарьяна штати, Самарқанд вилояти ва Агра ўртасида яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, форумлар ва кинофестивалларни мунтазам ўтказиб бориш бўйича келишувга эришилди. Ташриф доирасида Маданий алмашинув бўйича беш йиллик дастурни имзолаш кўзда тутилган.

Музокаралар давомида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Етакчилар халқаро тузилмалар доирасидаги самарали ҳамкорликни мамнуният билан қайд этдилар. Томонлар БМТ, ШҲТ, БРИКС ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида илгари сурилаётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Учрашув якунида вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшма лойиҳа ва дастурларнинг фаол илгари сурилишини таъминлаш топширилди.

Ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатларини ўз ичига олган тегишли “йўл хариталари” ишлаб чиқилади.

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига бўлажак раисликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi davlat rahbarlari kengashining kengaytirilgan majlisidagi nutqi
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
O‘zbekiston Prezidenti mamlakatimizning Mustaqil Davlatlar Hamdo‘stligiga bo‘lajak raisligining ustuvor yo‘nalishlarini belgilab berdi
09. Okt 2026