Ўзбекистоннинг “Олтин виза” дастури хорижий инвесторларни рағбатлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам

09 Iyun 2025

10-12 июнь кунлари бўлиб ўтадиган IV Тошкент халқаро инвестиция  форуми олдидан

 

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон кенг жамоатчилиги ўртасида, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хорижликларга, хусусан, чет эллик инвесторларнинг мамлакатимизда яшаши бўйича “Олтин виза” бериш тартибига киритилган ўзгартишлар катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хўш, “Олтин виза” дастури нима ўзи, ушбу лойиҳа Ўзбекистон иқтисодиётига ва хорижликларга қандай наф келтиради. Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида мазкур тизим билан боғлиқ тартиботлар ҳақидаги ҳужжатлар билан танишдик.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 апрель куни қабул қилинган “Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида “Олтин виза” бериш ҳақида  сўз борган.

Бу масала фармоннинг 26-бандида ўз ифодасини топган. Ҳужжатга мувофиқ, инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида жорий йил 1 июндан бошлаб хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.

“Олтин виза” дастури хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқий кафолатлар бериш, мамлакат сармоявий муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, бу мамлакат очиқлиги, капитални ҳимоя қилиш, барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Таъкидлаш керакки, сўнгги саккиз йилда, халқаро майдондаги зиддитяларга қарамасдан очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юргизиш Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги ташриф қоғозига айланди.

Мамлакатимиз, айниқса, хорижий инвесторлар учун қулай маконга айланди. Ўсиб бораётган иқтисодий салоҳияти билан ушбу йўналишда Ўзбекистон Марказий Осиёда энг жозибадор манзил ҳисобланади, десак хато бўлмайди.

Албатта, хорижий инвесторларни  ишончини қозониш учун уларга зарур шароитлар, имкониятлар ва имтиёзларни тадбиқ этилиши керак. Бундай ёндашув нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунё тажрибасида мавжуд.

Ҳозирги кунда, айниқса жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган глобал муаммолар фонида инвестиция учун бутун дунёда кураш кескинлашмоқда. Инвестор турган гапки, ўзига қулай шароит яратилган ва хавфсиз сармоявий муҳитга эга мамлакатни танлайди. Чунки, у сарфлаётган маблағини ишончли қонуний ҳимоясини кўришни хоҳлайди.

Етти-саккиз йил аввал Ўзбекистонга инвестиция киритишга етакчи компаниялар иккинлангани рост. Бу сармоядорларнинг манфаатдорлик ҳуқуқи етарлича таъминланмаганидан далолат беради. Бироқ, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда қулай инвестициявий  муҳитни яратиш бўйича туб ислоҳатлар амалга оширилди. Хусусий мулк эгалари, шу жумладан инвесторлар ҳуқуқлари кафолатлари янгиланди, улар хатто Бош қомусимизда янада мустаҳкамланди. Шунингдек, ўтган йилларда хорижий инвестицияларни рағбатлантиришга оид давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари қабул қилинди.

Натижа ҳам узоқ куттиргани йўқ. Бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг, янги инвестициявий лойиҳалар ва қўшма корхоналарга дуч келасиз. Улар юртимиз равнақи, аҳолимиз фаровонлигини таъминлашга, янги иш ўринлари яратишга ва ижтимоий объектлар қурилишига хизмат қилаяпти.

Шу аснода, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотиб, анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, давлатимиз етакчиси ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши тузилган.

Кенгашнинг асосий вазифалари муваффақиятли тажриба ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб, мамлакатимизни инвестициявий, савдо-технологик ва инновациявий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳат бериш ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва хорижий инвесторлар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлашдан иборат. 2022 йилда бўлиб ўтган биринчи сессияда ушбу механизмнинг самарали фаолият юритиши учун пойдевор яратилган эди.

2024 йил май ойида бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг  иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда кенгаш аъзоларининг қўллаб-қувватлаши орқали Ўзбекистон жадал ўсиш суръатларини намойиш қилишда давом этиши, халқимиз турмуш даражасини ошириши ва юртимиз фаровон келажагини таъминлашига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Президенти Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида хорижий сармоядорларни қўллаб-қувватлаб, қуйидаги фикрларни билдирган эди. “Биз мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташладик. Айнан шу боис ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираяпмиз”.

