
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Аввало, самимий меҳмондўстлик ва саммитимизни аъло даражада ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев Жаноби Олийларига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Қозоғистонлик дўстларимизнинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига самарали раислигини юксак баҳолаймиз. Ўзаро ишонч ва мулоқотни мустаҳкамлаш, Жамғарма доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва унинг фаолиятини минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар бажарилди.
Бугун қабул қилинаётган якуний ҳужжатларни қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг амалга оширилиши минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва Орол денгизи ҳавзасида барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлади.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси мамлакатларимиз мустақиллигининг илк даврида Марказий Осиёдаги сув билан боғлиқ, ижтимоий-иқтисодий ва экологик соҳалардаги энг муҳим масалаларни ҳал этиш учун ташкил этилган ноёб минтақавий тузилма бўлиб қолмоқда.
Жамғарма минтақада сифат жиҳатдан янги давлатлараро муносабатларни қарор топтириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.
Йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик тизими туфайли Жамғарма Орол денгизи ҳавзаси сув ресурсларини келишилган ҳолда бошқаришни таъминлашга эришди.
Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига олиб келаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган шароитда Жамғарманинг роли ва аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Экспертларнинг баҳоларига кўра, 2040 йилга бориб, Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари тақчиллиги деярли икки баробар – йилига 20 миллиард куб метргача ошиши мумкин. Бу ичимлик суви таъминоти, экология, аграр сектор, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун қўшимча хавф-хатарларни юзага келтиради.
Шундай бир пайтда мамлакатларимиз сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги бўйича энг қуйи ўринларни эгаллаб турибди. Қишлоқ хўжалигида бир доллар миқдоридаги қўшилган қийматни яратиш учун давлатларимиз деярли уч куб метр сув сарф этмоқда, дунёда эса бу кўрсаткич ўртача икки баробар кам.
Минтақада юзага келаётган вазият биздан сув-энергетика ва экология соҳаларида пухта ўйланган ҳамда комплекс ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугун эрталаб Минтақавий экологик саммитда Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида айтиб ўтган эдим.
Ҳозир эса Жамғарманинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлган сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.
Қисқа муддатда Ўзбекистондаги барча суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди, ирригация тармоқларини бетонлаш 40 фоизга етказилди. Насос станцияларини модернизация қилиш ҳисобига сув хўжалигида энергия истеъмоли қарийб 30 фоизга қисқартирилди. 600 мингдан ортиқ сувдан фойдаланувчилар ва 4 миллион гектардан зиёд суғориладиган ерларни қамраб оладиган ягона рақамли маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.
Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши туфайли ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув ресурсларини тежаш таъминланмоқда. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 15 миллиард куб метрни ташкил этади. Мазкур чораларнинг барчаси комплекс ва изчил характерга эга бўлиб, ўтган йили қабул қилинган Сув кодексида ўз ифодасини топган.
Қадрли дўстлар!
Келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади.
Биз Жамғармани минтақавий интеграциянинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш ниятидамиз.
Шу муносабат билан раислигимизнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтмоқчиман.
Биринчи. Жамғарманинг фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш.
Яратилган пойдевор асосида Жамғарманинг тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришни давом эттириш, унинг органлари ваколатларини аниқ тақсимлашни таъминлаш зарур.
Шу мақсадлар учун ташкил этилган минтақавий ишчи гуруҳи 15 та мажлис ўтказди. Жамғарма фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинди, унинг вазифа ва функциялари янада аниқ белгилаб олинди. Энди барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда унинг тузилмаси, норматив-ҳуқуқий база ва молиялаштириш механизмларини келишиб олиш зарур.
Жамғарма органларининг ваколатларини кенгайтириш, мақоми ва масъулиятини ошириш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаймиз. Ишончим комилки, ушбу масалаларнинг барчаси бўйича оқилона муросага келамиз.
Қардош Қирғиз Республикасининг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятидаги тўлақонли иштироки қайта тикланишига чин дилдан умид қиламиз. Бу Жамғарманинг янада мутаносиб ва узоқ муддатли қарорлар қабул қилишига хизмат қилади.
Иккинчи. Жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш.
