Экология соҳасида умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди

23 Mar 2026

Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.

Аввало, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида режалаштирилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан юқори бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида ҳам қайд этилмоқда. Ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари сифатида саноатнинг ўсиши, углерод ёқилғиларидан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.

Амалга оширилган тезкор чоралар натижасида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати муайян даражада яхшиланган. Жумладан, 2026 йил январь-февраль ойларида PM2,5 концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли пасайган. Энди бу йўналишда ҳудудий дастурлар босқичма-босқич қабул қилиниб, ҳар бир вилоятда таҳлил ва диагностика, ягона ҳаво мониторинги ҳамда ифлосланиш манбаларини инвентаризация қилиш ишлари ташкил этилади.

“Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилган. Маҳсулотининг маълум қисмини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилиб, уларнинг маълумотлари ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Бундай талабларга амал қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари кескин оширилади.

Қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади. Янги қуриладиган йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувур ва контейнерлар орқали тушириш, майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш, онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар белгиланмоқда.

Шунингдек, “шамол йўлаклари”ни сақлаш, экологик экспертиза хулосасини қурилиш жараёнларида мажбурий ҳисобга олиш, шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Табиий чанг омилларини камайтириш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланган. Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ” барпо этиш, Сурхондарё ва Сирдарёда чанг бўронларининг олдини олиш учун “яшил девор”лар ташкил қилиш, сунъий кўллар ва сув ҳавзаларини барпо этиш, пойтахт туманларида фаввораларнинг сонини кўпайтириш, баргларни компост ва мульча сифатида қайта ишлаш амалиётини йўлга қўйиш шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси ҳаво таркибидаги чанг заррачаларини камайтириш ва шаҳар муҳитини соғломлаштиришга хизмат қилади.

Транспорт соҳасида ҳавони муҳофаза қилиш бўйича алоҳида йўналишлар ҳам белгиланган. Мотор ёқилғиси стандартларини босқичма-босқич кучайтириш, автотранспорт воситаларини “қизил”, “сариқ” ва “яшил” стикеларни берган ҳолда экологик тоифаларга ажратиш, техник кўрикни экологик талаблар билан боғлаш, эски автотранспортни янгилаш дастурларини амалга ошириш, жамоат транспорти улушини ошириш назарда тутилмоқда. Бу орқали йўл ҳаракати билан боғлиқ ифлосланиш ҳажмини қисқартириш, айниқса, йирик шаҳарлар марказида ҳаво сифатини яхшилаш мақсад қилинган.

“Тоза ҳаво” лойиҳасининг муҳим таркибий қисми сифатида иссиқхоналар масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иссиқхона хўжаликлари жуда кўп, улар орасида иситиш манбалари сифатида кўмир, мазут ва ностандарт ёқилғидан фойдаланувчи иссиқхоналар улуши ҳам юқори, улар чиқараётган NO2, SO2 ва PM2,5 каби хавфли моддалар ҳаво сифатига жиддий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Қолаверса, Тошкент ҳудудида йиллик қуёш нурланиши қолган ҳудудларга қараганда нисбатан паст бўлгани сабабли бу ерда иссиқхонада маҳсулот етиштириш харажати анча баланд. Масалан, январь ойида Тошкентда ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 6 даража иссиқ бўлса, Термизда – 10,8 даража иссиқ. 1 тонна иссиқхона маҳсулотини етиштириш харажати Тошкент вилоятида 11,9 миллион сўмни, Сурхондарёда эса 4,9 миллион сўмни ташкил этади.

Маҳсулотларни инсоляция даражаси юқори бўлган ҳудудларда етиштириш иссиқхона хўжаликларининг молиявий ҳолати учун ҳам, ички бозордаги нарх барқарорлиги нуқтаи назаридан ҳам манфаатли ҳисобланади.

Шу боис, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарни энергия тежамкор ва табиий-иқлим шароити қулай бўлган ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш таклифи билдирилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда агропарк ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳудудда қуёш нурланиши юқори, қиш нисбатан юмшоқ, иситиш харажатлари анча паст бўлиб, бу маҳсулот таннархини кескин тушириш имконини беради.

2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этишни чеклаш, шу билан бирга, кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма, кредит ва логистика бўйича имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.

Тақдимотда “Яшил макон” доирасида ботаника ва дендрология боғлари концепцияси юзасидан ахборот берилди. Қайд этилганидек, ботаника боғлари маҳаллий ва хорижий ўсимликларни ўрганиш, сақлаш, кўпайтириш ва намойиш этишга хизмат қилса, дендрология боғлари дарахт ва бута турларини интродукция қилиш, акклиматизация қилиш ва илмий асосда парваришлашга ихтисослашган ҳудудлар ҳисобланади. Концепцияга кўра, ботаника боғларида турли флористик экспозициялар, оранжерея, кўчатхона, кўл, ички йўлаклар, беседка ва гулхона каби объектлар жойлаштирилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 3 та ботаника боғи мавжуд бўлса, лойиҳа доирасида яна 12 та ботаника ва 16 та дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилган. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ҳисобга олиниб, мос дарахт ва буталар танланади.

