Соҳибқирон Амир Темурнинг Ғарб маданиятига таъсири

17 Mar 2026

ХV асрнинг ибтидоси аввало Европа учун, қолаверса, бутун дунё учун теран сабоқларни туҳфа этди. Бу Турон давлатчилиги тарихи анъанлари руҳида тарбияланган, ислом дини ҳаётбахш ғояларидан баҳраманд бўлган, кечирган ҳаётини доҳиёна ақл тарозисида таҳлил қилиб, ижтимоий тафаккурни янги босқичга кўтарган Соҳибқирон Амир Темур фаолияти самаралари эди.

Амир Темурнинг ёрқин шахсияти билан дунёда Ўрта асрлар деб аталувчи, инсоният цвилизациясига кўплаб янгиликлар олиб кирган эволюцион давр ниҳоясига етди ва саноат ҳамда тафаккур инқилобларига асосланган янги давр бошланди. Амир Темурнинг сабоқлари кўҳна қитъа – Европа тараққиётига ҳам ижобий таъсирини кўрсатди. Бу ҳолни аниқ параметрларда яққол кўришимиз мумкин.

Аввало, Амир Темурнинг ёрқин шахсияти Европа учун ҳукмдор – қирол – император сингари тушунчаларни янгилади. Давлатни бошқаришда абсолют монархия ва бошқа тартиблар амал қилган шароитда ҳукмдорлик ворисийлик асосида авлоддан-авлодга ўтиб келаверган. Давлат чамбараги кимнинг қўлига тушиши тақдирга боғлиқ бўлиб қолаверган (ақли заиф ёки ногирон шахслар тахтга чиқиб қолгани Европа тарихида учрайди). Ёхуд ҳокимият ички тузилмаларида яхлитлик таъминланмаган бўлиб, маъмурият ўз йўлида, ҳарбий соҳа вазият тақозасига кўра, иқтисодиёт табиий салоҳиятлар асосида ривожланган даврлар бўлган. Гарчи шундай шароитда ягона кучли қўлга зарурат бўлса ҳам унга эришишнинг қонуний ва ижтимоий асослари мавжуд бўлмаган.

Бу хилдаги тарқоқлик, қолаверса, бошбоқдоқликлар турли можароларга олиб келган. Бундай қараганда, “сарой ўйинлари”, “сарой фитналари” одатдаги ҳол бўлиб, катта бошоғриқни юзага келтирган. Амир Темур фаолияти билан эса ҳамма вазифаларни бир киши эплаши мумкинлиги (ва давлат раҳбари бир вақтнинг ўзида ҳарбий қўмондон, иқтисодий ва маънавий соҳалар ислоҳотчиси, илм-фан ҳомийси, ҳатто ижодкор бўлиши) амалда исботланди. Бу билан давлат бошлиғи, раҳномаси тушунчаси кенг мазмун  ва моҳият  кашф этди.

Соҳибқирон ўз фаолияти билан Евроосиё  ҳамкорлигини янги поғонага кўтарди. Гарчи Осиёдан чиққан фотиҳлар Атилла, Боломбир, Чингизхон, Боту ва бошқалар замон эврилишларида Европанинг анча-бунча қисмини забт этган, унинг тарихига маълум из қодиришга эришган, ўз сиёсатларини ўтказишга улгурган бўлсалар-да, улар табиатидаги дашт одамлари – кўчманчиларга хос шафқатсизлик, муросасизлик, кескинлик қолдирган излар бу ҳудудлар ҳаётида вайроналар, қаттолликлар билан эсланадиган  бўлди.

Амир Темурнинг муросага асосланган сиёсати, қаршилик қилмай, ўз ихтиёри билан қаламравига ўтган эл-элатларга эмну омонлик бергани, шунингдек, бунёдкорлик фаолияти (қадами етган жойларда қанчалаб ташландиқ ҳолига келиб қолган қабрларни обод қилгани, бинолар бунёд этгани, ариқлар қаздириб, зироатчиликни йўлга қўйгани ҳақида етарлича маълумотлар бор) гувоҳ одамларда Шарқ ҳукмдорига муносабатни тубдан ўзгартирди, аста-секин “варварлар”, “ёввойилар” сингари стериотиплар сина бошлади. Умуман, Шарққа, Осиёга, қолаверса, ислом динига қарашлар яхши томонга ўзгарди, қизиқиш ортди.

Европада черковнинг таъсири кучли бўлган ва у кўпинча шафқатсиз роль ўйнаган.  Салиб юришлари деб аталган компания қанчалаб одамларнинг умрига зомин бўлган. Ёки католик ва протестантлар ўртасидаги зиддиятлар туфайли туғилган ихтилофлар, Жордона  Бруно сингари маърифатпарварларни оловда куйдирган инквизиция, иеузиитлар, сингари оқимлар ҳар қандай ҳурпарвар ҳаракатга қарши эди. Амир Темур давлатида диннинг давлатдан ажратилгани ҳамда салтанатда диннинг ўрни ва вазифаси аниқ белгилаб қўйилгани прогресс эди ва мазкур ҳолат Европа давлатлари бошқарувида илғор ғоянинг кириб келишига замин бўлди.

Бу борада аниқ мезонлар яратила бошланди ва у йиллар давомида такомиллашиб борди. Олдин фан, таълим черков ихтиёрида бўлса, энди бу соҳалар билан давлат шуғулланишга киришди. Шундай қилиб, ўқув юртларида дунёвий йўналиш кучайди, бу эса илм-фаннинг ривожланишига олиб келди.

Соҳибқирон шахси ва номи бутун дунёда машҳур бўлиб кетди. “Европа халоскори” сифатида олтиндан ишланган ҳайкали Париждаги Лувр залларини безади. Инглиз драматурги Кристофер Марло  “Буюк Амир Темур” (1587) трагедиясини ёзиш билан жаҳон адабиётида Амир Темур сиймосини яратиш жараёнини бошлаб берди. 1681 йилда яна бир инглиз адиби Чарльз Саундерснинг “Амир Темур” трагедияси ёзилди ва саҳнага қўйилди.

Амир Темурга холис кўз билан боққанлар  уни жаҳон тарихига Европа Ренессансига таъсир ўтказган Ренессансни бошлаб берган, Европа ҳамда Россияни халос этган давлат арбоби ва саркарда сифатида тан олди, қадрлади.

 

Ҳаким САТТОРИЙ,

ёзувчи

 

 

Related