Президент Шавкат Мирзиёевга автомобил саноатида қилинаётган ишлар ва 2025 йилга мўлжалланган режалар ҳақида ахборот берилди.
Мамлакатимиз саноатида автомобилсозлик улуши 10 фоизни ташкил этади. Ўтган ўн ойда 338 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. 1 минг 400 турдаги бутловчи қисмлар маҳаллийлаштирилган. Иқтисодий чоралар натижасида соҳада таннарх 4 фоиз камайган. Экспорт 455 миллион доллар бўлган.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти раиси олдиндаги режалар ва вазифалар юзасидан ахборот берди.
Келаси йил 450 мингта автомобил ишлаб чиқариш ва экспортни 700 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Ҳудудий корхоналар билан кооперацияни кучайтириб, маҳаллийлаштиришни ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, 700 та детални ўзлаштириш бўйича 325 миллион долларлик 63 та лойиҳа амалга оширилади.
Маълумки, Жиззахда “BYD” компанияси билан ҳамкорликда электромобил заводи барпо этилган. Ҳозирда у ерда Chazor ва Song Plus Champion каби машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Келгуси йилларда моделлар қаторини кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 300 миллион долларлик иккинчи босқичда электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, учинчи босқичда 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари хитойлик ҳамкорлар билан келишиб, қўшимча қувватларни қуриш, электромобиллар учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни изчил ўзлаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.
Кооперация асосида маҳаллий корхоналарга буюртмаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.