Ўзбекистон: сувни тежаш – келажакни асрашдир

11 Noy 2024

Сув – энг муҳим ҳаётий ресурс.

Дунёда кечаётган ҳозирги глобаллашув жараёнида ушбу ресурснинг қадри ва қиймати тобора ошиб бормоқда.

Вақтида таъсирчан чоралар кўрилмаса, сув тақчиллигининг оқибатлари Марказий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказиши муқаррарлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасини комплекс ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жумладан, рақамли ва сувни тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада натижаларга эришилаяпти.

Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Концепция доирасида маълум даврга мўлжалланган стратегиялар қабул қилиниб, ижроси таъминлаб келинмоқда. Бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад акс эттирилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг
3-йўналиши сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган.

Ўзбекистон фойдаланадиган сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида сарфланади. Шу билан бирга, минтақада ирригация тармоғи энг кўп ривожланган ва йирик сув хўжалиги инфратузилмасига эга давлат ҳисобланиб, суғориладиган экин майдонлари 4,3 млн гектарни ташкил этади.

Ўзбекистон шароитида экинлар асосан эгатлаб суғорилган.
Бу усулда суғоришда кўп сув исроф бўлади. Муаммонинг энг мақбул ечими сифатида сувни тежовчи технологияларга ўтишга қарор қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йилдан сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилди.

Бунинг натижасида ҳозирги кунга келиб, 558,2 минг гектарда томчилатиб, 88,3 минг гектарда ёмғирлатиб ва 59,2 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди. 1,3 млн гектар ерлар лазер қурилмали агрегатлар ёрдамида текисланди.

Беш йил олдинги ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, тежамкор суғориш ускуналари ва бутловчи қисмлар Ўзбекистонга чет давлатлардан олиб келинган. Қисқа фурсатда маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш базаси шакллантирилди, корхоналар сони 3 тадан
50 тага етказилди.

Келгуси йилда яна 500 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатилади. Яқин йилларда суғориладиган экин майдонлари сув тежовчи технологиялар билан тўлиқ қамраб олинади.

Президент Ш.Мирзиёев  ташаббуси билан “2024 йил – суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди.  Давлат бюджетидан катта маблағлар ажратилиб, 1500 км магистрал каналлар реконструкция қилинмоқда. Бу ишларга Хитой Халқ Республикаси нуфузли компаниялари ҳам жалб этилган.

Шу билан бир қаторда, кластер ва фермер хўжаликлари ташаббускорлигида 13,5 минг км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди. Ушбу тадбирлар келгуси йилда изчил давом эттирилади.

Ҳозир республикадаги 2,5 миллион гектар ерни суғоришга
1 минг 600 дан зиёд насос станция йилига 6,8 миллиард киловатт электр сарфлаяпти. 2017 йилда 2 миллион гектарга 8,3 миллиард киловатт ишлатилар эди.

2025 йилни сув хўжалигида “Насослар самарадорлигини ошириш йили” деб белгилаб олдик. Хусусий шериклик асосида тежамкор насос ва қуёш панелларини ўрнатиб, 20 фоиз электрни тежаш чоралари кўрилмоқда.

Соҳани рақамлаштириш сув ресурсларини адолатли ва шаффоф бошқариш имконини бермоқда. Охирги йилларда сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш учун 13 мингта “Smart Water” (“Ақлли сув”), мелиоратив кузатув қудуқларида ер ости сувларини сатҳи ва минераллашганлик даражасини мониторинг қилиш учун 15 мингта “Дайвер” қурилмалари ўрнатилди. 73 та йирик сув хўжалиги объектларида бошқарув жараёни автоматлаштирилди.

Пахта, шоли каби экинларнинг кам сув талаб қиладиган навларини яратиш, сувсизлик чидамли экинлар экиладиган майдонларни кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.

Сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тармоқларини тозалаш ва бетонлаш, ерларни лазерли текислаш, экинларни сув манбаларидан келиб чиқиб жойлаштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан ҳар йили ўртача 8 млрд м3 сув иқтисод қилиняпти.

Сув хўжалиги соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Хитой Фанлар Академиясининг Шинжон Экология ва география институти ҳамда унинг қошидаги Марказий Осиё экологияси ва атроф-муҳит илмий-тадқиқот маркази билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Белосток Миллий техника университети (Польша) ҳамда Беларус Миллий техника университети билан ҳамкорликда “Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини ривожлантириш” концепциясини ишлаб чиқишга келишилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг дўстона ва ишончли алоқалари минтақамиздаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди. Қўшни давлатлар билан кўп йиллардан буён ечилмай келаётган масалалар ҳал қилиниб, Сирдарё ва Амударё ҳавзасида сув таъминоти даражасини яхшилаш бўйича қатор ижобий натижаларга эришилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон қўшни давлатлар билан сув масалалари бўйича алоқаларни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси ҳамда икки томонлама ишчи гуруҳлар доирасида изчил ривожлантирмоқда.

Бу эса ўз навбатида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан сув хўжалиги масалалари бўйича кўплаб масалаларни вазирлик ва жойлардаги ташкилотлар даражасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳал этиш имконини бермоқда.

Мамлакатда халқаро NEXUS Gains ҳамда Hydro 4U лойиҳалари амалга оширилмоқда. Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти Марказий Осиё офиси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Сув-энергия-овқат-экосистема (WEFE) некуси Марказий Осиёда сув бошқаруви соҳасидаги ижобий ёндашувлардан бири бўлиб, Ўзбекистон бу моделни муваффақиятли жорий этмоқда. Мамлакатдаги инновацион суғориш тизимлари ва сувни тежаш технологиялари энергетика ва экологик устуворлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради. Суғоришнинг самарали усуллари, сувни тежаб, барқарорликни таъминлаган ҳолда, умумий маҳсулдорликни оширишга олиб келмоқда.

Ўзбекистон Интеграцияланган Сув Ресурсларини Бошқариш (IWRM) ташаббуслари орқали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда ва ICWC ҳамда IFAS каби муҳим платформада фаол иштирок этмоқда. Маҳаллий жамоаларни жалб қилиш  орқали барқарор ва инклюзив сув бошқарувини таъминлашга катта эътибор берилмоқда.

Соҳа ривожи билимли кадрларга боғлиқ. Ҳар йили 500 нафардан зиёд олий маълумотли мутахассислар тизим ташкилотларига ишга қабул қилинмоқда. 2024 йилда 1 700 нафардан ортиқ раҳбар ва мутахассисларнинг малакаси оширилди.

2023 йилда “Сувчилар мактаби” ташкил этилди.  Республиканинг ҳар бир ҳудудида замонавий ўқув хоналари ҳамда илғор сув тежовчи технологиялар қўлланиладиган тажриба майдонлари ташкил этилиб, 70 мингдан ортиқ фермер хўжалиги раҳбарлари ва сув хўжалиги ходимлари қисқа муддатли курсларда ўқитилди.

Сув улуғ неъмат, сувчилик савобли касб. Шуни дилдан ҳис этган ўзбекистонлик сувчилар бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб меҳнат қилишаяпти. Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

 

Рустам Қаршиев,

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари

 

Related