Термиз мулоқоти: Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг янги минтақавий архитектураси

19 May 2026

Бугунги халқаро муносабатлар тизими кескин ўзгаришлар, геосиёсий рақобат, транспорт занжирларининг узилиши, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ мураккаб жараёнлар таъсирида шаклланмоқда. Бундай шароитда давлатлар ўртасидаги ишонч, мулоқот ва амалий ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Марказий ва Жанубий Осиё каби тарихан ўзаро боғланган, бироқ замонавий даврда тўлиқ очилмаган улкан салоҳиятга эга минтақалар учун ўзаро боғлиқлик масаласи нафақат иқтисодий, балки стратегик, сиёсий ва цивилизацион аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ташаббуси айнан мана шу тарихий эҳтиёжга жавоб сифатида майдонга чиқди. Бу ташаббуснинг моҳияти шундаки, хавфсизлик фақат ҳарбий ёки сиёсий чоралар билан эмас, балки иқтисодий ривожланиш, транспорт йўлаклари, савдо алоқалари, таълим, маданият ва инсон капитали орқали ҳам таъминланади. Яъни, ривожланиш — хавфсизликнинг оқибати эмас, балки унинг асосий шартидир.

Мазкур ёндашув 2021 йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда институционал мазмун касб этди. Ушбу анжуман Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилди ва минтақалараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим сиёсий-эксперт майдонга айланди. Мазкур жараённинг халқаро эътирофи сифатида 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди. Эътиборлиси, ушбу резолюция Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, 40 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Бу эса Ўзбекистон илгари сураётган ғоялар нафақат миллий ёки минтақавий, балки халқаро аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатади.

Термиз мулоқоти ана шу йирик дипломатик ва интеллектуал жараённинг амалий давоми ҳисобланади. 2025 йил май ойида ишга туширилган ушбу мулоқот Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида барқарор, тизимли ва амалий ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга қаратилган доимий платформа сифатида намоён бўлди. Унинг биринчи йиғилиши кенг иштирокчилар таркиби, кўп томонлама формати ва амалий йўналиши билан халқаро экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. 2025 йил декабрь ойида Доҳадаги халқаро форум доирасида Термиз мулоқотига бағишланган алоҳида сессиянинг ташкил этилгани ҳам мазкур ташаббусга халқаро эътибор ортиб бораётганини тасдиқлайди.

2026 йил 4–6 июнь кунлари Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ушбу платформанинг янги босқичини бошлаб беради. Бу сафар асосий эътибор умумий ғоялар ва концептуал ёндашувлардан аниқ амалий механизмларга ўтишга қаратилади. Яъни, мулоқотнинг мақсади фақат фикр алмашиш эмас, балки сиёсий мулоқот, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, транспорт-логистика, иқлимга мослашув ва маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича амалий натижаларга эришишдир.

Термиз мулоқотининг муҳим хусусияти шундаки, у Ўзбекистоннинг проактив, прагматик ва очиқ ташқи сиёсатини ифода этади. Ўзбекистон ўзини қарама-қарши блоклар ўртасидаги танловга мажбур бўлган давлат сифатида эмас, балки турли минтақалар, бозорлар ва цивилизациялар ўртасида мулоқот ташкил этувчи ишончли майдон сифатида намоён этмоқда. Бу жиҳатдан Термиз мулоқоти, Фарғона тинчлик форуми, Самарқанд иқлим форуми, “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” ва ШҲТ доирасида илгари сурилган яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик ғоялари бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимни ташкил қилади.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг энг муҳим йўналишларидан бири — транспорт-логистика соҳасидир. Марказий Осиё давлатлари денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, ташқи бозорларга чиқишни енгиллаштириш ва юк ташиш харажатларини камайтириш минтақанинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мавжуд маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларининг ташқи бозорларга транспорт орқали боғланиш даражаси тахминан 60 фоиз атрофида бўлиб, бу кўрсаткич Европа Иттифоқи ва АСЕАН давлатларида 95 фоиздан юқори. Шунингдек, минтақада транспорт харажатлари баъзан товар якуний қийматининг 50 фоизигача етади, бу эса ўртача жаҳон кўрсаткичидан бир неча баробар юқори.

Ана шу нуқтаи назардан Трансафғон коридори стратегик аҳамиятга эга. У Марказий Осиё давлатларига Ҳинд океани портларига энг қисқа чиқиш имконини беради, Жанубий Осиёни Марказий Осиё, Россия, Хитой ва Европа бозорлари билан боғлайди. Бу лойиҳа фақат темир йўл ёки транспорт масаласи эмас; у минтақавий иқтисодий интеграция, Афғонистонни тинч ривожланиш жараёнларига жалб этиш ва Евроосиёда янги савдо архитектурасини шакллантириш воситасидир. Шу маънода Ўзбекистон географик чекланганликни логистик устунликка айлантиришга интилаётган давлат сифатида майдонга чиқмоқда.

Афғонистон ушбу жараёнда алоҳида ўрин тутади. У Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи табиий кўприкдир. Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати изчил ва амалий характерга эга. 2021 йилдан буён Афғонистонга 15 та гуманитар конвой орқали 13 минг тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами юборилган. Бундан ташқари, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда: 2025 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,7 миллиард АҚШ долларига етган бўлиб, бу олдинги йилга нисбатан 55 фоизга кўпдир. Бу рақамлар Ўзбекистон Афғонистонни муаммо манбаи сифатида эмас, балки минтақавий ривожланиш ва барқарорлик жараёнларининг муҳим иштирокчиси сифатида кўраётганини кўрсатади.

Термиз шаҳрининг танланиши ҳам тасодифий эмас. Термиз тарихан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо, маданият, илм-фан ва динлар мулоқоти кесишган ҳудуд бўлган. Бу шаҳар қадимда Бақтрия, Кушон давлати, Буюк ипак йўли ва турли цивилизациялар алмашинувида муҳим марказ вазифасини бажарган. Бугун эса Термиз Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси, Афғонистон ва Жанубий Осиё билан амалий ҳамкорликнинг замонавий маркази сифатида шаклланмоқда.

Бунга аниқ мисоллар етарли. 2024 йил 29 августда очилган 36 гектар майдонга эга “Термиз” халқаро савдо маркази Афғонистон билан чегарадан 500 метр масофада жойлашган. У ерда 15 кунлик визасиз режим жорий этилган. Марказ ҳудудида 3000 дан ортиқ дўкон, божхона, банк, давлат хизматлари ва экспорт салоҳиятини намойиш этувчи инфратузилмалар фаолият юритмоқда. Ушбу савдо ҳудудида тақдим этилаётган маҳсулотларнинг йиллик экспорт ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Марказда 1000 дан ортиқ маҳаллий аҳоли ва 140 нафарга яқин Афғонистон фуқароси иш билан таъминланган. Бу эса ўзаро боғлиқлик ғояси қоғоздаги шиор эмас, балки иш ўринлари, экспорт, хизматлар ва инсонлар тақдири билан боғлиқ амалий воқелик эканини кўрсатади.

Яна бир муҳим мисол — “Термиз Карго Центр” халқаро транспорт-логистика хабидир. 2016 йилдан фаолият юритиб келаётган мазкур марказ Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон кесишган ҳудудда жойлашган. 2021 йилдан буён у БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги томонидан Афғонистонга гуманитар юкларни етказишда фойдаланиб келинмоқда. Демак, Термиз нафақат савдо ва логистика, балки инсонпарварлик дипломатиясининг ҳам муҳим таянч нуқтасига айланмоқда.

Шунингдек, 2018 йилда ташкил этилган Афғонистон фуқаролари учун таълим маркази ҳам Ўзбекистоннинг инсон капиталига қаратилган узоқ муддатли сиёсатини намоён этади. Бу марказда 17 та олий таълим ва 16 та ўрта махсус, касбий таълим йўналиши бўйича афғон ёшлари ўқитилмоқда. Фаолият давомида 800 нафардан ортиқ Афғонистон фуқароси таълим олган, уларнинг 200 нафари қизлар ва аёллардир. Бу рақамлар Афғонистонни барқарорлаштиришда таълим ва касб-ҳунар тайёргарлиги нақадар муҳим эканини кўрсатади. Чунки тинчлик фақат сиёсий келишувлар билан эмас, балки билимли, касбли ва ижтимоий фаол авлод орқали мустаҳкамланади.

Термиз мулоқотининг яна бир муҳим йўналиши — иқлим ва экологик барқарорлик масаласидир. Марказий ва Жанубий Осиё иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини кучли ҳис этаётган минтақалар сирасига киради. Сув танқислиги, чўлланиш, тупроқ деградацияси, ҳаво ифлосланиши, музликлар эриши ва табиий офатлар нафақат миллий, балки трансчегаравий муаммолардир. Шу боис иқлимга мослашув, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, эрта огоҳлантириш тизимлари ва рақамли гидрологик маълумотлар алмашинуви Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигининг ажралмас қисмига айланиши лозим.

Ўзбекистон бу соҳада ҳам ташаббускор позицияни эгалламоқда. Самарқанд иқлим форуми, минтақавий иқлим саммити, “Яшил кун тартиби”, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган минтақавий дастурлар шу йўналишдаги муҳим қадамлардир. Бу жараёнлар Марказий Осиё энди фақат экологик муаммолардан зарар кўрувчи ҳудуд эмас, балки уларга ечим таклиф этаётган фаол минтақавий субъектга айланаётганини англатади.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик эса ўзаро боғлиқликнинг энг чуқур ва барқарор асосидир. Марказий ва Жанубий Осиё халқлари асрлар давомида умумий тарих, савдо йўллари, илм-фан, маданият ва маънавият орқали боғланиб келган. Бугунги кунда икки минтақанинг демографик салоҳияти ҳам улкан: аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу омил таълим, илм-фан, академик алмашинув, инновация ва инсон капитали соҳаларида улкан имкониятлар очади.

Шу нуқтаи назардан Термиз мулоқоти фақат дипломатлар ёки экспертлар учрашуви эмас. У ёшлар, олимлар, тадбиркорлар, таълим муассасалари, маданият ва фуқаролик жамияти вакиллари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очадиган платформа бўлиши керак. Чунки иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун ишонч, ишонч учун эса халқлар ўртасида яқинлик, ўзаро тушуниш ва маданий мулоқот зарур.

Самарқандга режалаштирилган ташриф ҳам шу маънода рамзий аҳамиятга эга. Самарқанд асрлар давомида Шарқ ва Ғарб, Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа ўртасида илм-фан, савдо ва дипломатия маркази бўлиб келган. “Самарқанд руҳи” деганда айнан очиқлик, бағрикенглик, мулоқот ва умумий тараққиётга интилиш тушунилади. Президент Шавкат Мирзиёев дипломатиясида Самарқанд ана шу тарихий меросни замонавий халқаро ташаббуслар билан боғловчи майдонга айланди.

Хулоса қилиб айтганда, Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиёни яқинлаштиришга қаратилган оддий анжуман эмас. У Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий тафаккурини, минтақавий масъулиятини ва глобал даражадаги ташаббускорлигини ифода этувчи стратегик платформа ҳисобланади. Унинг негизида учта асосий ғоя мужассам: ишонч орқали мулоқот, мулоқот орқали ҳамкорлик, ҳамкорлик орқали умумий тараққиёт.

Бугун халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. БМТ резолюциясининг қабул қилиниши, 40 дан ортиқ давлатнинг ушбу ташаббусга хайрихоҳлик билдириши, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва минтақавий шерикларнинг Термиз мулоқотига қизиқиши бунинг яққол исботидир. Термиз мулоқоти орқали Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида янги ишонч кўпригини барпо этмоқда. Бу кўприк савдо йўллари, темир йўллар, таълим дастурлари, маданий алоқалар ва инсонпарварлик ташаббуслари орқали мустаҳкамланади.

Шу боис Термиз мулоқотига минтақавий ҳамкорликнинг янги архитектураси сифатида қараш мақсадга мувофиқ. У Марказий ва Жанубий Осиёни фақат географик қўшни ҳудудлар эмас, балки умумий манфаатлар, умумий хавфсизлик ва умумий келажакка эга макроминтақа сифатида шакллантиришга хизмат қилади. Ўзбекистон эса бу жараёнда ташаббускор, ташкилотчи ва ишончли кўприк вазифасини бажармоқда.

Садуллаев Қудрат Юсуббаевич

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси бош илмий ходими, юридик фанлар доктори (DSc).

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Related