Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP29 саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис билан учрашув ўтказди.
Суҳбатда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва амалий алоқаларни ривожлантириш масалалари, айниқса, сиёсий ҳамда савдо-иқтисодий соҳалардаги муносабатлар муҳокама қилинди.
Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш чораларини ишлаб чиқиш, фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа соҳаларда кооперация лойиҳаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, маданий-гуманитар ва сайёҳлик йўналишларидаги алмашинувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Келгуси йилда сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини Афинада ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишини Тошкентда ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.