Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига қилган сафарларидан бирида буюк аждодларимиз ҳақида ёзилган асарлар нечоғлик пурмаъно ва ҳикматларга бойлиги, авлодларга ибрат экани борасида теран фикрлар билдириб, Амир Темур билан боғлиқ китоблар, хусусан, “Темур тузуклари”га тўхталди. Давлатимиз раҳбари бой меросимиз намунаси бўлган бу нодир асарни чуқур ўрганиш зарурлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Шонли тарихимизнинг шоҳ асари бўлган Амир Темур қаламига мансуб “Темур тузуклари” дунё цивилизациясининг нодир ёдгорликларидан биридир. Биринчидан, асар муаллифининг фавқулодда даҳо сиймо экани, ҳозиргача дунё олимлари эътиборини тортиб келаётгани, иккинчидан, асарнинг ёзилиш услуби соддалиги, учинчидан, асарда ёритилган даврда жаҳон харитаси янгидан тузилгани, Европа Ренессансига замин яратилгани, Амир Темур эса кўп қутбли оламнинг улуғ ҳукмдори сифатида тарихга киргани бунга ёрқин асосдир. Шу сабабдан, жаҳонда “Темур тузуклари”га бўлган қизиқиш ва эътибор тобора ошиб бормоқда, минглаб ўқувчиларни ўзига жалб этмоқда.
“Темур тузуклари” жуда содда, теран маъноли, пурмазмун асар. Бундай асарни ёзиш учун, муаллиф кенг дунёқарашга эга, тарихнинг оғир қадамларини, улкан давлат тузиш машаққатларини ўз бошидан кечирган, дунёни бемалол чамаловчи буюк арбоб мақомини эгаллаган, тарих ва географияни чуқур билган, этнонимика, топонимика ҳаёт, дунё оқими, умр йўллари ҳақида катта хулосалар чиқаришга қодир, доно файласуф даражасидаги сиймо бўлмоғи керак. Бошқача айтсак, “Турон салтанати” Амир Темурнинг ижоди эди. Ўзларини “Турон султони” деб атадилар. Бу сўзларни Дашти Қипчоқда 1391 йилда эскиўзбек тилида тошга ўйиб ёздирганлар. Ана шу салтанат бобомизнинг машаққатли меҳнати билан бўй кўргизди, унинг қонунлари, шунчаки ўз-ўзидан эмас, ҳаётий зарурат юзасидан дунёга келди. “Темур тузуклари” эса барчасининг ёрқин ифодаси сифатида пайдо бўлди.
“Тузуклар”ни салтанат тузишда тажрибалар орттирган, муаррих Низомиддин Шомий таърифлагандек: “Камолу мартабаларга ўзининг етук саъй-ҳаракати ва жидду жаҳди билан эришган” Амир Темур сингари одамгина ёза олади, бу ҳақда китоб ёзиш шундай одамнинггина қўлидан келади! Бу ерда шубҳа бўлиши мумкин эмас! “Темур тузуклари”ни мутолаа қилганда, унинг муаллифи нечоғлик юксак маънавият ва кенг билим соҳиби эканлигининг гувоҳи бўламиз.
Яна бир жиҳат: олти юз йилдан буён бутун дунё интиқлик билан ўрганиб келаётган, қизиқиш эса тобора ортиб бораётган шундай мағзи тўқ, етук дунёвий асарни кимдир, қачондир қандайдир олим, ёзувчи ёзгану уни “сахийлик” кўргизиб, Амир Темурга “совға” қилган, унинг номига нисбат бериб юборган, деб ўйлаш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Бундай ўйлаш хато бўлур эди. “Тузуклар”нинг инглиз тилига биринчи таржимони Майор Дэви ҳам Амир Темурни “Тузуклар”нинг асил муаллифи эканини таъкидлаб ёзган эди.
“Темур тузуклари” узоқ йиллар давомида қоғозга туширилган, вақт ўтиши билан қайта-қайта кўрилган, қисқартирилган, тўлдирилган, яна давом этдирилгандай таассурот қолдиради. Араб олими Мазҳар Шиҳобнинг қуйидаги сўзларида жон бор: “Эсдаликлар ёзишни Амир Темур ҳокимиятга келишидан анча муддат олдин бошлаган.
