Иқтисодиётдаги бугунги глобалашув, жаҳонда юз бераётган геосиёсий ва геоиқтисодий вазият ҳозирги кунда давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни нафақат географик яқинлик, балки ўзаро манфаатлар уйғунлиги асосида ривожлантирмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг мустақил ва мувозанатли ташқи сиёсат олиб бораётганлиги ўз навбатида мамлакатимиз билан ҳамкор давлатлар сонининг йилдан-йилга ортиб боришига таъсир кўрсатмоқда. Кўп қиррали ташқи сиёсат энг аввало яқин қўшниларимиз билан ўзаро ҳамкорликни сақлаган ҳолда дунёнинг турли минтақаларидаги давлатлар билан ҳар томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг Болқон минтақаси давлатлари билан алоқалари сўнгги йилларда турли соҳаларда ривожланиб бораяпти. Бу борада Сербия билан ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1995 йил 18-январда ўрнатилган. Ўшандан буён икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик турли даражаларда барқарор ривожланиб бормоқда. Айрим йилларда икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиш динамикаси нисбатан паст бўлган эсада, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тобора фаоллашиб бораётган ташқи сиёсати ва халқаро алоқаларни диверсификация қилиш борасидаги ислоҳотлари Ўзбекистон-Сербия муносабатларини сезиларли даражада мустаҳкамлади.
Сўнгги 3-4 йил ичида расмий Тошкент ва Белград ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик, сиёсий-иқтисодий соҳадаги мулоқатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилмоқда. Натижада давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқотлари икки томонлама муносабатларда муҳим қадамларга айланди. Жумладан, 2023 йил 20-августда Будапештда бўлиб ўтган Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ва Сербия Президенти А.Вучич ўртасида ўтказилган учрашув икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ривожланишига туртки берди. Бу икки давлат раҳбарлари ўртасидаги навбатдаги учрашув 2025 йил 3-сентябрь куни Пекинда бўлиб ўтди. Ушбу учрашувлар томонларнинг ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, савдо, инвестиция, саноат, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, туризм, таълим, транспорт ва давлатлараро мулоқотни фаоллаштиришдан манфаатдор эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари, биринчи навбатда халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хартиясига риоя қилиш, давлат суверенитети ва чегараларининг дахлсизлиги, дўстлик ва манфаатли ҳамкорлик, ички ишларга аралашмаслик, халқаро низоларни тинч йўллар билан ҳал этиш ва шунга ўхшаш йўналишларни ташкил этади. Шу нуқтайи назардан, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида ҳам ўзаро тенг ҳуқуқли маслаҳатлашувлар, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2017 йил август ойида Сербия ТИВ сиёсий директори ва Президентнинг Косово бўйича махсус вакили З.Вуйич Тошкентга ташриф буюрди. Ташриф мобайнида З.Вуйич иштирокида БМТ, ЕХҲТ ва ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан сиёсий мулоқот ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
2021 йилда Тошкентда Сербия ТИВ давлат котиби Н.Старович иштирокида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. 2025 йил 9 октябрь куни Ўзбекистон ва Сербия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида видеоконференция шаклида сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи давраси ташкил этилди.
2022 йилда икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида Ҳамкорлик ва идоралараро маслаҳатлашувлар тўғрисидаги протоколнинг имзоланиши Ўзбекистон-Сербия муносабатларида янги даврни бошлаб берди. Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида томонларнинг мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш, маданий ва гуманитар мулоқотни кенгайтириш ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги стратегик режаларига ҳуқуқий асос бўлди.
2025 йил сентябрь ойида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотлар Тошкент ва Белград ўртасидаги турли даражадаги мулоқотларнинг янги архитектурасини шакллантиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2025 йилда Ўзбекистоннинг Сербиядаги биринчи элчиси тайинланди. Бу икки томонлама муносабатларнинг янада ривожланишида муҳим қадамга айланди.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳозирда камтарона кўрсаткичларга эга бўлсада, бироқ, бу соҳада катта истиқболлар мавжуд эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки, айнан Ўзбекистон Сербия орқали Болқон минтақасидаги бошқа давлатлар, хусусан, Хорватия, Албания, Шимолий Македония, Черногория ҳамда Словения каби давлатлар билан ҳам алоқаларни кенгайтириб бориш салоҳиятига эга.
