Суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлиги, аввало, инсон ўз ҳуқуқини суд орқали қанчалик тез, қулай ва ишончли ҳимоя қила олиши билан белгиланади. Ўзбекистонда қабул қилинган “Одил судлов – 2030” стратегияси судни фуқарога яқинлаштириш, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш сифатини ошириш ва рақамли хизматларни кенгайтириш орқали ана шу мақсадга эришишни кўзлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги ПФ–160-сон Фармони билан тасдиқланган стратегия суд тизимини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишларини белгилаб берди. Ҳужжатда ислоҳотлар “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби олти устун асосида олиб борилиши назарда тутилган. Бу йўналишларнинг барчасини бирлаштирадиган асосий тамойил — суд фаолиятида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари марказда туришидир.
Халқчил суд, энг аввало, одил судловдан фойдаланиш имконияти ҳамма учун бирдек бўлишини англатади. Суд биносининг мавжудлиги ўз-ўзидан етарли эмас: фуқаро у ерга ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан етиб бориши, мурожаат қилиш тартибини тушуниши ва ишининг мазмунан кўриб чиқилишига эришиши лозим. Шу сабабли стратегияда 2027–2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш белгиланган. Бунда аҳоли сони, судларга келиб тушаётган ишлар миқдори, судьялар иш юкламаси, ҳудудий шароит ва одил судловдан фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинади.
Мазкур ёндашув, айниқса, оилавий, уй-жой, меҳнат, мерос ва алимент билан боғлиқ низолар юзасидан судга мурожаат қиладиган фуқаролар учун муҳим. Суднинг аҳолига яқинлашиши йўл харажатлари ва вақт сарфини камайтириш билан бирга, ҳуқуқий ҳимояга мурожаат қилишдаги ҳудудий тафовутларни қисқартиришга хизмат қилади. Демак, халқчиллик фақат муомала маданияти ёки хизмат кўрсатиш қулайлиги эмас, балки суд ҳимоясидан амалда тенг фойдаланиш имкониятидир.
Стратегияда фуқароларнинг судга мурожаат қилиш жараёнидаги ортиқча расмиятчиликларни камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Амалиётда фуқаро ёки тадбиркор низонинг қайси суд ваколатига киришини аниқ билмаслиги, аризада эса айрим процессуал камчиликларга йўл қўйиши мумкин. Бундай ҳолатлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш жараёнини чўзмаслиги керак. Шу боис фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда иш тегишли судга тааллуқли эмаслиги сабабли аризани қайтариш ўрнига уни ваколатли судга ўтказиш, айрим формал камчиликларни эса суд кўмагида бартараф этиш механизмларини жорий қилиш кўзда тутилган. Ушбу тартибларни ишлаб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини 2027 йил 1 апрелга қадар киритиш вазифаси белгиланган.
Суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш ҳам ислоҳотларнинг муҳим қисмидир. Стратегияга кўра, 2027 йил 1 июлдан умумий юрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ҳудудлараро судларни ташкил этиш назарда тутилган. Ҳудудлараро судлар — юрисдикцияси бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликни қамраб оладиган, суд ҳужжатларини белгиланган тартибда қайта кўриб чиқишга ваколатли судлардир. Улар вилоят ва унга тенглаштирилган судларда кўрилган айрим ишларни тафтиш тартибида, шунингдек, ўзлари биринчи инстанцияда кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиши белгиланган.
Бундай судларни ташкил этишдан кўзланган мақсад шунчаки янги ташкилий бўғин яратиш эмас. Муҳими, ишларни қайта кўриш ваколатларини суд инстанциялари ўртасида аниқ ажратиш, холислик ва мустақиллик кафолатларини кучайтириш, суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантиришдир. Натижада суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш имкониятлари такомиллашиши, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини самарали тиклаш учун қўшимча институционал шароит яратилиши кутилмоқда.
