Парламент ва ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халққа садоқат билан хизмат қилиш даври

20 Noy 2024

Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқинда бўлиб ўтган сайловлар натижаси бўйича янги парламент шаклланди. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлиси ўтказилди.

Йиғилишни Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов олиб борди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси ижро этилди.

Янгиланган Конституциямизнинг 94-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатларига киради. 118-моддага кўра, Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади.

Шу муносабат билан мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

– Мамлакатимиз ўз олдига қўйган стратегик ва жорий вазифаларни амалга оширишда, барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, ҳукумат ва унинг раҳбари зиммасидаги масъулият ҳозирги мураккаб замонда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Халқимиз бугун янги ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари, аввало, ўтган беш йилдаги дастурлар ижросига тўхталиб ўтди. Бу даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етиши кутилмоқда.

Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 миллиард доллардан, олтин-валюта захиралари эса 40 миллиард доллардан ошди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 6 карра кўпайиб, бунинг ҳисобига 1,5 миллионта юқори даромадли иш ўринлари яратилди.

Сўнгги уч йилда умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Муқобил энергия улуши ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўпайди.

Мактабгача таълимда қамров 74 фоиздан, олий таълимда эса 39 фоиздан ошди. Барча ҳудудларда “Инсон марказлари” очилиб, ижтимоий ходимлар томонидан бевосита маҳаллаларда аҳолига 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган эди. Барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу кўрсаткич жорий йилнинг ўзида 110 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Шундай суръат жадал давом эттирилса, 2030 йилга бориб, мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш салоҳияти борлиги таъкидланди. Бу аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга асос бўлади.

Хусусан, аҳоли жон бошига даромадларни 5 минг доллардан ошириш, камбағаллик даражасини 5 фоизга тушириб, эҳтиёжманд аҳоли учун мустаҳкам ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш,  тиббиётга ажратилаётган маблағларни 2 баробар кўпайтириб, тиббий суғурта тизимига ўтиш ва кафолатланган тиббий хизматлар билан тўлиқ қамровни таъминлаш, йилига 150 минг квартирали янги замонавий уй-жойларни барпо этиш имконияти яратилади.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги энг муҳим йўналишларга эътибор қаратди.

Биринчидан, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлаш зарур. Бунда инфляция даражаси 5-6 фоиз, бюджет тақчиллиги 3 фоиз доирасида бўлишига эришиш, йиллик кредитлаш ҳажмини 30 миллиард долларга олиб чиқиш асосий вазифа бўлади.

Иккинчидан, 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланади. Ҳукумат 2030 йилгача ишсизликни халқаро эътироф этилган даража – 5-6 фоиздан оширмаслик бўйича долзарб вазифаларни ҳам самарали ҳал этиши лозим.

Учинчидан, иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстиришда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларига алоҳида аҳамият қаратиш керак. Вазирлар Маҳкамасининг инвестиция комплекси келгуси йилда, иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга тушириши зарур. Иқтисодиётни энергия ресурслари билан ишончли таъминлаш ва энергия самарадорлигини 2 карра ошириш ҳам муҳим масала.

Тўртинчидан, келгуси беш йилда иқтисодиётнинг хусусий сектордаги улушини 85 фоизга етказиш ҳам асосий вазифалардан биридир. Бу борада 2 мингта корхонада давлат улушини, 5 мингдан зиёд кўчмас мулк объектини сотиш, 16 та йирик мажмуа акцияларини “IPO”га чиқариш талаб этилади. Ҳукумат 30 миллиард долларлик хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишни таъминлаши керак.

Бешинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб вазифа бўлиб қолади. Ҳукумат бу соҳадаги дастурлар ижросини таъминлаб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни 1,3 баробар ошириш, ҳар гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиши зарур.

Таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш, ижтимоий хизматларни яхшилаш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз бу мақсадларга эришиш учун ҳукумат билан парламент ҳамкорлиги муҳим эканини таъкидлади.

Авваламбор, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини одамларга янада яқинлаштириш лозим. Қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмитаси ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда ўрганиб борилиши керак.

Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари депутатлар томонидан жойларда аниқланган муаммоларни ҳал этишда қуйи палата қўмиталари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишлари лозим. Шу боис турли соҳаларда назоратни таъминловчи давлат инспекцияларнинг ҳисоботларини Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиб бориш бўйича янги тизимни жорий этиш ташаббуси илгари сурилди.

Парламент назорати – бу аввало “халқ назорати, халқ сўрови” экани таъкидланди. Бу борада барча раҳбарлар масъулият ва жавобгарликни тўлиқ ҳис этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, яқин қўшнилар билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Шу мақсадда Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини айтди.

Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доимо эътибор марказида бўлиши қайд этилди.

Ҳозирги таҳликали даврда давлатимизнинг мустақиллиги ва суверенитетини, халқимизнинг тинч ва эркин ҳаётини ҳимоя қилиш энг муҳим вазифа экани таъкидланди. Шу боис Қуролли Кучларимизнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилади. Ёшларни замонавий билим ва касб эгалари этиб тарбиялашга катта имкониятлар сафарбар этилади.

– Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзодини тақдим этди.

А.Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурини баён қилди.

Мазкур номзод ва дастур муҳокамаси юзасидан сиёсий партиялар фракция раҳбарлари ҳамда депутатлар ўз фикрларини билдирди.

Яширин овоз бериш натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзоди маъқулланди. Бу бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди.

Мажлис якунида келгуси йилги устувор йўналиш ҳам муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Бу борадаги муҳим вазифалар кўрсатиб ўтилди.

– Бугун халқимиз билан юртимиз тараққиётидаги бутунлай янги даврга қадам қўймоқдамиз. Ишончим комил, бу – Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади. Бу давр парламент ва ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади, – деди Президент сўзининг якунида.

Related