Эҳтимол, Соҳибқирон ўзи ва салтанати тарихини, тўра-тузукларни қоғозга туширишни бировга топширишни истамаган ёки бирон кишини шунга муносиб кўрмагандир…
Ҳаётий ҳикматларга бой “Темур тузуклари”нинг ноёб маърифий обида эканлигидан ташқари, Амир Темур сиймоси, бой шахсияти ва инсонийлиги ҳақида берган таърифлари билан ҳам эътиборлидир. Биз “Тузуклар”да Амир Темурни адолатни ҳимоя қилгувчи, сўзи билан иши бир, олийжаноб, кечиримли, довюрак, қўрқмас, зўр тадбирлар соҳиби, моҳир саркарда, улуғ раҳбар сифатида кўрамиз. У золимлардан мазлумлар ҳақини олишда жонбозлик қилади, чунки билади – мамлакат куфр билан туриши мумкин, аммо зулмга чидай олмайди.
Амир Темурнинг асрдоши Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарининг еттинчи мажлисини Амир Темур Кўрагон номи билан бошлайди. Навоий Соҳибқиронни зиёли, маънавияти юксак инсон сифатида кўради ва унга “нафислар” орасидан энг мартабали жойни ажратади.
Навоий Соҳибқироннинг кучли хотираси билан боғлиқ яна бир ажойиб воқеани эслаб ўтади. Узоқ пайтдан бери қочиб юрган бир гуноҳкорни Амир Темур ҳузурига олиб келадилар. Бу машҳур бастакор, созанда, қори Хожа Абдулқодир Мароғий эди. У шу заҳоти хуш овозда Қуръон тиловатини бошлаб юборади ва шу сабабли Соҳибқироннинг қаҳри юмшайди. Амир Темур гуноҳкорни кечиради ва таъсирланиб бир сатр шеър ўқийди…
Мана шу шеърий сатрдан Навоий ҳайратда қолади! Соҳибқирон бундан тўрт юз йиллар муқаддам яшаган машҳур шайх, сўфий шоир Абусаид Абулхайр рубойисининг тўртинчи қаторини келтирган эди! Амир Темур бу рубоийга маҳлиё бўлиб, хотирига жо этиб ёдлаб олган экан! Бу ҳодиса, Соҳибқироннинг шеъриятни қанчалар тушуниши ва қадрлашини намоён этмоқда. Шу ҳодисанинг ўзиёқ Амир Темур номининг “Мажолис ун-нафоис”га киритилгани бежиз эмаслигини кўрсатади.
Амир Темур ёзиладиган асар ҳаққоний бўлиши ҳақида қаттиқ қайғуради. Бу маънода Соҳибқирондай донишманд, юксак зиёли сиймонинг муаллифларга кўрсатмалари, йўлланмалари, талаблари, маслаҳатлари, фикр-мулоҳазаларини кузатиш бағоят мароқлидир.
“Темур тузуклари” юксак салтанат ҳужжати ва давлат сири эди, ҳужжат бир нусха, нари борса, икки нусха бўлади, у махфий сақланади, сир эса қаттиқ тутилади. Майор Дэви фикрича, “Темур тузуклари” яккаю ягона нусхада бўлган. Соҳибқирон ўз асарини “Мамлакатларни фатҳ этгувчи бахтли фарзандлари”га бағишлайди, “салтанатни бошқариш ҳақида қўлланма ёзиб қолдирдим”, дейди. Бундан кўринадики, “бахтли фарзандлар” Соҳибқирон вафотидан кейин салтанат жиловини қўлга олишлари ва Тузукларга кўра юрт бошқаришлари лозим эди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди, Темурийлар тарихи давлат музейи, ЎзФА Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, Ислом цивилизацияси маркази жамоалари, умуман жамиятимиз олдида бир муҳим масала ечимини кутиб турибди. Бу “Темур тузуклари”нинг аслиятини қидириб топиш, уни ўрганиб чиқиш, маданиятимиз, халқимиз мулкига айлантиришдек қутлуғ вазифадан иборат.
Она тарихимиз кўзгуси, бебаҳо бойлигимиз “Темур тузуклари” ёдгорлиги асил нусхасининг топилиши маданиятимизнинг юксак тантанасига айланиши шубҳасиздир.
Муҳаммад АЛИ
Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор