Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммитидаги нутқи

17 Iyun 2025

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелович Тўқаевга самимий қабул ва “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити юқори даражада ташкил этилгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Хитой Халқ Республикаси Раиси ҳурматли Си Цзиньпин жанобларига минтақа давлатлари билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий содиқлиги учун ташаккур айтаман.

Сизнинг “Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларини ўзаро ҳурмат, ўзаро ишонч ва ўзаро ёрдамга асосланган кўп асрлик дўстлик ва шериклик ришталари ҳамда яқин алоқаларни ўрнатиш ва юқори сифатли ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилиш боғлаб туради”, деган сўзларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Яқинда нишонланган таваллуд айёмингиз муносабати билан Сизнинг шаънингизга билдирилган самимий қутлов ва тилакларга ҳам қўшиламан.

Сиз дунё миқёсидаги давлат арбоби ва замонамизнинг буюк сиёсатчисисиз.

Сизнинг чуқур ўйланган сиёсатингиз ва мамлакатни модернизация қилиш бўйича ислоҳотларингиз туфайли Хитой жадал ривожланмоқда.

Сиз уч мингдан ортиқ ислоҳот ва ўзгаришларни амалга оширдингиз, мамлакатда Хитойга хос бўлган социализм қуриш бўйича самарали сиёсат олиб бораяпсиз.

Бугунги кунда Хитой глобал технологик ва инновацион тараққиётнинг драйвери сифатида олға бориб, бутун Осиё қитъасининг жадал ривожланиш жараёнига етакчилик қилмоқда.

Минтақамизнинг барқарор тараққиётини аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш воситасида қўллаб-қувватлаш бўйича сизнинг фаол саъй-ҳаракатларингизни юксак қадрлайман.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугунги учрашувимиз кун тартиби ва тайёрланган ҳужжатларни, жумладан, Остона декларациясини қўллаб-қувватлайман.

Чўлланишдан огоҳлантириш, таълим соҳасида ҳамкорлик, камбағалликка қарши курашиш бўйича қўшма марказлар, шунингдек, Марказий Осиё ва Хитой узлуксиз савдо платформаси ишга туширилганини олқишлайман. Ҳеч шубҳасиз, бу механизмлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.  Ўзбекистон бундай тузилмалар фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда фаол иштирок этиш ниятида.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хитой донишмандлари айтганларидек: “Кимки дўстлари билан бирга қадам ташласа, узоққа боради”.

Биз Сиандаги илк тарихий саммитимиздан кейин жиддий натижаларга эришдик. Юқорида таъкидланганидек, ҳамкорликни кўп даражада мувофиқлаштиришни таъминлайдиган Котибият тузилди.

Турли йўналишлар бўйича вазирлар ва экспертларнинг учрашув ва йиғилишларига оид самарали механизмлар ишламоқда, кенг кўламли ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси шакллантирилмоқда.

Таҳлиллар Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой билан умумий савдо айланмаси ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Жорий йилда бу кўрсаткич деярли 100 миллиард долларга етади. Қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони эса 10 мингдан ошади.

Бизнингча, бир томондан, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айланган Марказий Осиёнинг ўзидаги чуқур трансформация жараёнлари, бошқа томондан, Хитой раҳбариятининг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва “Белбоғ ва йўл” глобал концепциясини илгари суришга қатъий содиқлиги ушбу форматдаги ҳамкорликнинг ривожланишига имкон бермоқда.

Шу муносабат билан кўптомонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги ўз қарашларимизни билдирмоқчиман.

Бугунги учрашувимиз халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашиб бораётган шароитда бўлиб ўтмоқда. Йўқотиш ва талафотларга сабаб бўладиган можаролар янгидан аланга олмоқда, глобал ва минтақавий даражадаги йирик давлатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик кучаймоқда.

Рақобатнинг ортиши кескинликнинг зўрайишига, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга янги хавф ва таҳдидлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди ва бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз.

Муҳтарам Си Цзинпинь жаноблари, Сизнинг давом этаётган можаролар ва урушларда ҳеч қандай ғолиблар бўлмайди, деган сўзларингизга тўлиқ қўшиламан.

Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан – музокаралар столида ҳал этилиши шарт.

Таъкидлаш керакки, олдиндан айтиб бўлмайдиган бундай шароитда халқаро муносабатларнинг ҳозиргидан кўра барқарор тизимларини таъминлаш учун мамлакатларни бирлаштиришга қодир бўлган минтақавий механизмларнинг аҳамияти ва роли ошмоқда.

