Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги III халқаро форумнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқи

17 Sen 2025

Ассалому алайкум, муҳтарам меҳмонлар!

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Сизларни мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича учинчи бор ўтказилаётган халқаро форумда чин дилдан қутлашдан ғоят мамнунман.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги анжуманда иштирок этаётган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад ал-Жассир жанобларига, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инг-Минг Йанг жанобларига, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) бош вице-президенти Сачико Имото хонимга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе жанобларига, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопез-Кальва жанобларига ва барча меҳмонларимизга чуқур миннатдорлик билдираман.

Меҳмондўст Ўзбекистон заминига, бетакрор Наманган диёрига хуш келибсиз!

Қадрли дўстлар!

Хабарингиз бор, бундан ўн йил олдин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида муҳим ҳужжат қабул қилинган эди. 2030 йилгача глобал миқёсда камбағалликка барҳам бериш ушбу мақсадларнинг биринчиси сифатида белгилаб олинган.

Барчамиз кўриб турибмиз, ҳозирги вақтда инсоният оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўта кескин ва мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Дунёда геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик тобора ортиб бормоқда.

Ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва пандемиялар туфайли олдимизда оғир ва машаққатли синовлар пайдо бўлмоқда.

2015 йилдан буён глобал иқтисодий ўсиш суръати ўртача 3 фоизни ташкил этиб, олдинги ўн йилликка нисбатан секинлашди. Оқибатда агар беш йил олдин дунёда 650 миллион аҳоли камбағалликда яшаган бўлса, бугун уларнинг сони 800 миллиондан ошди.

Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўйиб, уларга ечим топиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда.

Бугунги анжуманимизда қатнашаётган 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар илгари сурадиган таклиф ва ташаббуслар ушбу муаммоларга комплекс ечим топишга хизмат қилади, деб ишонаман.

Муҳтарам анжуман иштирокчилари!

Янги Ўзбекистонда барча ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида амалга оширилмоқда.

Сўнгги саккиз йилда одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган улкан ишларни амалга оширдик. Барча саъй-ҳаракатларимиз ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларни кенгайтиришга қаратилди.

Энг мураккаб даврда камбағалликка қарши курашни давлат сиёсати даражасига олиб чиқиб, уни умуммиллий ҳаракатга айлантирдик. Очиқ айтиш керак, ўша пайтда бизда камбағаллик даражасини баҳолаш бўйича аниқ мезон ва методология йўқ эди. Жаҳон банки ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари билан ҳамкорликда халқаро тажриба асосида камбағалликнинг миллий мезонларини ишлаб чиқдик.

Янгиланган Конституциямизда пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслигини қатъий белгилаб қўйдик.

Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу ишларни бошлаганимизда аҳолимизнинг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди.

Изчил ислоҳотларимиз туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни 6 фоизгача камайтиришни мақсад қилганмиз.

Албатта, қисқа муддатда бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ўтган даврда иқтисодиётимиз 2 карра ўсгани, йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Биз янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон моделини яратдик. Аввало, ўтиш даврининг муҳим инструменти бўлган манзилли ижтимоий дафтарларни жорий этиб, барча эҳтиёжманд оилаларни қамраб олдик.

Биргина мисол, пандемия даврида 800 минг оилага бепул дори-дармон, 255 минг оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, яна 1 миллион 200 минг оилага ижтимоий нафақалар берилди.

Қандай оғир бўлмасин, изланиб, имкон топиб, бу мақсадлар учун жами 8 миллиард долларлик маблағ ва имтиёзлар бердик. Натижада 5 миллион 200 минг нафар одамни “камбағаллик қопқони”га тушиб қолишдан ҳимоя қилдик ва шу билан бирга, иқтисодий рецессиянинг олдини олдик.

Жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйганимиз ўзини ҳар томонлама оқлади. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаб, даромадни ошириш учун етарли ресурс ажратдик.

Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтиряпмиз.

Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун, 235 минг гектар пахта ва ғалла майдонини қисқартириб, одамларга 30-50 сотихдан ер ажратишнинг янги механизмини жорий қилдик. Бу ишларимиз 800 минг одамнинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.