Маълумотларга кўра, сўнгги етти йилда мамлакатимизга 100 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар келган. Давлат-хусусий шериклик бўйича қонун қабул қилиниб, мингдан зиёд лойиҳалар бошланган. 1 минг 800 турдаги янги маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Хорижий инвесторга “Олтин виза” бериш бўйича навбатдаги ташаббус ҳам юртимизга чет элдан сармояларни жалб этишни жадаллаштиришга кенг йўл очади.

Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган  хорижий  инвесторлар ҳам Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурини юқори баҳоламоқда. Уларнинг таъкидига кўра, давлатимиз раҳбарига инвестиция фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга қатъий интилиши юксак эътирофга лойиқ.

“Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзоларининг хорижий инвесторлар  билан  фаол мулоқоти муҳим  аҳамиятга эга.  Бундай ёндашув мамлакатнинг иқтисодий ўсиши  ҳамда тараққиёти учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга аниқ ва ишончли ишора бўлди.

Юртингиздаги замонавий шарт-шароитлар ва янги ташаббуслар  Ўзбекистонни тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни қабул қилишга тайёр давлат сифатида намоён этди.

Шунингдек, давлатингиз раҳбари амалга оширган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, валюта бозорини либераллаштириш, банк сектори ва пул-кредит ислоҳотларини эркинлаштириш, давлат корхоналарини таркибий ўзгартириш ҳамда хусусийлаштириш ва бошқа кўплаб ишлар хорижий инвесторларга ишонч ва куч бағишламоқда.

Ўзбекистон Президенти билан учрашувимиз чоғида у менинг Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича барча режаларимни диққат билан тинглади ва тегишли одамларга барча зарур ёрдамни кўрсатиш бўйича аниқ ва тезкор топшириқлар берди. Натижада, шакар ишлаб чиқаришга қарийб 400 миллион доллар инвестиция киритдик. Шунингдек, олтин ва мис қазиб олишга эса 20 миллион доллардан ортиқ дастлабки сармояни жалб қилдик”, – дейди Мисрнинг етакчи “Orascom Investment Holding” компанияси асосчиси Нагиб Савирис.

Мутахассисларга кўра, халқаро амалиётда, жумладан, Европа мамлакатлари, АҚШ, БАА, Сингапур ва бошқа мамлакатларда кенг тарқалган бундай виза дастурлари мавжуд.

Жумладан, “Олтин виза” дастури Португалия 250-500 минг евро, Грецияда 250 минг евро, Кипрда 300 минг евро, БААда 550 минг АҚШ доллари,  АҚШда 5 миллион доллар, Испанияда 500 минг  доллар, Сингапурда  7,7 миллион доллар, Венгрияда 250 минг доллар, Латвияда эса 60 минг доллар қилиб белгилаган.

Мазкур дастур юқорида қайд этилган давлатларда капитал, технологиялар ва ишбилармонлик фаоллигини жалб қилишнинг самарали воситаси сифатида ўзини оқлаган. “Олтин визалар”нинг берилиши хорижий инвесторлар учун қулай ва олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган муҳитни яратади. Ҳуқуқий кафолатларни таъминлайди ва инвестиция муҳитига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Янгилик мамлакатнинг очиқлик, капитални ҳимоя қилиш ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга стратегик йўналтирилганлигини акс эттиради.

Баъзи мамлакатлар “Олтин визалар”ни, таклиф қилишади, баъзилари эса “Олтин паспорт” орқали ҳатто чет элликлар учун тўлиқ фуқароликни беради. Уларнинг мақсади мамлакатга капитал ва бой хорижий инвесторларни жалб қилишдан иборат.

Марказий Осиё давлатлари ҳам “Олтин виза” тартибларини жорий  этмоқда. Хусусан, шу йил апрель ойида Қозоғистон инвестор визасини олишнинг янги қоидаларини амалга киритди. Визага Қозоғистон компаниялари устав капиталига ёки маҳаллий эмиссиявий қимматли қоғозларга камида 300 минг доллар сармоя киритганлар ариза топшира олади. Кейинчалик улар 10 йиллик яшаш гувоҳномасини олишлари мумкин.

Мухтасар айтганда, “Олтин виза” дастури миллий иқтисодиётни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, давлат объектларини хусусийлаштириш жараёнларига, республиканинг ишчи кучи мавжуд бўлган ҳудудларида янги иш жойларини яратиш мақсадларига тўғридан-тўғри хорижий  сармояларни кенг жалб этишга хизмат қилади.

 

Related