Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади

06 Avg 2026

Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айланди.

WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди.

Ҳисоботга кўра, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Ушбу кўрсаткичнинг ўсиш суръати бўйича ҳам Марказий Осиё дунёда биринчи ўринни эгаллади. Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади – мамлакат 2025 йилда 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган.

WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.

Ҳисоботда Ўзбекистоннинг етакчилиги унинг бой тарихий-маданий мероси ва минтақа мамлакатлари сайёҳлари учун жозибадорлиги юқорилиги билан изоҳланган.

“Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, WTTC Марказий Осиёда ягона туризм маконини яратиш учун салоҳият катта эканини қайд этади. Ташкилот экспертларининг фикрича, чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш, авиақатновлар ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш ҳамда Марказий Осиёни ягона туризм йўналиши сифатида тарғиб қилиш дунёнинг бошқа минтақаларидан халқаро сайёҳлар оқимини оширишга ёрдам беради.

Ҳисоботга кўра, 2025 йилда туризм соҳасидаги жами харажатларнинг 64,3 фоизи хорижий сайёҳлар, 35,7 фоизи эса минтақа мамлакатларидаги ички туризм ҳиссасига тўғри келган. Шу билан бирга, хорижий сайёҳлар харажатларининг 84,5 фоизи дам олиш мақсадидаги саёҳатлар, 15,5 фоизи эса иш юзасидан қилинган сафарлар билан боғлиқ бўлган.

WТТC прогнозига кўра, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.

Возможно, это изображение памятник

 

 

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига бўлажак раисликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон Президенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi davlat rahbarlari kengashining kengaytirilgan majlisidagi nutqi
09. Okt 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
O‘zbekiston Prezidenti mamlakatimizning Mustaqil Davlatlar Hamdo‘stligiga bo‘lajak raisligining ustuvor yo‘nalishlarini belgilab berdi
09. Okt 2026