Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистони компаниялари билан ҳамкорлик жадал ривожланаётганидан мамнунлигини билдирди

13 Dek 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия-Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши раиси, «ACWA Power» компанияси раиси Муҳаммад Абунайян билан учрашувида Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда «яшил энергетика” соҳасида стратегик инвестор ҳисобланган «ACWA Power» компанияси билан самарали шериклик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Бугунги кунга қадар умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик 4 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган бўлиб, жорий лойиҳалар портфели 15 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, бугун бир қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди: Бухоро вилоятида қуввати 500 мегаватт бўлган 2 та шамол электр станцияси тармоққа уланди, шунингдек, Самарқанд вилоятида умумий қуввати 1 гигаватт бўлган 2 та қуёш электр станцияси ва Тошкент вилоятида 334 мегаватт қувватга эга энергия сақлаш тизими қурилишига старт берилди.

Учрашувда энергетика, транспорт ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма Ишбилармонлар кенгаши фаолияти доирасида Саудиянинг етакчи компанияларини мамлакатимизга жалб қилиш борасидаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Related