“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: энг устувор йўналишларни белгилаб, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди

27 Yan 2026

2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон – 2030 стратегиясининг устувор йўналишлари этиб барқарор иқтисодий ўсиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоянинг янги тизимини яратиш, қулай экологик шароитларни шакллантириш, адолатли ва замонавий давлат барпо этиш, мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш белгиланган эди. Ушбу ислоҳотларнинг барчасини бирлаштирувчи асосий мақсад — халқ фаровонлигини ошириш, унинг давлатга бўлган ва эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашдир. Умуман олганда, стратегиянинг янгиланиши — бу мақсадлардан ўлчанадиган натижалар орқали бошқаришга ўтиш бўлиб, бунда ҳар бир вазифа ижрочиларга ва молиялаштириш манбаларига бириктирилган.

 

Стратегияни амалга ошириш даврида қандай ўзгаришларга эришилди?

Стратегия ижросининг натижадорлиги ҳам статистик кўрсаткичларда, ҳам ҳаёт сифати ва аҳолининг истеъмол фаоллигидаги ўзгаришларда ўз аксини топмоқда. 2023–2025 йилларда ЯИМнинг номинал ҳажми 107,5 млрд доллардан 140 млрд долларгача ошди, экспорт ҳажми ва хорижий инвестициялар оқими ўсиб бормоқда, инновацион фаолият ривожланмоқда. Ислоҳотларнинг якуний кўрсаткичлари сифатида ишсизлик даражаси 6,8% дан 4,9% гача, камбағаллик даражаси эса 11% дан 6,8% гача қисқарганини кўриш мумкин.

 

Ўзбекистон – 2030 стратегиясини янгилашга нима сабаб бўлди?

Мамлакатни янада ривожлантиришни жадаллаштириш вазифалари стратегия ва унинг мақсадли индикаторларини янгилашни тақозо этди. Стратегия ташқи ва ички омилларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди.

Ташқи омиллар: Дунёдаги геосиёсий вазият, глобал иқтисодий тенденциялар, технологияк инновациялар, табиий-экологик ўзгаришлар ҳамда энергия ва сув ресурсларига бўлган талабнинг ортиши.

     Ички омиллар: Демографик ўсиш, урбанизация ва миграция жараёнлари, бу эса институтлар сифатини мустаҳкамлаш ва бошқарув самарадорлигини оширишни талаб қилади.

Шу муносабат билан, мамлакатда 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Янгиланган стратегияда бешта устувор йўналиш ва 100 та мақсад сақланган ҳолда айрим вазифалар ва самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ўзгарди. Амалдаги кўрсаткичларнинг аксарияти аллақачон бажарилган бўлса, янги вазифалар пайдо бўлиши сабабли самарадорлик кўрсаткичлари рўйхати кенгайтирилди ва янгиланди. Шунингдек, ҳужжатда ҳар бир мақсадга эришиш учун масъул вазирлик ва идоралар ҳамда аниқ молиялаштириш манбалари кўрсатилган.

 

Ислоҳотлар қайси соҳаларда “ўзгаришлар механизми”ни таъминламоқда?

Иқтисодиёт. Энг кўп вазифалар ва KPI кўрсаткичлари “II. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш” йўналишида жамланган. 2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Бунга йиллик инфляцияни 5–6 фоиз доирасида ушлаб туриш, фискал барқарорлик, инвестициявий жозибадорликни ошириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ҳамда юқори технологияларга асосланган саноат ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали эришилади.

Таълим. “I. Ҳар бир инсоннинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш” бўлимида 2030 йилга бориб мактаб ва лицей битирувчиларининг 50 фоизини олий таълим билан қамраб олиш ҳамда уларни муносиб иш ҳақи тўланадиган соҳаларга жойлаштириш мақсади қўйилган. 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг нуфузли (QS, THE, ARWU) TOP-1000 рейтингига киритиш ёшларимизнинг нафақат ички, балки ташқи меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширади.

Соғлиқни сақлаш. Келгуси 5 йилда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш, юрак-қон томир, саратон ва нафас олиш касалликларидан эрта ўлим ҳолатларини (30–69 ёш) камайтириш кўзда тутилган. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида 9 та самарадорлик кўрсаткичи белгиланган. Шунингдек, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, семизлик даражасини камайтириш стратегиянинг кун тартибидан ўрин олган.

Ижтимоий ҳимоя. Эҳтиёжманд қатламлар учун профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими тубдан такомиллаштирилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратилади. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 100 фоиз муқобил (оилавий турдаги) ғамхўрлик тизими жорий этилади.

 

Ҳар бир устувор йўналиш бўйича мақсадларга эришиш механизмлари

Мақсадларга эришиш механизмлари стратегик ҳужжатларда акс этган. Масалан:

“Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” йўналиши учун Миллий иқлим стратегияси ишлаб чиқилди.

Иқтисодиётнинг драйвер соҳаларини ривожлантириш учун саноат, автомобилсозлик, енгил саноат, туризм ва қурилиш соҳаларини ривожлантириш бўйича тармоқ стратегиялари тайёрланган.

Ушбу ҳужжатларни ишлаб чиқишда республиканинг “ақл марказлари” (Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва б.) иштирок этгани Ўзбекистонда қарорлар қабул қилиш илмий маълумотлар ва прогнозларга таянган ҳолда (Evidence-based policy) амалга оширилаётганидан далолат беради.

 

2030 йилга бориб кутилаётган асосий натижалар (Макронатижалар)

Иқтисодиёт: ЯИМ 240 млрд долларга етиши, мамлакатнинг минтақавий “IT-HUB”га айланиши, дунёнинг инновацион етакчи 60 та давлати қаторига кириш. Мутлақ камбағалликнинг тугатилиши (минимал истеъмол харажатлари асосида) ва унинг даражасини 0 фоизга тушириш.

Ижтимоий соҳа: Ўртача умр кўришнинг 78 ёшга етиши, боғча қамрови 80%, олий таълим қамрови 50% бўлиши.

Экология: “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, “яшил энергия” технологияларини жорий этиш ва сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш.

 

Д. Каримова,

Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодий ва

ҳудудий тадқиқотлар институти

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

 

 

 

Related