Лидер тадбиркорлар кўмагида томорқада сердаромад экинларни экиш ва етиштирилган маҳсулотни кафолатли сотиб олиш тизимини йўлга қўйдик.

Муҳими, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадли қилишда ҳар бир ҳудуднинг ўз тажрибаси пайдо бўлди.

Бугунги форумга мезбонлик қилаётган Наманганда ҳам кичик бизнес, ҳунармандчилик, замонавий саноат зоналарини ривожлантириш бўйича намуна яратилди.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қилмоқда.

Шуларни инобатга олиб, бугун янги, янада юқори маррани белгилаб олишга тайёрмиз.

2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш учун барча имкониятларимиз бор ва биз буни албатта уддалаймиз!

Азиз меҳмонлар!

Олдимизга қўйган мақсадларга эришиш учун еттита устувор йўналишни ўз ичига олган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширмоқдамиз.

Энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратяпмиз.

Фаол инвестиция сиёсатимиз туфайли шу йилнинг ўзида 35 миллиард доллар сармоя эвазига 9 мингдан ортиқ янги корхона, 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни ташкил этилмоқда.

Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди.

Эътиборлиси – давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмакчи бўлмоқда. Мана шундай самарали ҳамкорлик туфайли шу йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий ишли бўлди.

Биз ҳозирги технологиялар асрида IT, сунъий интеллект, финтех каби одамларга юқори даромад келтирадиган соҳаларда стартаплар экотизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдамиз.

Йил бошидан буён стартапларга 270 миллион доллар ёки ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп хорижий инвестиция киритилди. Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириб, биргина Жаҳон банки билан ҳамкорликда қиймати 100 миллион доллар бўлган янги лойиҳаларни бошлаяпмиз.

Биз мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича халқаро ташкилотлар ва нуфузли молия институтлари билан фаол ишлаяпмиз. Бу борада Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, йўл қурилиши, тиббиёт ва таълим хизматларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган 5 миллиард долларлик лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга.

Ушбу лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга улкан ҳисса қўшаётган банк президенти Муҳаммад ал-Жассир жанобларининг хизматларини юксак қадрлаймиз.

Мана шу имкониятдан фойдаланиб, бундай кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда бизга яқиндан кўмаклашаётган барча халқаро молия институтлари ва ҳамкор давлатлар делегацияларига самимий ташаккуримни изҳор этаман.

Иккинчидан, одамларнинг билимини оширмасдан, уларни “камбағаллик гирдоби”дан чиқариш имконсиздир.

Шу боис сифатли таълим асосида инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий “драйвери” бўлиб қолади.

Биргина мисол, болаларимизнинг боғчалардаги қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани натижасида 1 миллион аёлларимиз таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва даромад топиш имконига эга бўлди. Биз бу ишларни давом эттириб, камбағал оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун барча шароитларни яратамиз. Бундай оилалар фарзандлари учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишга кетадиган харажатларнинг 80 фоизини қоплаб берамиз ва бу орқали 100 мингта камбағал оила фарзандларини қамраб оламиз.

Ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли йигит ёки қиз бўлиши учун имтиёзли таълим кредити ва давлат грантларини кўпайтирамиз.

Сўнгги беш йилда 800 мингдан зиёд аҳолини замонавий касбларга ўргатиб, уларни юқори даромадли ишларга жойлаштирдик. Келгусида бу амалиётни янада кенгайтирамиз. Халқаро стандартлар асосида Касбга тайёрлаш халқаро марказларини ташкил этиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар беришни йўлга қўямиз.

Учинчидан, биз хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш масаласини ҳам давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик.

Бундан бир аср олдин буюк аждодимиз Абдулла Авлоний: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, – деган.

Бу сўзлар нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи яна бир бор тасдиқламоқда.

Шу боис биз хотин-қизларга олийгоҳда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш тизимини жорий этдик. Бугунги кунда талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлгани қувонарлидир. Бу ишни давом эттириб, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизларни IT, финтех ва сунъий интеллектга ўқитамиз.

Хотин-қизлар жамиятнинг барча бўғинларида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Бу йил аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард доллар ажратдик. Ушбу маблағларни янада кўпайтириб, келгуси йили яна 2 миллион аёл доимий даромадли бўлиши учун шароит яратамиз.

Келгуси йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизими қамровини кескин оширамиз. Бу – уларнинг камбағалликка тушиб қолмаслигини кафолатлайди.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш бўйича янги-янги тажрибаларни ўртоқлашиш мақсадида келгуси йили Наманганда ўтадиган Осиё ишбилармон аёллар форумига барчангизни таклиф қиламан.

Тўртинчидан, инсон саломатлигини муҳофаза қилмай туриб, унинг имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариб бўлмайди.

Бу борада 140 минг камбағал оилага шифокор бириктириб, уларни йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказишни йўлга қўйдик. Энди, кафолатланган тиббий хизматларни кўпайтириб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажатини 2 карра қисқартирамиз. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.

Бешинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш – камбағалликка қарши курашда асосий йўналишлардан бири.

Биз бу тизимни тубдан ислоҳ қилиб, илгари 6 та давлат ташкилотида бўлган ваколатларни ягона – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бирлаштирдик.

Қисқа муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни “бир дарча” тамойили асосида кўрсатадиган “Инсон” марказларини ташкил қилдик. Ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим аҳоли билан проактив усулда ишламоқда.

Шу йилнинг ўзида 2 миллион 700 минг аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди. Айниқса, камбағал оилаларнинг парваришга муҳтож аъзоларига янги ижтимоий хизматларни йўлга қўйганимиз, 50 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли учун ишлаш имконини яратди.

Биз бу йўналишдаги ишларимизни келгусида янада кенг кўламда давом эттирамиз.

Жаҳон банки билан ижтимоий хизматлар сифати ва қамровини ошириш мақсадида 100 миллион долларлик лойиҳани бошладик.

Имконияти чекланган аҳолининг камбағалликка тушиб қолиш эҳтимоли юқори. Шу боис уларни қўллаб-қувватлаш, инклюзивлик асосида жамиятга интеграция қилиш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқдик.

Муносиб меҳнат шароитини яратганимиз учун бу йил ногиронлиги бор 150 минг нафар шахс ишга жойлашди. Уларга ҳаётий зарур тиббий жиҳозлар, коляска ва протезлар бепул етказиб берилмоқда.

Имконияти чекланган болаларни мактаб ва касбий таълим билан қамраб олиш учун алоҳида дастурларни амалга оширяпмиз.

Ўзбекистонда оғир вазиятга тушиб қолган болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларни зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоя қилиш борасида янги тажриба яратилди.

Олтинчидан, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароитлар яратиш – кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади.

Шу мақсадда қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган, шароити оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилмани яхшилаяпмиз. Натижада шу йилнинг ўзида 470 минг хонадонга қарашли томорқага сув борди, яна 790 минг хонадонда электр энергияси таъминоти яхшиланди.

Келгуси йили маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратяпмиз. Бунда 32 та туман ва ижтимоий шароити оғир 328 та маҳаллани танлаб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қиламиз. Бу – янги тажриба бўлади.

Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.

Халқаро молия институтлари ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда камбағалликни қисқартириш талабини киритса, ўйлайманки, бу ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Еттинчидан, биздаги давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланмоқда.

Шу билан бирга, глобал миқёсда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ривожланаётган давлатларга йилига 4 триллион доллардан зиёд маблағ зарур. Бундай шароитда хавф-хатарларни объектив баҳолаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича “камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий архитектураси”га эҳтиёж сезилмоқда.

Ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида 2026 йилда кўҳна Хива шаҳрида халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида юқори даражадаги конференция ўтказишни таклиф қиламиз.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Инсон қадрини улуғлаш орқали одамлар учун муносиб шароит яратиш, бу борада камбағалликни қисқартириш – Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар замиридаги бош мақсаддир.

Аминман, Ўзбекистон ортга қайтмас ислоҳотлар йўлидан қатъий бориб, камбағалликни қисқартириш борасида ҳам, Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш бўйича ҳам барча мажбуриятларини бажаришга ҳаракат қилади.

Бугунги анжуман барчамиз учун сермаҳсул ва фойдали мулоқот майдонига айланади ва мен бунга ишонаман.

Сизларни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, ғоят шарафли ва олижаноб фаолиятингизда улкан ютуқлар, анжуман ишига эса муваффақиятлар тилайман.

Related