Молия ва рақамли технологиялар соҳасидаги янги ташаббуслар тақдимот қилинди

25 Mar 2026

Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишди.

Жаҳондаги геосиёсий кескинлашув шароитида инвестицияларни жалб қилиш учун рақобат тобора кучайиб бормоқда. Юртимизнинг бой табиий ресурслари, иқтисодий салоҳияти ва ислоҳотлари эса бу борада катта устунлик яратмоқда.

– Кўплаб халқаро компаниялар минтақавий хавф-хатарларни баҳолаб, янги бозорларни ўрганишни бошлаган. Бу биз учун тарихий имконият. Шу вазиятда фурсатни бой бермасдан, халқаро молия компанияларини ўзимизга тезроқ жалб қилишимиз шарт, – деди Президентимиз.

Жорий йилда 50 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш мақсадига эришиш учун инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига киришини енгиллаштириш, уларга замонавий инфратузилма, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий режим, қўшимча қулайликлар ва энг муҳими, ишончли ҳамда шаффоф бизнес муҳитини таъминлаш зарур.

Шу боис, тақдимотда мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган учта устувор йўналиш – халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда исломий молия хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Тошкент халқаро молия маркази муҳокама қилинар экан, ушбу марказ янги турдаги инвестицияларни жалб қилиш ва барқарор иқтисодий ўсишнинг самарали воситаси бўлиши қайд этилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20-25 миллиард доллар жалб қилиш, ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳар йили қўшимча 1 фоизгача ҳисса қўшиш, 15 мингтагача янги юқори малакали иш ўрни яратиш, 10 минг нафар мутахассис малакасини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Марказ фаолияти учун махсус ҳуқуқий режим жорий этиш кўзда тутилган. Бунда Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқи марказ тўғрисидаги қонунга зид бўлмаган даражада татбиқ қилинади, марказнинг бошқарув органлари ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қабул қилиш ваколатига эга бўлади, низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган Тошкент халқаро тижорат суди ва халқаро арбитраж маркази фаолияти йўлга қўйилади.

Марказ резидентлари учун капиталнинг эркин ҳаракати ва репатриацияси, эркин валюта операциялари, замонавий тўлов воситалари, жумладан, рақамли активлар билан ишлаш, имтиёзли солиқ режими, соддалаштирилган виза тартиби каби кенг имкониятлар яратилиши белгиланган. Молия-инвестиция ва банк фаолияти, суғурта, рақамли активлар, қимматли қоғозлар, тўлов тизимлари ва хизматлари, молиявий технологиялар билан боғлиқ хизматлар марказнинг асосий фаолият йўналишлари бўлади.

Иккинчи йўналиш – “Enterprise Uzbekistan” бренди остида Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш ва ривожлантириш.

Тақдимотда мазкур марказ учун 2100 йилга қадар амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим назарда тутилгани маълум қилинди. Марказда тартибга солиш “қумдони” доирасида янги ечимларни синовдан ўтказиш, иш ҳақини хорижий валютада тўлаш, халқаро меҳнат стандартларини жорий қилиш, шахсга доир маълумотларни халқаро стандартлар ва булутли технологиялар асосида қайта ишлаш мумкин бўлади. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, инвестициялар, стартаплар ва экспорт учун қулай шароитлар яратилади, божхона ва солиқ бўйича енгилликлар берилади.

Сунъий интеллект технологиялари, рақамли трансформация, тадқиқот ва ишланмалар, сертификатлаштириш, стартаплар ҳамда маълумотлар марказлари ушбу марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда.

Тақдимотда 2030 йилгача мазкур марказ орқали 1 мингтагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан зиёд иш ўрни яратиш ва 5 миллиард долларлик экспорт салоҳиятига чиқиш мақсади белгилангани айтилди. Бир қатор йирик халқаро технологик компаниялар ушбу ташаббусга қизиқиш билдиргани қайд этилди.

Учинчи йўналиш сифатида мамлакатимизда исломий молия хизматларини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Юртимизда товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш – муробаҳа, фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини жалб этиш – музораба, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки жалб этиш – вакала, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали молиялаштириш – салам ва истисно, биргаликдаги фаолият орқали мижозни молиялаштириш – мушорака, мол-мулкни исломий ижарага бериш каби операциялар, шунингдек, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа исломий молия инструментларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Бунда сотилган товар устамасига қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмаслиги, инвестициявий омонатдан олинган даромад солиқдан озод қилиниши, исломий ижара шартномалари молиявий ижара ва лизингга тенглаштирилиши белгиланмоқда.

Соҳада тизимли бошқарувни таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилади. Ушбу кенгашлар стандартлар ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш, баҳсли масалаларга изоҳ бериш, шартномалар ва ички ҳужжатларни кўриб чиқиш, мувофиқлик устидан назоратни таъминлаш билан шуғулланади.

Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий “дарча” фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган. Умуман, соҳадаги янгиликлар орқали 2026-2030 йилларда қўшимча 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконияти яратилиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур уч йўналиш мамлакатимизда замонавий молиявий ва технологик экотизимни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уларни амалиётга татбиқ этиш ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.

Related