Шу муносабат билан бугун мамлакатларимиз ўртасидаги Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг қабул қилинишини тарихий воқеа, деб ҳисоблайман. Ушбу ҳужжат минтақавий барқарорликни таъминлашга қўшган умумий ҳиссамиз бўлиб қолади. Шартномани амалий жиҳатдан мустаҳкамлашда аниқ механизм ва лойиҳаларни қамраб олган Узоқ муддатли шериклик концепциясини қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорлик Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини амалга оширишда кучли локомотив бўлиб хизмат қилмоқда.

Биргина мисолни келтириб ўтаман.

Хитойнинг илғор тажрибаси асосида бизнинг мамлакатимизда саноат салоҳияти ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, ҳудудларимизда янги иш ўринларини яратишга қаратилган ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Таъкидлайман: Марказий Осиё мамлакатларининг ўсиб бораётган салоҳияти ва Хитойнинг саноат соҳасидаги етакчилигини бирлаштириш билимлар билан алмашиш ва технологиялар трансферининг самарали механизмларига эга бўлган умумий кенг имкониятлар макони пайдо бўлишига олиб келиши лозим.

Ишончим комил, янги иқтисодий шериклик дастурининг тезроқ қабул қилиниши ушбу йўналишда яна бир амалий қадам бўлади.

Ушбу дастурни аниқ вазифалар билан тўлдириш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириш учун мамлакатларимиз бош вазир ўринбосарлари даражасида Савдо ва инвестициялар бўйича минтақалараро кенгаш таъсис этишни таклиф этаман. Унинг биринчи учрашувини шу йилнинг охирига қадар Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.

Савдо алоқаларини рағбатлантириш мақсадида “Рақамли белбоғ ва йўл” доирасида “Рақамли Ипак йўли” кўптомонлама савдо платформасини ташкил этиш тарафдоримиз.

Тошкентда регламент ва стандартларни яқинлаштириш, Хитой талаблари бўйича экспорт маҳсулотларини сертификатлаштириш масалалари билан шуғулланадиган Саноат стандартлаштириш ва сертификатлаштириш минтақавий марказини яратишни долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Бизнес, етакчи тадқиқот институтлари ва муҳандислик марказларини жалб этган ҳолда, технологиялар трансфери бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишни таклиф этаман.

Саноат соҳасидаги ва инфратузилмавий боғлиқликнинг кучайиши мамлакатларимизнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради. Шу мақсадда “Марказий Осиё – Хитой” саноат ва инфратузилмавий белбоғини яратишга қаратилган узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишни таклиф этаман.

Бу ўринда гап Хитойнинг инвестициялари, технологик ва илмий ечимларини жалб этган ҳолда, ўзаро боғлиқ саноат кластерлари, технопарклар ва логистика хаблари тизимини яратиш ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, энергетика вазирлари Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой энергетика тизимларини боғлаш, жумладан, юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича мега-лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини диққат билан ўрганишлари лозим.

Минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қодир бўлган самарали молиявий воситаларни жорий этиш масаласи алоҳида долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Қайд этмоқчиманки, бугунги кунда амалда бўлган халқаро механизмлар, ҳеч шубҳасиз, муҳим роль ўйнамоқда, аммо минтақанинг инвестицияга бўлган талабини тўлиқ қоплай олмаяпти.

Экспертларнинг хулосасига кўра, Марказий Осиёни инфратузилмавий ривожлантиришда капитал қўйилмалар тақчиллиги бир неча юз миллиард доллар деб баҳоланмоқда.

Шу муносабат билан инфратузилмаларга оид ташаббусларни илгари суришда самарали платформага айланиши мумкин бўлган “Марказий Осиё – Хитой” тараққиёт жамғармасини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Марказий Осиё ва Хитойнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш яна бир устувор йўналиш ҳисобланади. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланганини Евроосиё маконида янги транспорт ва транзит коммуникациялари тизимининг муҳим элементи, деб ҳисоблаймиз.

Барча мамлакатларимиз учун кенг имкониятлар очадиган ва Хитойни минтақамиз орқали Жанубий Осиё билан боғлаш имконини берадиган Трансафғон темир йўл магистрали лойиҳаси амалга оширилишининг қўллаб-қувватланишига умид қиламиз.

Ушбу стратегик соҳа истиқболига оид умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун транспорт идораларимизга дала тадқиқотларини олиб бориш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш имкониятларини ўрганиш, муқобил йўлаклар бўйича юкларни ташиш борасида синов тариқасидаги лойиҳаларини амалга ошириш учун экспертлар гуруҳларини шакллантириш юзасидан топшириқ беришимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Улар фаолиятининг натижалари бўйича кейинги учрашувимизгача транспорт йўлаклари ва замонавий транзит инфратузилмаларининг ягона харитасини шакллантириш учун аниқ ва асосланган таклифлар ишлаб чиқилиши лозим.

Мамлакатларимиз барқарор тараққиётига жиддий таҳдидлардан яна бири – бу иқлим ўзгаришлари оқибатларидир.

Ишончим комил, минтақада Хитойнинг илғор тажрибасини кенг жорий этиш хатарларни камайтириш, “яшил” кун тартиби ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Шу муносабат билан 2030 йилгача мўлжалланган “Яшил” ривожланиш дастурини қабул қилиш ва уни амалга оширишга имкон қадар тезроқ киришиш муҳимдир.

Чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, қурғоқчил ва чўл ҳудудларда биоэкологик барқарорликни ошириш соҳасида мулоқот ва шериклик учун бизнинг форматда Экологик альянсни тузишни таклиф этаман.

Қайд этмоқчиманки, Хитой тажрибаси ва услубидан фойдаланган ҳолда, биз минтақада комплекс кўкаламзорлаштириш ва питомниклар яратиш, биомуҳандислик, биомониторинг станцияларини ривожлантиришни, шунингдек, ижтимоий-таълим дастурларини қамраб олган синов тариқасидаги лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин.

Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида тўхталишни истар эдим. Айнан ушбу йўналишлар бугунги кунда миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини белгилаб, узоқ муддатли ўсишнинг драйвери бўлмоқда.

Хитой интеллектуал тизимлар ривожланишида етакчилик қилиб, ушбу йўналишда анъанавий равишда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Ишончим комилки, сунъий интеллект ва чокланмаган, трансчегаравий электрон каналлар асосида ишлайдиган катта маълумотлар базалари ва процессинг марказларининг Ўзаро интеграциялашган банклар тармоғини яратиш иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор рақамли инфратузилмасини шакллантириш имконини беради.

Асосий энергетика ва транспорт йўналишлари бўйлаб “Марказий Осиё – Хитой” оптик толали алоқа тармоғининг рақамли трассасини барпо этиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бу онлайн савдо, “ақлли” логистика, булутли технологиялар ва сунъий интеллект – Сиан декларациясида ўз ифодасини топган рақамли кун тартибининг барча йўналишларини янада ривожлантириш учун асос яратади.

Халқларимизнинг бир-бирининг маданиятини ўзаро бойитиш ва яқинлашишга бўлган умумий интилиши – бу бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Маданиятлар ранг-баранглигини ҳурмат қилиш тамойилига таянган ҳолда, бизнинг ҳамкорлигимиз миллионлаб инсонлар учун маданий алмашув йўлида янги имкониятларни очмоқда.

Бугун қабул қилинаётган Ўзаро ташрифларни енгиллаштириш бўйича ташаббус ва Маданий-гуманитар тадбирлар дастури айнан шу мақсадларга қаратилган.

“Ипак йўли маданий мероси” ягона рақамли порталини яратишни таклиф этамиз.

У Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойнинг тарихий-маданий ресурсларини, улардан тадқиқотчилар, талабалар, сайёҳлар ва креатив саноат вакилларининг фойдаланишига имкон берган ҳолда, бирлаштиради.

Профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш, университетлар ректорлари форумларини ўтказиш, илмий академиялар ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари учрашувларини ташкил этиш орқали умумий илмий-таълим платформаларини шакллантириш мақсадга мувофиқ.

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳал қилувчи устувор йўналишлардан бири бўлиб қолиши керак. Махсус хизматлар ва хавфсизлик кенгашлари йўналишида терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик, ноқонуний миграция ва кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича ахборот алмашишнинг кўптомонлама ишчи механизмларини йўлга қўйишни таклиф этаман.

Биз учун нафақат қўшни, балки умумий тарихий-маданий ва иқтисодий маконимизнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистон муаммоларига халқаро ҳамжамият эътиборининг пасайиши жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистоннинг ҳамкорлик бўйича бой тажрибага эга бўлган анъанавий шериклари сифатида унинг қайта тикланиши ва минтақавий интеграция жараёнларига жалб этилишига кўмаклашиш учун барча имкониятларга эга, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан форматимиз доирасида ушбу масалаларни кўриб чиқиш бўйича юқори даражадаги гуруҳ таъсис этишни ва унинг учрашувини Афғонистон вакиллари иштирокида чегарадош Термизда ўтказишни таклиф этаман.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Фурсатдан фойдаланиб, Хитой Халқ Республикаси вакили Сун Вэйдун жанобларига мулоқотимизнинг доимий фаолият юритувчи Котибияти бош котиби лавозимидаги фаолиятида муваффақиятлар тилайман.

Сўзимнинг якунида Ўзбекистон очиқ мулоқотга, “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга содиқ эканини таъкидлайман. Ишончим комилки, бундай шериклик мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги ва равнақига хизмат қилади.

Related