2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш режа қилинган. Натижада 2030 йилгача мамлакатда умумий яшиллик даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш, PM2,5 ва PM10 концентрациясини 20-25 фоизга камайтириш, иқлими оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5-2 даражага пасайтириш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, пойтахтда Миллий дендрология боғини барпо этиш концепцияси ҳам тақдимот қилинди. Ушбу йирик яшил ҳудуднинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этиши белгиланган. Лойиҳа доирасида 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши назарда тутилган. Парк биологик хилма-хилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даражага пасайтириб, намликни 10-15 фоизга ошириши мумкин.

Миллий дендрология боғи фақат кўкаламзор ҳудуд эмас, балки илмий, маърифий ва жамоат макони сифатида ҳам шакллантирилади. Унда “Дунё дарахтлари” ҳудуди, 6 та иқлим минтақасига хос ўсимликлар коллекцияси, мевали ва маҳаллий дарахтзорлар, доривор ўсимликлар боғи, оранжерея, гулзорлар, дам олиш майдонлари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, автотураргоҳ, ташриф буюрувчиларни кутиб олиш майдони барпо этилади.

Боғнинг марказий қисмида 1 гектарлик сунъий кўл ва унинг атрофида сакура боғи ташкил қилиш режалаштирилган. Парк инфратузилмасида қуёш панеллари, қайта ишланган материаллардан тайёрланган скамейка ва беседкалар, автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими каби замонавий экологик технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ер Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университети (“Green University”) учун табиий лаборатория, аҳоли учун эса биотуризм ва экотаълим марказига айланади.

“Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни бир-бирига боғлаган ҳолда янги тизим яратиш режалаштирилган.

Мазкур соҳада халқаро стандартларга мос мутахассислар етишмаётгани, аҳоли ўртасида экологик онг ва барқарор одатлар ҳали етарли даражада шаклланмагани, инновация ва иқлим технологияларини амалиётга жорий қила оладиган кадрлар тақчиллиги мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 та ҳудудда “яшил техникумлар” ташкил этилиб, улар “Green University” тизимига академик ҳамкорлик асосида бириктирилади.

Лойиҳага кўра, тайёрланадиган ўқувчи ва талабалар сони йил сайин оширилиб, 2028-2029 ўқув йилига бориб, 10 минг нафарга етказилади. Бакалавриат ва магистратурада атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, яшил иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳандислиги, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш, барқарор шаҳарсозлик, барқарор энергия алмашинуви каби янги йўналишлар очилади. Таълим жараёнида дуал тизим жорий қилиниб, назарий билим билан амалиёт уйғунлаштирилади. Университет таълим тизимини ривожлантириш, илмий-инновацион лойиҳалар ва тарғибот ишлари учун катта миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш, “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишга тушириш, шунингдек, Самарқанд шаҳрида GEF-8 ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

Тақдимотда чўлланишга қарши кураш стратегияси лойиҳаси ҳам алоҳида кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизи арид зонадан иборат бўлиб, ерларнинг 70 фоиздан ортиғи деградацияга учраган. Ер ресурсларининг ёмонлашуви иқтисодиётга ҳар йили 830 миллион доллар зарар келтирмоқда. Орол денгизининг қуриши натижасида 3 миллион гектар майдон яроқсиз ҳолга келган ва ҳудуднинг 56 фоизи шамол эрозияси таъсири остида қолган.

Шу муносабат билан “Green University”  ҳузурида минтақавий қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу марказ чўлланишни бошқариш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи илмий хабга айланиши кўзда тутилмоқда. Марказ таркибида 15 та ихтисослашган лаборатория фаолият юритади, спутник маълумотлари, GIS ва масофадан зондлаш технологиялари асосида ерлар ҳолатини рақамли мониторинг қилиш йўлга қўйилади, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар бўйича генетик банк шакллантирилади, тупроқнинг кимёвий ва физик таҳлил тизими такомиллаштирилади. Бунинг натижасида чўлланишни прогноз қилиш ва хариталаш миллий тизими яратилади, Оролбўйи ва қурғоқ ҳудудларда яшил қоплама кенгайтирилади, яйловлардан барқарор фойдаланиш ҳамда чўл иқтисодиёти моделлари жорий этилади.

Давлатимиз раҳбари тақдимот қилинган лойиҳаларнинг экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқ муҳитини янада қулайлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фан ва замонавий технологияларни кенг жорий этишдаги   муҳим аҳамиятини қайд этиб, уларни маъқуллади.

Related