Янгиланган аэропортда энг замонавий қулайликлар бўлади

18 Iyun 2025

Президент Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини кўздан кечирди.

Мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва унинг халқаро жозибадорлиги ошиши билан ташқи иқтисодий алоқалар фаоллашиб, инвестициялар оқими кўпаймоқда. Бундай шароитда Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасининг барча йўналишларини модернизация қилишга ўсишнинг асосий омили сифатида устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ана шундай стратегик лойиҳалардан бири «Тошкент-Шарқий» аэропортини реконструкция қилишдир. У юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган тез, хавфсиз ва қулай қатновларни таъминлаш, шунингдек, пойтахтнинг асосий халқаро аэропортига юкламани енгиллаштиришга мўлжалланган.

Аввало, 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди.

Ҳозирги кунда юқори мартабали меҳмонлар ҳамда бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ва ангарлар барпо этилмоқда. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Ёпиқ ангарларда самолётлар соз ва хавфсиз сақланиши учун замонавий шароитлар таъминланади.

Янги аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади, шунингдек, Тошкент вилоятида туризмни ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторларни қабул қилиш учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий фаоллик ошади, хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланади, янги иш ўринлари яратилади, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги сезиларли даражада ошади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг техник хусусиятлари, терминалларнинг архитектуравий ечими билан танишиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш, сервис даражасини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Related