Маслаҳат учрашувлари минтақавий ривожланишнинг асосий сиёсий йўналишларини шакллантирмоқда. Шу боис, мазкур саммитлар қарорлари ва Жамғарма фаолияти ўртасида яқин алоқани таъминлаш муҳимдир.
Бу каби учрашувлар давомида олий даражада келишилган барқарор ривожланишнинг устувор йўналишлари Жамғарманинг тармоқ механизмлари орқали ҳам амалиётга татбиқ этилиши мумкин.
Учинчи. Жамғарма дастур ва лойиҳалари самарадорлигини ошириш.
Орол денгизи ҳавзаси бўйича тўртинчи дастур доирасида 34 та минтақавий лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Афсуски, бугунги кунга қадар унинг натижадорлигини баҳолаш бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқилмаган.
Шу муносабат билан биз дастур ижроси мониторингига самарадорликнинг ҳал қилувчи индикаторларини киритишни таклиф этамиз. Бу ижобий ўзгаришларни кузатиш, муаммоли жиҳатларни аниқлаш ҳамда халқаро ҳамкорлардан қўшимча маблағ ва техник кўмак жалб этишга ёрдам беради.
Тўртинчи. Жамғарманинг устувор дастурлари учун мавжуд таъсирчан молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш.
Масалан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди платформасидан фойдаланишни таклиф этамиз. У молиявий ресурсларни жамлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича муваффақиятли тажрибага эга.
Биз Траст фондининг мандати ва географик қамровини биргаликда бутун Орол денгизи ҳавзасига кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишимиз мумкин. Бу барча давлатлар ҳудудида ҳаётий муҳим экологик ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун мақсадли инвестицияларни йўналтириш имконини беради.
Бешинчи. Жамғарма ва бошқа минтақавий тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси сув-энергетика масалалари, музликлар ва тоғ экотизимларини сақлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чўлланишга қарши курашиш бўйича самарали минтақавий платформалар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур. Хусусан, Жамғармага Тошкентдаги Яшил университет қошидаги Чўлланишга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда мақсадли лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этамиз.
Олтинчи. Халқларимизнинг сувга ҳаёт манбаи сифатида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш борасидаги кўп асрлик анъаналарини қайта тиклаш.
Кўриниб турибдики, агар жамиятнинг сувга бўлган муносабати ўзгармаса, ҳеч қандай муҳандислик ечимлари кутилган самарани бермайди.
Узлуксиз таълим тизими орқали – мактабгача таълим даражасидан то мутахассисларни тайёрлашгача – сувдан оқилона фойдаланишни ҳар бир кишининг кундалик одатига, умумий маданий кодимизга айлантиришга интилишимиз лозим.
Биз асосий қисми фермерлар ва саноатчиларни сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатадиган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга туширишни таклиф этамиз.
Шуни таъкидламоқчиман: ушбу устувор йўналишларнинг барчасини ҳаётга татбиқ этиш учун халқаро шериклар, молия институтлари ва эксперт-таҳлилий тузилмалар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уни иқлим, экология, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликка жалб этиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратмоқчиман.
Бугунги кунда Афғонистонда қирғоқларни мустаҳкамлаш ва мелиорация ишларини олиб бориш учун халқаро донорларнинг молиявий маблағларини жалб этиш долзарбдир.
Истиқболда Орол ҳавзасидаги барча мамлакатлар, шу жумладан, Афғонистоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий шартномавий-ҳуқуқий базани шакллантириш зарур.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Жамғармага раислик эстафетасини қабул қилар эканмиз, минтақамиз учун алоҳида долзарблик касб этаётган сув-энергетика ва экологик кун тартибини амалга ошириш борасидаги ишларни Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан биргаликда фаоллаштиришимиз лозимлигини таъкидламоқчиман.
Шу муносабат билан 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ва минтақа мамлакатларида Сув ҳафталикларини мунтазам ўтказиб боришга қаратилган ташаббусларимизни амалга оширишда қўллаб-қувватлашингизга умид қиламан.
Барчангизни жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Самарқандда бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумида қутлашдан мамнун бўламан.
Эътиборингиз учун раҳмат.