Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ўзгаришлар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳани рақамлаштириш ҳамда бозор механизмларини кенг жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Янги ёндашув натижасида қишлоқ хўжалиги босқичма-босқич маъмурий бошқарувдан иқтисодий эркинлик ва рақобат муҳитига ўтмоқда.
Ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — ер муносабатларини такомиллаштириш бўлди.
Янги тартибга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратишда очиқлик ва шаффофлик таъминланиб, электрон аукцион тизими жорий этилди. Бу фермерларга ердан фойдаланиш ҳуқуқини қонуний ва кафолатланган асосда амалга ошириш имконини бермоқда. Энг муҳими, ер ижара ҳуқуқини асоссиз бекор қилишга чекловлар ўрнатилди. Энди ер ижара муносабатлари томонлар келишуви ёки суд қарори асосида ҳал этилади. Бу эса фермернинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Фермерларнинг фаолиятига маъмурий аралашувни кескин қисқартириш ва маҳсулот етиштирувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳада янги тизим жорий этилди.
Биринчидан, соҳани рақамлаштириш орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратишда шаффоф механизм жорий этилиб, фермерларга электрон шаклда аукцион орқали ерни эркин сотиб олиш имконияти ва ижара ҳуқуқини ҳимоя қилиш кафолати яратилди.
Масалан,Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 8 июндаги Фармони билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган фақат захирада турган ерлар ҳамма учун очиқ электрон аукцион савдолари орқали эркин сотиб олиш имконияти яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги Фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш мумкин эмаслиги белгиланди.
Фармонга мувофиқ, фермер хўжаликларининг ер ижара шартномаси унинг нотариал тасдиқланган розилик аризасига асосан томонларнинг келишувига кўра ёки фақат суд томонидан бекор қилиниши мумкин.
Фермерларнинг ижара ҳуқуқини кафолатлари Кодекс даражасида мустаҳкамланиб, Ер кодексининг 36-моддасига кўра ердан фойдаланувчининг ўз аризасига ёки суднинг қарорига асосан ижара ҳуқуқи бекор қилиниши тартиби белгиланди.
Иккинчидан, янги тизим бўйича фермерлар ижарага олган ерларига экинларни мустақил жойлаштириш механизми жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 августда қабул қилинган фармонига мувофиқ 2026 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ўз ер участкаларида экиладиган экин турларини “Агропортал” (“Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформа) орқали мустақил равишда жойлаштиради. Бунда давлат органлари томонидан экинларни тўғридан-тўғри белгилаш амалиёти бекор қилинди ва маълумотлар рақамли платформа орқали шаффоф юритилиши белгиланди.
Рақамли платформалар орқали экинларни жойлаштириш амалиёти инсон омилини камайтириб, қарор қабул қилиш жараёнини шаффофлаштирмоқда. Бу эса бозор талабидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот етиштиришга шароит яратмоқда.
“Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом асосида фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштиради ва экинларни жойлаштириш таклифлари «CropAgro» AT орқали инсон омилисиз амалга оширилади.
Учинчидан, фермерларнинг фаолияти эркинлигини таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилиб, давлат буюртмалари тизимининг қисқартирилиши бўлди. Яъни пахта ва ғалла етиштиришда эркин бозор тамойиллари босқичма-босқич кенгайиб, фермерларга харидорни мустақил танлаш имконияти яратилди.
Давлат бошқаруви органлари, шу жумладан барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирларни ўтказиш, моддий-техник ресурслар билан таъминлашга, буғдойни сотиш жараёнларига, шу жумладан шартномалар тузишга, хўжаликларни дон тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи маълум корхоналарга бириктириш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга аралашуви қатъиян тақиқланган.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига кўра, бугунги кунда фермерлар биржа савдолари орқали шартнома тузиш, маҳсулотни эркин реализация қилиш ва даромадни мустақил бошқариш имкониятига эга бўлмоқда. Маҳаллий амалдорлар фермерларнинг фаолиятига аралашса, уларга таҳдид ёки ҳақорат қилса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланди.