Рақамли одил судлов эса суд хизматларидан фойдаланишни соддалаштириш ва жараёнларнинг очиқлигини оширишга қаратилган. Ҳозирги вақтда Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар портали орқали судларга электрон мурожаат қилиш ва қатор хизматлардан фойдаланиш имконияти мавжуд. Стратегияда 2027 йил якунига қадар портални такомиллаштириш, янгиланган мобил иловани ишга тушириш, судга мурожаат намуналари сифатини яхшилаш ҳамда суд ҳужжатларини интерактив излаш имкониятларини кенгайтириш белгиланган.
Рақамли хизматларнинг аҳамияти, аввало, фуқаронинг суд билан боғлиқ айрим ишларни масофадан туриб бажариши, зарур маълумотни тез топиши ва ортиқча қатновларни камайтиришида намоён бўлади. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар суд биноларида “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган. Бундай офисларда мурожаатларни қабул қилиш, зарур маълумот бериш ва электрон хизматлардан фойдаланишда амалий кўмак кўрсатиш бир жойда йўлга қўйилади. Бу ёндашув рақамли имкониятлардан фойдаланишда қийналадиган фуқаролар учун ҳам муҳим ёрдам бўла олади.
Стратегия инсон ҳуқуқларини жиноят процессининг дастлабки босқичларидаёқ ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришни ҳам назарда тутади. Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьяси институти жорий этилган. Эндиликда 2027 йил 1 июлдан тергов судьясига шахсни ушлаб туриш ва процессуал мажбурлов чораларини қўллаш учун нафақат расмий қонунийликни, балки етарли фактик ва ҳуқуқий асослар мавжудлигини ҳам текшириш ваколатини бериш кўзда тутилган. Шунингдек, конституциявий ҳуқуқларни бевосита чеклайдиган айрим тезкор-қидирув тадбирларига суд томонидан санкция бериш тартибини қонунчиликда белгилаш вазифаси қўйилган.
Яна бир муҳим янгилик — 2027 йил 1 августдан “Прецедентлар” реестрини жорий этиш режасидир. Унда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қиладиган Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиш ва мунтазам янгилаб бориш назарда тутилган. Реестр судьялар ва ҳуқуқшунослар билан бир қаторда, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ҳам ўхшаш ҳуқуқий вазиятларда суд амалиёти қандай шаклланаётганини англаш имконини беради. Бу ҳуқуқий аниқлик ва суд қарорларининг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Тадбиркорлик субъектлари учун 2028 йил 1 январдан иқтисодий суд ишларини проактив бошқариш стандартини жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу ёндашув судьянинг ишни кўриш давомида аниқланган айрим формал камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришини назарда тутади. Шунингдек, шу санадан суд маъмурчилиги институтини жорий этиш режалаштирилган. Ташкилий, моддий-техник, молиявий ва ахборот-таҳлилий вазифаларнинг махсус маъмурият зиммасига ўтказилиши судьяларга асосий эътиборни ишларни ўрганиш, далилларни баҳолаш ва асослантирилган қарор қабул қилишга қаратиш имконини бериши кутилмоқда.
“Одил судлов – 2030” стратегиясининг аҳамияти унда белгиланган алоҳида янгиликлар билангина чекланмайди. Фуқаролик судларини аҳолига яқинлаштириш, ҳудудлараро судлар орқали қайта кўриш тизимини такомиллаштириш, рақамли хизматларни ривожлантириш, процессуал тўсиқларни камайтириш ва инсон ҳуқуқларига доир суд назоратини кучайтириш ягона мақсадга — самарали ва ишончли суд ҳимоясини таъминлашга қаратилган. Стратегияда белгиланган чора-тадбирлар тегишли қонунчилик ва ташкилий механизмлар орқали босқичма-босқич амалга оширилади. Уларнинг натижаси эса, энг аввало, фуқаронинг кундалик ҳаётида: судга мурожаат қилиш осонлашиши, ишларнинг холис кўрилиши ва бузилган ҳуқуқларнинг ўз вақтида тикланишида намоён бўлиши лозим.
Шуҳрат Камолов, Хоразм вилоят суди раиси