Ўзбекистон Президенти ОИИБ билан 2030 йилгача бўлган стратегик шериклик дастурини қабул қилишни қўллаб-қувватлади

25 Sen 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида ушбу етакчи халқаро молия институти президенти Цзинь Лицюнни қабул қилди.

Учрашув аввалида ОИИБ раҳбари банкнинг асосий тадбирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга ҳар томонлама кўмаклашгани учун мамлакатимиз етакчисига чуқур миннатдорчилик билдирди ҳамда Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни бундан буён ҳам қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан кенг қамровли ҳамкорлигини ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда ҳамкорлик энг юқори даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошди, бу эса Ўзбекистонни ОИИБнинг минтақадаги асосий бенефициарига айлантирди ва амалиётлар ҳажми бўйича дунёда олтинчи ўринга чиқарди.

Транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, коммунал соҳа ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти ОИИБ билан 2030 йилгача инфратузилмани ривожлантириш бўйича стратегик шериклик дастурини тайёрлашга киришиш ташаббусини илгари сурди.

Устувор йўналишлар сифатида камбағалликни қисқартириш, Янги Тошкентни барпо этиш, давлат-хусусий шериклик ва хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш, сув, транспорт ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш каби соҳалар белгиланди.

Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари ҳузурида умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалардан иборат 2026 йилга қадар даврга мўлжалланган янгиланган «йўл харитаси» имзоланди.

Related