Шу билан бирга фермер хўжаликларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва зарур шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил
6 декабрдаги 771-сонли қарори билан 2025 йил ҳосилидан биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун бир миллион сўмдан субсидия ажратилиши белгиланди.
Ҳозирда фермерларга ҳар бир ҳудудда ўртача 15-20 тачага фаолият кўрсатаётган кластерларнинг исталгани билан шартнома тузиш имконияти яратилди. Биргина, Қашқадарё вилоятида 15 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият юритмоқда. Фермер хўжаликлари ўзи истаган кластерлар билан ихтиёрий ўзаро келишган холда биржа савдоларида (фьючерс, форвард ва спот) шартнома тузиб фаолият юритмоқда.
Тўртинчидан, фермерларнинг харажатларини камайтириш, юқори ҳосил олиб даромадини ошириш имконияти яратилди.
Янги агротехнология ёрдамида 76-схема бўйича пахта етиштириш келгуси йилда оммалаштирилиб, 891 минг гектарда тўлиқ шу схема бўйича пахта етиштирилади. Кўсак қурти, гербицид, шўр ва сувсизликка чидамли хорижий навлар экиладиган майдонлар 2 карра кўпайтирилиб, 500 минг гектарга олиб чиқилади.
“Шинжон тажрибаси” асосида 300 минг гектарга чигит экилади. Бунинг учун далаларда томчилаб суғориш технологиясини жорий этишга 2 триллион 600 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади. Ўз маблағидан пахта етиштирган фермерларга ҳосилнинг 10 фоизигача қисмини субсидиялашга 250 миллиард сўм берилади.
Бунда пахта етиштириш учун кредит лимитини ярмидан фойдаланган фермерларга ҳам ҳосилнинг 5 фоизигача субсидия берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги ПФ-183-сонли Фармони ҳамда 2025 йил 14 октябрдаги ПҚ-302-сонли қарорига мувофиқ, эндиликда, янги ёндашув асосида сув ҳисобини юритиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. “Suv hisobi” ахборот платформаси орқали фойдаланилган сув миқдори аниқ ҳисобланади ва истеъмолчиларга электрон тарзда маълум қилинади.
Республика бўйича жами 2,8 миллион гектар майдонда, суғориладиган экин майдонларнинг 66 фоизга сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.Лазерли текислаш қишлоқ хўжалиги ерларида сувнинг бир хил тарқалишини таъминлади ва экинларда ўсув даврида 15–20% ҳосилдорлик ошиши кузатилди. Бу агротехнология фермерлар томонидан энг самарали инновациялардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугун қишлоқ хўжалигининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Хусусан, сув тежайдиган ускуналарнинг қийматининг 30–40% қисми, сарфланган электр энергияси тўловлари 100 % давлат томонидан қоплаб берилиши фермерларнинг қизиқишини янада оширди.
Бешинчидан, фермерларга фаолиятини биргаликда юритиш учун бирлашиш имконияти яратилди. Янги қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги кооперативлари тўғрисида”ги Қонун билан фермерларга кооперативлар ташкил этиш ва биргаликда фаолият юритиш имконияти яратилди. Ҳозирда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг турли йўналишида
мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолият кўрсатмоқда.Кооперативлар нафақат иқтисодий, балки ҳуқуқий ҳимоя воситасига ҳам айланиб бормоқда.
Янги тартиб бўйича пахтачилик йўналишида республикада 92 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолияти ташкил этилди.
Биргина 2025 йилда фермерлар томонидан ташкил этилган 72 та кооперативлар билан 765 та фермер хўжаликлари ўртасида биржа савдолари орқали шартномалар тузилиб, улар томонидан 96 минг тонна пахта хом-ашёси тўғридан-тўғри қишлоқ хўжалиги кооперативларга етказиб берилди.
