Дунё халқларини бир-бирига яқинлаштирадиган, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлайдиган энг таъсирчан омиллардан бири – маданиятдир. Зеро, маданият миллатнинг юзи, маънавиятининг ифодаси, тарихи ва келажаги, асрий қадриятлар бешигидир. Бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар нафақат иқтисодий манфаатлар, балки маданий-гуманитар ҳамкорлик орқали ҳам янги мазмун ва аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, мамлакатимизнинг очиқ ва манфаатли ташқи сиёсати натижасида халқаро маданий алоқалар сезиларли даражада кенгайди. Президентимиз томонидан маданият дипломатиясини ташқи сиёсатнинг муҳим омили сифатида белгилаши юртимизнинг халқаро маданий майдонда тобора ўсиб боришини таъминлади. Бу жараёнда АҚШ билан маданий ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда давлатлар айнан шу тамойил асосида изчил ривожланиб келмоқда. Хусусан, маданият, таълим, илмий алмашинув, маданий меросни ривожлантириш каби йўналишлар муносабатларнинг ажралмас қисмига айланган. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги шерикликнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат.
Энди эса аниқ ва манфаатли масалаларга яъни икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатлар ҳақида тўхталиб ўтсак. 2017 йилдан бошлаб мамлакатлар ўртасида маданий алоқалар муттасил фаоллашди. Хусусан, Тошкентда америкалик дирижёрлар, мусиқачилар ва профессорлар иштирокида ўтказилган концертлар ҳамда маҳорат дарслари икки мамлакат мусиқий мактаблари ўртасида тажриба алмашинувининг янги саҳифасини очди. Бу ташрифлар миллий санъат анъаналари ва замонавий ижрочилик мактабларини ривожлантириб, келажак авлодга янги эшикларини очди.
Шунингдек, шу йилда юртимизнинг маънавий пойтахти, Самарқандда бўлиб ўтган XI халқаро «Шарқ тароналари» фестивалида АҚШнинг «Gina Chavez Band» жамоаси иштирок этди.
Мазкур фестиваль АҚШ ижодкорлари учун ҳам Марказий Осиёнинг бой мусиқий мероси билан яқиндан танишиш ва тушуниш имконини берди. Кейинчалик ушбу жамоанинг Ўзбекистондаги Халқаро жазз фестивалида яна иштирок этиши маданий мулоқот бир марталик эмас, балки изчил ҳамкорликка айланаётганини кўрсатди.
Дарҳақиқат, маданий ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати – таълим соҳасидаги алоқалардир. 2017 йилда Мичиган давлат университети мусиқа коллежи профессорларининг Ўзбекистон Давлат консерваториясида маҳорат дарслари ўтказиши, 2022 йилда эса Р. Глиэр номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактаби билан Миннесота штатидаги Bemidji давлат университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши келажак авлод санъаткорлари учун янги имконият эшикларини очди. Бу каби алоқалар нафақат тажриба алмашиш, балки икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида узоқ муддатли академик шериклик шаклланишига хизмат қилади.
Такидлаш жоизки, юртимизнинг очиқ ташқи сиёсати халқаро маданий макондаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтирди. Хусусан, Самарқанд, Хива, Бухоро, Қўқон, Нукус, Наманган, Андижон каби шаҳарларда ўтказилган нуфузли халқаро фестиваллар нафақат миллий маданиятни намойиш этиш, балки турли мамлакатлар билан гуманитар мулоқотни кучайтиришга хизмат қилди. Шу билан бирга, 2019 йилда АҚШ томонидан ажратилган 150 минг долларлик давлат гранти Хивада жойлашган Тошҳовли саройини реставрация қилиш ишлари бошлангани маданий дипломатиянинг амалий натижаларидан бири бўлди. Кейинчалик Смитсон институти вакилларининг Хивага ташрифи ҳам мазкур йўналишдаги мулоқотнинг давомийлигини тасдиқлади. Бу ташриф давомида меҳмонлар тарихий ва навқирон Хивани айланиб, юртимизнинг тарихий шаҳарлари ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.
Шунингдек, 2020 йилдан кейинги даврда маданий муносабатлар янада кўп қиррали тус олди. АҚШда ўзбек миллий рақс санъатини ўрганишга бағишланган махсус лойиҳанинг амалга оширилиши, америкалик мутахассисларнинг Хивадаги «Лазги» халқаро фестивали, Нукус ва Гулистондаги халқаро хайрия санъати фестиваллари, Қўқондаги Халқаро ҳунармандчилик фестивали, Андижондаги «Дунё садолари» форумида мунтазам иштирок этиши маданий мулоқотнинг сарҳадлари ҳамда мазмун-моҳияти кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Бу жараёнга назар ташлар эканмиз, бир муҳим хусусият кўзга ташланади. Илк босқичда ҳамкорлик асосан концерт ва фестиваллар доирасида кечган бўлса, кейинги йилларда у таълим, реставрация, маданий меросни муҳофаза қилиш, халқ амалий санъати, рақс, мақом каби кенг қамровли соҳаларни ўз ичига олди. Демак, муносабатлар ўзаро тизимлашиб, шериклик янги босқичга кўтарилган.
Маданият фақат маънавий қадрият эмас, балки ижодий иқтисодиётнинг ҳам муҳим тармоғидир. Кино, мусиқа, туризм, ҳунармандчилик ва фестиваллар орқали мамлакатларнинг иқтисодий салоҳияти ҳам ортиб боради. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий ҳамкорлик ижодий индустрияларни ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Шунингдек, сўнгги йилларда Хива шаҳрида ўтказилган халқаро бахшичилик санъати фестивали, Наманганда ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО шафелигида ташкил этилган III Халқаро мақом санъати анжуманида АҚШ вакилларининг иштирок этиши миллий номоддий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилди. Бу иштироклар юртимиз маданиятини жаҳон маданий маконидаги нуфузини ошириш билан бирга, АҚШ жамоатчилигининг ўзбек миллий санъатига бўлган қизиқишини ҳам кучайтирмоқда.
Жорий йилда, ана шундай муҳим учрашувлардан бири, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ маданият вазирларининг учрашуви пойтахтимизда ташкил этилди. Мазкур учрашувда томонлар ижодий саноат, рақамли лойиҳаларни ривожлантириш, касбий тажриба алмашиш, шунингдек, кино, театр, адабиёт ва мусиқа соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида иштирокчилар Вашингтонда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – АҚШ» саммитида қабул қилинган Маданий меросни асраб-авайлаш бўйича Маданият вазирлари кенгашининг қўшма баённомасини имзоладилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари – маданият ва ахборот вазири Аида Балаева билан учрашиб, адабиёт ва театр санъати соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Хулоса қилиб айтсак, бугунги кунда маданият давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг энг барқарор устунларидан бирига айланган. Сиёсий вазият ўзгариши, иқтисодий манфаатлар вақт ўтиши билан алмашиши мумкин, аммо маданий алоқалар халқларнинг қалбида, юрагида, руҳида абадий яшайди.
Зеро, маданият – миллат кечагини бугуни билан, бугунини эса эртанги куни билан боғлайдиган маънавий кўприкдир. Унга киритилган ҳар бир сармоя, аслида, инсон қалбига, миллат келажагига ва тинчликка киритилган сармоядир. Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги маданий ҳамкорлик ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бугун биргаликда экилаётган ишонч уруғлари эртага халқлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик дарахтига айланади. Унинг соясида бир неча авлодлар, бир неча соҳа вакиллари ҳамда ижодкорлар бирлашиб, ижод орқали миллат равнақига ҳисса қўшишига ишонамиз.