Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлисидаги нутқи

03 May 2024

Ҳурматли кенгаш иштирокчилари!

Ҳурматли Рено-Бассо хоним!

Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлисида иштирок этаётган сиз, азизларни чин қалбимдан қутлайман.

Бугунги йиғилишимизда жаҳоннинг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари бўлган яқин ҳамкорларимиз ва янги шерикларимизни кўриб турганимдан ғоят мамнунман.

Кенгаш ўтган даврда ўзининг самарали фаолиятини яққол намоён этди. Сизларнинг сидқидилдан кўрсатаётган кўмагингиз ва алоҳида эътиборингиз натижасида ислоҳотларимизга катта ёрдам берадиган ишлар амалга оширилмоқда.

Илгари сураётган ғоя ва ташаббусларингиз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фаол татбиқ этилмоқда. Сизлар кеча қатнашган халқаро форум эса ниҳоятда сермазмун ўтди, унда қатор муҳим таклифлар илгари сурилди, жуда муҳим бўлган кўплаб келишувларга эришилди.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга – мамлакатимизнинг яқин дўстларига Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссангиз учун чуқур миннатдорлик изҳор этаман.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Барчангизга яхши маълум, бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида беқарорлик тобора кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда сизлар билан бамаслаҳат, ўзаро кенгашиб, аниқ амалий қадамлар ташласак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта эришамиз.

Мен кеча ўз нутқимда Янги Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсати бўйича эришилган натижалар ва келгусидаги устувор йўналишларга батафсил тўхталдим. Бугун эса кўпроқ сизларни тинглаш ниятидаман.

Айниқса, ҳурматли Рено-Бассо хоним, сизнинг қимматли фикр-мулоҳазаларингиз мен учун ғоят муҳимдир. Анжуманларимизда бевосита иштирокингиз ва Кенгаш ишини фаол қўллаб-қувватлаб келаётганингиз бизни албатта руҳлантиради ҳамда ушбу платформа доирасида очиқ, конструктив ва самарали мулоқот олиб боришга хизмат қилади.

Шу ўринда Инвестициялар ва Махсус эркин зоналар тўғрисидаги қонун лойиҳаларини тайёрлашга ҳисса қўшган ишчи гуруҳи фаолиятини алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтмоқчиман.

Экспертлар томонидан ишлаб чиқилган ушбу муҳим ҳужжатлар мамлакатимизда қулай инвестиция ва бизнес муҳитини такомиллаштиришда улкан қадам бўлишига аминман.

Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти жамоаси томонидан бошланаётган инвестиция сиёсати таҳлили биз учун жуда муҳимдир. Ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасида асосий йўналишларни белгилаб олишга ва самарали механизмларни яратишга хизмат қилади.

Биз бу ташкилотнинг мамлакатимизни доимий қўллаб-қувватлаётгани ва амалга ошириб келаётган чуқур таҳлилларини юксак баҳолаймиз ҳамда бундан буён ҳам у билан яқин ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Ҳукумат ҳамда инвесторлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилгани барқарор иқтисодий тараққиётнинг асосий калитидир.

Албатта, ҳали олдимизда биргаликда амалга оширишимиз зарур бўлган улкан вазифа ва мақсадлар турибди. Шу сабабли бугунги замон билан ҳамнафас қадам ташлаб, ўз олдимизга аниқ режаларни қўйишга ва саъй-ҳаракатларимизни янада уйғунлаштиришга чақираман.

Кенгашимиз доирасида қуйидаги йўналишларда ишчи гуруҳларни ташкил этиш ва уларни тўлиқ амалга оширишда сизларни фаол иштирок этишга таклиф этаман.

Биринчидан, капитал бозорини ривожлантириш. Бу йўналишда хорижий инвесторларнинг талабларига тўла жавоб берадиган халқаро молия марказини ривожлантириш учун ички ва ташқи капитални кенг жалб этишга асосий эътиборни қаратиш лозим.

Иккинчидан, масъулиятли бизнес юритиш. Бу борада иқтисодиёт барқарорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тегишли тамойилларини кенг жорий этиш долзарб вазифадир.

Учинчидан, муқобил инвестицияларни рағбатлантириш. Бунда стартап, инновацион лойиҳалар, биргаликдаги сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Венчур инвестициялар тўғрисида”ги янги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш катта аҳамиятга эга.

Тўртинчидан, инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш. Хорижий инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформани ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу инвесторларни қийнаётган комплекс муаммоларни ўз вақтида ва тизимли ҳал этишга имкон беради.

Сизларнинг бой билим ва тажрибангиз, замонавий ёндашувларингиз биз учун ниҳоятда муҳимлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Ишонаманки, Ўзбекистон сизларнинг қизғин қўллаб-қувватлашингиз орқали жадал ўсиш суръатларини намойиш этишда давом этади.

Мен барчангизни бугунги муҳокамалар ва янги ташаббусларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этишга таклиф этаман. Сизлар билан ҳамжиҳат бўлиб, елкама-елка туриб ҳаракат қилсак, халқимиз турмуш даражасини оширишга ва Ўзбекистоннинг фаровон келажагини таъминлашга қодирмиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Энди сўзни ҳурматли Рено-Бассо хонимга бермоқчиман!

***

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Афсуски, тадбир регламенти ва протокол сизлар илгари сурган барча таклифлар бўйича алоҳида, батафсил тўхталишимизга имкон бермайди.

Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни ва конструктив мулоқотни кенгайтириш борасидаги қатъий интилиш ва ниятларингизни юксак қадрлайман.

Такрор айтаман: мамлакатимизда бизнесингизни муваффақиятли юритиш, ўзингизни эркин ва ишончли ҳис этишингиз учун сизларга барча шарт-шароитларни яратиб берамиз.

Ишонтириб айтмоқчиманки, айтилган барча ташаббус ва тавсияларингизни тўлиқ инобатга оламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли Рено-Бассо хонимга ислоҳот ва ўзгаришларимизни доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани, қўшма дастурларни самарали амалга ошираётгани учун яна бир бор ташаккур изҳор этмоқчиман.

Бугундан бошлаб, Кенгаш фаолиятида бутунлай янги тизим жорий этамиз.

Ушбу залда ўтирган ҳукуматимиз аъзолари, вазирларимиз, Президент Администрациясининг масъул ходимлари сизлар билан ҳар ой учрашади ва мулоқотларимизни изчил давом эттиради.

Киритилган ҳар бир таклиф, айтилган ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида “йўл харитаси” қабул қилинади. Уларни шахсан ўзим қатъий назоратга оламан.

Сўзимнинг якунида сизларга сиҳат-саломатлик, профессионал фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламан.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Related