Фермерлар ва улар ташкил этган кооперативларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Ресубликаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармони билан Ўзбекистон фермерлари кенгашига фермер, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларининг манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари киритиш ҳамда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларининг манфаатларини кўзлаб суд муҳокамасининг исталган босқичида иштирок этиш, шунингдек, даъво аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация, тафтиш тартибида шикоятлар, аризалар тақдим этиш ҳуқуқи берилди.
Давлат томонидан фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи бу ижобий амалиёт дунёнинг бирорта давлати тажрибасида мавжуд эмас.
Фермерлар кенгаши судларга фермер манфаатида даъво аризалари киритишда давлат божи тўлашдан озод этилганлиги муносабати билан фермерларнинг 8,4 млрд сўм маблағлари уларнинг ўзларида тежаб қолинди.
Олтинчидан, янги тизим бўйича фермерлар қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар бўйича сиёсий мунозараларга жалб қилиниб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва тавсияларини ҳисобга олиш механизми жорий этилди.
Қишлоқ хўжалигидаги яна бир муҳим янгилик — фермерларнинг қарор қабул қилиш жараёнларида иштирокининг кучайганидир.
Очиқ мулоқотлар, жамоатчилик муҳокамалари ва рақамли платформалар орқали фермерлар ўз таклиф ва ташаббусларини билдирмоқда. Бу эса қонунчилик ва соҳавий қарорларни ҳаётга яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарити, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорлик Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Бухоро вилоятларида фермерларни қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар бўйича сиёсий мунозараларга жалб қилинди.
Мулоқотларда фермерлардан жами 156 та таклифлар келиб тушди ва ечими бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Биргина, “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати” Ўзбекистон Либерал Демократик партиясига 167 нафар фермер халқ томонидан депутат сифатида сайланиб, қонунчиликни такомиллаштиришда фаол иштирок этмоқда.
Фермерларнинг, тадбиркорларнинг манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқувчи томонидан regulation.gov.uz портали орқали жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши томонидан https://loyiha.adliya.uz/ портали орқали 2024 йилда 64, 2025 йилда 140 та, 2026 йилнинг ўтган даврида 53 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси фермерларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари юзасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Ўзбекистон фермерлари кенгашининг ижтимоий тармоқларда «Fermer minbari» (https://t.me/minbarfermer) телеграм гуруҳи ва «Fermer minbari» (https://t.me/fermerminbar) телеграм каналида фермерлар билан очиқ онлайн мулоқот тизими йўлга қўйилди. «Fermer minbari» (https://t.me/minbarfermer) телеграм гуруҳи орқали биргина 2025 йилда 2 мингдан ортиқ, 2026 йилнинг ўтган даврида 200 дан ортиқ мурожаат, таклиф ва тавсиялар келиб тушди ва ижобий ҳал этилди.
Яна бир янгилик, Ўзбекистон фермерлари кенгаши фермерлар фаолиятига кўмаклашиш ва қулай шартоит яратиш мақсадида сунъий интеллект асосида ишловчи ва фермерларга тезкор маслаҳатлар берувчи “Fermer AI” телеграм боти ишлаб чиқилди.
Бу орқали соҳада рақамли технологиялардан фойдаланиш янги босқичга чиқмоқда. Хусусан, фермерларга тезкор маслаҳат бериш, касалликларни аниқлаш, экин ҳолатини баҳолаш ва агротехник қарорлар қабул қилишда сунъий интеллект имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса замонавий фермер қиёфасини шакллантирмоқда.
Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳани янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бугунги фермер — ерни бошқарувчи, бозорни тушунувчи, технологиядан фойдаланувчи ва ўз манфаатини ҳимоя қила оладиган замонавий тадбиркордир.
Янги тизимнинг бош мақсади эса битта — фермернинг даромади, озиқ-овқат хавфсизлиги ва мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашдир.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши
раиси ўринбосари
Зафар Мустафақулов