Ўзбекистон иқтисодиётининг бугунги ва эртанги ривожи бевосита хусусий секторнинг эркинлиги, улар учун яратилаётган тенг ва қулай имкониятлар ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя билан белгиланади. Мамлакатимизда мустаҳкам анъанага айланган Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан Очиқ мулоқоти шунчаки навбатдаги тадбир эмас, балки бизнес ва давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри, прагматик ва юқори самарали стратегик альянснинг асосий механизмидир. Айнан ушбу бевосита мулоқот майдони мамлакатимизда инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилиб, миллий бизнесни қўллаб-қувватлаш ва унга янги имкониятлар очишда муҳим ўрин тутмоқда.
Амалий натижалар ва афзалликлар
Давлат раҳбари билан тўғридан-тўғри юзма-юз суҳбат мамлакатда ишбилармонлик муҳитини тубдан соғломлаштиришнинг энг қудратли драйверига айланди. Ушбу платформа доирасида қабул қилинган тизимли қарорлар ва берилган енгилликлар қоғозда қолиб кетмай, бизнес субъектлари учун аниқ ва реал афзалликларни тақдим этди. Қуйида ана шундай стратегик аҳамиятга эга бўлган айрим ташаббуслар мисолида натижалар келтирилади:
Молия-кредит тизимини трансформация қилиш
Давлат йирик корхоналарни тўғридан-тўғри молиялаштириш тартибини мақбуллаштириб, банк ресурсларини асосан хусусий сектор лойиҳаларини ривожлантиришга йўналтиришга эътибор қаратди. Бизнесни ривожлантириш банки, микромолия ташкилотлари ва банклари, факторинг, венчур жамғармалари ҳамда саноатни қўллаб-қувватлаш фондлари ташкил этилди. Тадбиркорларнинг банк ҳисоб рақамларидаги маблағларини давлат томонидан кафолатлаш тизими жорий қилинди.
Ер, мулк ва инфратузилма ислоҳоти
Ер участкалари ва кўчмас мулк тўлақонли иқтисодий активга айлантирилди. Аукциондан сотиб олинган ерлар учун солиқ мувофиқлаштирилди, тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш муддатлари узайтирилди ва уларни устав капиталига киритишга рухсат берилди. Ягона классификатор орқали ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартириш соддалаштирилди. Энергетика лимитлари тартибга солинди ва конлар ҳамда ер ости бойликларини ўзлаштиришга хусусий капитал жалб қилинди.
Ташқи савдо, логистика ва экспорт
Иқтисодиёт ЖСТга аъзо бўлиш ва глобал занжирларга интеграциялашувга йўналтирилди. Металлургия, кимё ва энергетика каби базавий соҳаларда монопол ва эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди. Экспорт олди кредитлаш, логистика ва халқаро сертификатлашни субсидиялаш кенгайтирилди. Транспорт рухсатномаларини шаффоф тақсимловчи «E-logistika» платформаси ишга туширилди ва экспортда ҚҚСни қайтариш механизми соддалаштирилди.
IT, хизматлар ва инновациялар
IT-соҳаси, сунъий интеллект ва стартапларни ривожлантириш бўйича давлат томонидан тенг улушда молиялаштириш ҳамда патентлаш харажатларини қоплаш тизими йўлга қўйилди. Умумий овқатланиш, туризм ва меҳмонхона соҳаларида тўланган ҚҚСнинг бир қисмини «кэшбек» сифатида қайтариш ва фойда солиғини камайтириш жорий этилди. Қурилиш ва туризмда сертификатлаш ҳамда консалтинг хизматлари хусусий секторга ўтказилди.
Солиқ ва назорат тизимини либераллаштириш
Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилди: ҚҚСдаги «tax-gap» коэффициенти бекор қилинди, интизомли бизнес учун очиқ рейтинг тизими жорий этилди. Янги жазо чораларини қўллашга мораторий эълон қилинди. Банклар томонидан гаров мулкини асоссиз савдога чиқариш ва корхоналар фаолиятини ноқонуний тўхтатиш тақиқланди.
Ҳуқуқий ҳимоя ва маҳаллий ишлаб чиқариш
Давлат органларининг мулкни судсиз олиб қўйиш ва ер ажратиш қарорларини бекор қилиш ваколатлари чекланди, солиқ низолари бўйича даъво муддати 3 йилгача қисқартирилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун давлат харидларида «маҳаллий контент» талаби ва узоқ муддатли кафолатланган буюртмалар тизими жорий этилди.
Платформанинг реал таъсирини бизнес вакиллари ўз фаолиятлари мисолида яққол ҳис этмоқдалар.
«AslCab» корхонаси раҳбари Шавкат Холбоев бу ҳақда шундай дейди: «Ўтган йилги Очиқ мулоқотда билдирилган таклифлар асосида экспортда ҚҚСни автоматик қайтариш электрон тизими йўлга қўйилди. Натижада корхонамиз 10-12 миллиард сўмга яқин айланма маблағини қисқа фурсатда қайтариб олди ва бу пулларни хомашё хариди ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришга йўналтирди».
Хорижий инвестор, йирик тўқимачилик корхонаси эгаси Фират Денизнинг таъкидлашича: «Президент билан Очиқ мулоқот – инвесторлар манфаатларини бевосита эшитиш ва ҳимоя қилиш бўйича дунёдаги энг самарали майдонлардан биридир. Йилига 50 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилувчи корхоналар учун қўшимча имкониятлар яратиш бўйича берган таклифим дарҳол қўллаб-қувватланди ва ҳаётга татбиқ этилди».
VI Очиқ мулоқотга тайёргарлик: Рақамлар ва таҳлил
Бўлажак VI Очиқ мулоқотга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 15 майдан бошлаб 50 дан ортиқ вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Республика штаби ташкил этилиб, 24/7 режимида узлуксиз фаолият олиб бормоқда. Call-марказ ва расмий ботлар орқали 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Ижро доирасида 4,2 мингдан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этилди, 1,8 мингга яқин мурожаатни кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда. Мурожаатлар мазмунига кўра: тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича 940 дан ортиқ, банк масалалари бўйича 910 тадан зиёд, ишлаб чиқариш майдонлари билан таъминлаш бўйича 750 тадан ортиқ, тадбиркорликни тартибга солишни соддалаштириш бўйича 680 тага яқин, инфратузилма билан таъминлаш бўйича 660 тадан зиёд, солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича 530 тага яқин ҳамда тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича 480 тадан ортиқ мурожаат қайд этилди. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Қашқадарё вилояти, Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида кузатилди.
Бундан ташқари, очиқ мулоқотлар доирасида масъул ташкилотлар томонидан 750 дан зиёд учрашув ўтказилиб, уларда 8,8 мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этди ҳамда 3,5 минг кўпроқ таклиф ва масалалар билдирилди. Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган 130 дан ортиқ учрашувда 5,7 мингдан зиёд тадбиркор қатнашиб, 1,5 мингга яқин масалани ўртага ташлади. Эксперт гуруҳлари томонидан аниқланган 300 та тизимли муаммо кўриб чиқилмоқда, уларнинг асосий қисми тадбиркорликни тартибга солишни соддалаштириш – 70 тага яқин, солиқ тизимини такомиллаштириш – 60 та ҳамда ташқи иқтисодий фаолият ва инвестициялар соҳасига – 50 тадан ортиқ тўғри келади. Ушбу муаммоларни фундаментал ҳал этиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Бизнес-омбудсман Абдуманноп Буриев соҳадаги устувор йўналишларга тўхталиб, шундай деди: «Асосий эътиборимизни муаммолар юзага келишининг олдини олувчи, тадбиркорлар ҳуқуқини барвақт ҳимоя қилувчи огоҳлантирувчи тизимни барпо этишга қаратганмиз. Соҳани кенг кўламда рақамлаштириш ва электрон ресурсларни ягона тармоққа интеграция қилиш орқали хавф-хатарлар олдиндан бартараф этилмоқда. Мулоқот олдидан ўтказилаётган жонли суҳбатлар бизнесни ҳуқуқий ва рақамли жиҳатдан муҳофаза қилувчи замонавий воситаларни яратишга мустаҳкам замин бўлмоқда».
Ўз навбатида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ижобий динамикани алоҳида эътироф этди: «Бугунги кунда хусусий сектор миллий иқтисодиётимизни олға сурувчи асосий кучга айланди. Мунтазам ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотлар ва уларда қабул қилинаётган тизимли қарорлар тадбиркорларга ўз фаолият кўламини кенгайтириш, экспорт имкониятларини ошириш ҳамда халқаро бозорда рақобатдошликни мустаҳкамлаш учун беқиёс имкониятдир».
Президентнинг навбатдаги Очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнлари ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Ҳар бир билдирилган таклиф ва мурожаат мамлакатимиздаги бизнес муҳитини янада соғломлаштиришга хизмат қилади. Барча тадбиркор ва инвесторларни бўлажак олий даражадаги мулоқот кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этишга таклиф этамиз. Мурожаат ва таклифлар 24/7 режимида 1100 ва 1094 телефон рақамлари, business.gov.uz ҳамда my.chamber.uz/ochiq_muloqot/oz веб-платформалари, шунингдек Telegramдаги @biznesombudsmanrasmiy_bot ва @ochiqmuloqot2026_bot алоқа каналлари орқали қабул қилинмоқда.