Келгусида Ўзбекистоннинг Болқон минтақасидаги давлатлар билан товар айирбошлашини кўпайтириш, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, агросаноат мажмуи, туризм ҳамда кўплаб бошқа муҳим тармоқларда кенг кўламли кооперация дастурларини тайёрлаш борасида бир қанча чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Сўнгги йилларда дунёда юз бераётган геосиёсий ҳамда геоиқтисодий беқарор вазият Ўзбекистонда ҳам халқаро транспорт йўлакларини янада ривожлантиришга сабаб бўлмоқда. Чунки Марказий Осиёнинг барча давлатларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга Ўзбекистон Хитой, Ҳиндистон, Европа ва бошқа давлатлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун қулай географик ерда жойлашган давлат сифатида эътироф этилади. Мамлакатимиз шу имкониятлардан фойдаланиш мақсадида “Марказий Осиё – Болқон” йўналишида янги транспорт йўлакларини очишга ҳаракат қилмоқда. Чунки, Ўзбекистон учун Транскаспий йўлаги доирасида Болқон давлатлари билан ҳар томонлама савдо-иқтисодий ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги корхоналар сони ўнга яқин бўлиб, шундан иккитаси қўшма корхона ва қолганлари якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари сифатида фаолият олиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айланмаси йилига 12 млн. АҚШ доллари атрофида бўлишига қарамай, иқтисодий, инвестициявий ҳамда савдони ривожлантириш бўйича жуда катта иқтисодий салоҳият мавжуд.
Агар икки мамлакат ўртасида 2023-2026 йиллардаги расмий музокаралар ва бизнес-форумда қайд этилган устувор йўналишлар, келишувлар ҳамда тузилган шартномалар моҳиятига қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон учун асосан саноат ускуналари, машина ва механизмларни Сербиядан импорт қилиш муҳим ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистонга Сербия технологияларини олиб кириш, қўшма корхоналарни ташкил этиш, мамлакатда автомобилсозлик учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, айрим ишлаб чиқарувчи соҳаларни маҳаллийлаштириш ҳамда Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиё бозори, балки Европа бозорлари учун ишлаб чиқариш базасига айлантириш муҳим ҳисобланади.
Сербия учун Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, озиқ-овқатни қайта ишлаш ускуналари, рақамлаштириш, сунъий интеллект, фармацевтика, тўқимачилик ва автомобилсозлик соҳаларига инвестиция лойиҳалари, хусусан, Европа технологияларини Ўзбекистонга олиб кириш, ноу-хау ва Европа тажрибасини соҳа ва тармоқларга жорий этиш, ҳудудларни ривожлантириш муҳим ҳисобланади. Бу эса икки давлат ўртасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш, жумладан, ҳамкорликда енгил саноат, тўқимачилик, фармацевтика, автомобилсозлик ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Хулоса сифатида шуни таъкидлашимиз мумкинки, икки давлат ўртасидаги сиёсий келишувлар муҳим бўлса-да, уларни реал иқтисодий натижага айлантирадиган биринчи муҳим омил – транспорт йўлакларини ишга тушириш бўлса, иккинчи муҳим омил – бизнесга кенг йўл очиш. Улардан самарали фойдаланиш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:
Биринчидан, икки давлат ўртасида транспорт йўлаги шунчаки “юк ташиш йўли” эмас, балки Ўзбекистоннинг Болқон орқали Европа глобал қиймат занжирларига кириш имкониятига айланиши даркор.
Иккинчидан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш билан бирга савдо сифатига ҳам жиддий эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Чунки, хомашё, ярим тайёр маҳсулотлар ёки оддий маҳсулотлар экспортидан кўра юқори қўшилган қийматга эга товарлар экспортига эътибор қаратиш лозим.
Учинчидан, икки давлат ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқариш зарур. Чунки, Сербия капитали ва технологияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш, шу билан бирга, Ўзбекистон бизнесининг Болқон бозорларидаги иштирокини кенгайтириш икки давлат иқтисодиёти учун катта самара келтиради.
Тўртинчидан, икки давлат ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйган ҳолда ҳамкорликда ишлаб чиқаришни жорий этиш зарур. Бунда маҳсулотни бир мамлакатда ишлаб чиқариб, иккинчи мамлакат бозорига экспорт қилишдан кўра, икки давлат ресурслари ва имкониятларини бирлаштирган ҳолда учинчи мамлакат бозорига чиқиш иқтисодий жиҳатдан муҳимроқ ҳисобланади.
Бешинчидан, икки давлат ўртасида транспорт-логистика интеграциясини йўлга қўйиш лозим. Бу интеграция келгусида транспорт харажатларини қисқартириш билан бирга янги транзит йўналишларини ривожлантиришга олиб келади. Натижада савдо имкониятлари кенгаяди.
Олтинчидан, инсон капиталини ривожлантириш ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш жараёнини янада фаоллаштириш зарур. Бунда иқтисодий ҳамкорлик фақат товарлар алмашинуви эмас, балки мутахассислар, олимлар, муҳандислар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларнинг ҳам янада мустаҳкамланишига олиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Сербия ўртасида янги иқтисодий кўприк ўз навбатида Марказий Осиё ва Болқон минтақасидаги давлатлар учун ҳам иқтисодий ўсишнинг муҳим таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Натижада Ўзбекистонда халақаро транспорт йўлакларини ривожлантириш имкони пайдо бўлади, транспорт-логистика жараёнлари самарадорлиги ошади, юкларни етказиб бериш муддати икки-уч баробар қисқаради, қуруқлик портини яратиш ва халқаро савдо ва транзит салоҳиятини оширишга эришилади.
Нодирбек Расулов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари