Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама шерикликнинг барча йўналишларидаги юқори суръат мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бормоқда, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари фаол босқичда.
Янги ташаббусларни, жумладан, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар доирасида ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
