Паркентгача қурилаётган темир йўл туман ривожини жадал оширади

18 Iyun 2025

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудларнинг иқтисодий ривожи ва янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида 18 июнь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманига ташриф буюрди. Дастлабки манзил “Паркентсой” турар жой массиви бўлди.

Ҳудудларни “ўсиш нуқталари”га таяниб ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши. Бундай ўзгаришлар Паркент туманида ҳам намоён.

Туман марказидан оқиб ўтувчи Паркентсой қирғоғида қурилаётган ушбу массивни экошаҳар дейиш мумкин. Унинг умумий майдони олти гектар бўлиб, жами 5 минг 200 хонадонли 125 та кўп қаватли турар жой қурилади. Улар барча замонавий коммунал тармоқлар, энергия тежамкор технологиялар билан таъминланади. Жумладан, уйлар тепасига геоколлекторлар ўрнатилиб, сув иситишда фойдаланилади.

Аҳоли нисбатан зич яшайдиган ҳудудлар учун бундай массивлар муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Уйларнинг шинамлиги, таннархи халқимизга мос. Бу айрим маҳаллаларда бир ҳовлида қисилишиб яшаётган оилалар учун айни муддао бўлади.

Давлатимиз раҳбари мазкур янги хонадонлардаги шароитларни кириб кўрди.

Бу ерда, шунингдек, иккита мактаб, саккизта боғча, болалар майдончалари, 10 гектарлик парк, сунъий кўл, сайилгоҳ ва велойўлаклар барпо қилинади. 17 километр ички йўллар таъмирланади.

Массив нафақат обод турмуш учун, балки тадбиркорлик учун ҳам шароит яратади. Бу ерда 58 та нотурар бино қад ростлайди. Уларда савдо ва хизмат корхоналари жойлашиб, 700 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда туманни янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Бу борадаги муҳим лойиҳа – “Байтқўрғон – Паркент” электрлаштирилган темир йўли. Ҳозирда унинг қурилиши жадал кетмоқда. Қарийб 24 километрлик бу йўл фойдаланишга топширилгач, Паркентдан пойтахтимизга бориш учун катта қулайлик яратилади,   туманнинг хушманзара гўшаларига саёҳатга келиш осонлашади. Унда кунига 275 минг нафаргача йўловчи ташилиши ҳисоб-китоб қилинган. Умуман, бунинг натижасида қатнов ва тадбиркорлик фаоллашиб, Паркент иқтисодиётининг суръати жадал ошади.

Паркентсойни тартибга келтириш, қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Биринчи босқичда сойнинг 4 километр қисми тўлиқ бетонлаштирилди. Бу янги бунёдкорликларга йўл очди. Хусусан, сой бўйлаб қарийб беш километрлик янги йўл қурилди. У ҳозир туман марказидан ўтган асосий кўчага ёндош бўлиб, бир кеча-кундузда 10 минг автомобилни ўтказиш қувватига эга. Бу транспортлар  юкламасининг бир қисмини ўзига олиб, марказда тирбандликни камайтиради. Шунингдек, пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгич ва кўприк барпо этилган.

Энди, иккинчи босқичда Кумушконгача бўлган ўзанлар тартибга келтирилиб, очиладиган 100 гектар ерда туризм объектлари ташкил этиш режалаштирилган.

Президентимиз шу ерда паркентлик фаоллар билан суҳбатлашди.

– Бизнинг энг катта бойлигимиз юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишталиги. Тинчлик барқарор бўлса, мана шундай бунёдкорлик бўлади, режалар амалга ошади. Давлат ташкилотларини сафарбар қилиб, имкониятларни юзага чиқариб, ҳамма ҳудудларни ривожлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Паркентга ҳам истиқлол шабадаси, ислоҳотлар натижаси етиб келганини кўриб, хурсанд бўлдим. Халқимиз мана шундай фаровон шароитда яшашга муносиб, – деди Шавкат Мирзиёев.

Нуронийлар туман ривожи учун яратилаётган улкан имкониятлар, аҳоли ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар, меҳнатидан бахт топаётган инсонлар ҳақида сўзлади.

Related