Марказий Осиё сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатларига тобора кўпроқ дуч келаётган ва дунёда ундан энг кўп зарар кўриши мумкин бўлган минтақалридан бири. Сўнгги 70 йил ичида Марказий Осиёда ҳарорат Цельсий бўйича 1,5-2 даражага кўтарилди. Бу эса экологик муаммоларнинг кескинлашувига, музликларнинг эриши ва чўлланишнинг тезлашишига таъсир кўрсатмоқда. Ушбу жараёнларнинг барчаси бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлиб, минтақадаги экотизимлар, иқтисодиёт ва одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Глобал миқёсда иқлим ўзгариши туфайли музларнинг эриш тезлиги сўнгги йилларда 65 фоизга ошди: 90-йилларнинг бошида сайёрада йилига 0,8 триллион тонна, 2000-йилларга келиб эса 1,3 триллион тонна муз эриб кетган. Марказий Осиё минтақаси учун ҳам ушбу экологик муаммо бугунги куннинг энг муҳим иқлим муаммолари қаторига киради.
Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги ортиб бормоқда. Бугунги кунда 37 миллион нафардан ортиқ киши асосан сув таъминотининг пасайиши, шунингдек, тегишли инфратузилманинг етарли даражада ривожланмаганлиги билан боғлиқ бўлган сув ресурслари кескин етишмайдиган ҳудудларда яшайди.
Евроосиё тараққиёт банки ҳисоб-китобларига кўра, 2025-2030-йилларда минтақа мамлакатлари учун сув ва иқлим инфратузилмасига зарур бўлган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 29,2 миллиард долларни ташкил этади.
Оролбўйи минтақасининг ҳолати вазиятни қийинлаштирмоқда – шамоллар Оролнинг қуриган тубидан ҳар йили тахминан 15-75 миллион тонна қум, чанг ва тузни учириб кетади. Бу эса сезиларли масофаларда ҳавонинг сифатини ёмонлаштиради ва бевосита ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келади.
Шу сабабдан ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг минтақавий кун тартибида экологик масалалар тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар, ерларнинг деградацияси, иқлим ўзгариши, Оролбўйининг ҳолати эндиликда минтақа мамлакатлари томонидан алоҳида эмас, балки минтақанинг умумий барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари контекстида кўрилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли экология соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлик янада тизимли ва мазмунли бўлиб бормоқда.
Бунда минтақавий ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш алоҳида ўрин тутди. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва унинг тузилмалари амалдаги механизмлари билан бир қаторда, экологик масалалар минтақа мамлакатлари давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари, шунингдек, соҳавий идоралараро ва экспертлар мулоқоти доирасида янада изчил мустаҳкамлана бошлади.
Минтақа мамлакатларининг иқлим билан боғлиқ халқаро тадбирларда фаоллашганини ҳам таъкидлаш жоиз. Хусусан, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси конференцияларида Марказий Осиё мамлакатлари «5 мамлакат – 1 минтақа – 1 овоз» тамойили остида чиқиш қилиб, иқлим муаммолари бўйича миллий устувор масалалар ва умумий минтақавий ёндашувларни тақдим эта бошладилар.
Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Париж келишуви доирасида ўзларининг миллий миқёсда белгиланган ҳиссасини тақдим этди ва иссиқхона газларини камайтириш, «яшил» энергетика қувватини ошириш ва мослашувчанлик салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ўз олдига юқори мақсадларни қўйди.
Шу билан бирга, Қозоғистон 2060-йилга бориб углерод нейтраллигига эришиш йўлини белгилаб олди, Ўзбекистон эса 2035-йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 2010-йилдагига нисбатан 50 фоизга камайтириш бўйича мақсадли кўрсаткични оширди. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам глобал иқлим мақсадларига эришиш йўлидаги интилишларини тасдиқлаб, ўз ҳиссасини доимий равишда янгилаб, ошириб келмоқда.
Орол инқирози оқибатларига мослашиш масаласида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида Ўзбекистон томонида сўнгги 5 йил ичида 1,7 миллион гектар ўрмонзорлар барпо этилди, Қозоғистон томонида 1 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмон-мелиорация ишлари олиб борилди.
Минтақавий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин натижаларидан бири Шимолий Оролдаги вазиятнинг яхшиланиши бўлди. Сирдарё бўйидаги сув омборларининг иш тартибини мувофиқлаштириш ва давлатлараро келишувларни бажариш ҳисобига сўнгги уч йилда денгизга 6 миллиард куб метрдан ортиқ сув келиб тушди. Натижада Шимолий Оролнинг ҳажми 2022-йил охиридаги 18,9 миллиард куб метрдан 2025-йил охирида 23 миллиард куб метргача ошди.
Билим алмашинуви ва илмий экологик экспертиза соҳасида ҳам минтақавий ҳамкорлик кенгаймоқда. Ўзбекистонда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университетининг ташкил этилиши ушбу ҳамкорликнинг натижаси бўлиб, минтақада шу йўналишда кадрлар тайёрлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун янги майдонга айланди.
Шундай қилиб, Марказий Осиёда ўзаро минтақавий экологик ҳамкорлик аста-секин амалий аҳамият касб этмоқда. Мамлакатлар умумий халқаро позицияни шакллантириш, мувофиқлаштириш механизмларини ривожлантириш, Оролбўйи экотизимларини тиклаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ва илмий-таълим базасини яратишда сезиларли натижаларга эришди.
Шу билан бирга, минтақадаги экологик муаммолар кўлами мувофиқлаштиришни кенгайтиришни тақозо қилмоқда. Трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришда янада ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, иқлим ўзгаришининг оқибатларига мослашиш чораларини кенгайтириш, сув ва экологик инфратузилмага узоқ муддатли инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, умумий экспертлар базаси ва таҳлилий базани мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида қолмоқда.
Кейинги йилларда Марказий Осиёнинг экологик кун тартиби самарадорлиги минтақа мамлакатлари сиёсий ҳамкорлик натижаларини барқарор қўшма механизмларга қанчалик изчил трансформация қила олишига боғлиқ бўлади.
Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммит иқлим масаласида умумий мақсадига эришиш йўлидаги яна бир қадам бўлади. Иқлим ва экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича янги ва амалий ечимларни ишлаб чиқиш нафақат Марказий Осиё мамлакатларининг глобал иқлим кун тартибига қўшган ҳиссасини оширишга, балки экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, ҳаво ифлосланишини камайтириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш ва устувор равишда сув ва энергетика ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий вазифаларни ҳал этишга ҳам хизмат қилади.
Эльвира Бикеева,
МҲТИ лойиҳа раҳбари
Малика Сапармуҳаметова,
МҲТИ етакчи мутахассиси