Ўзбекистон – Қирғизистон: сув бўйича ҳамкорлик истиқболлари

21 Iyul 2026

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва амалий ҳамкорлик устувор тамойилга айланди.

Бу сиёсат натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди. Илгари ечими мураккаб саналган кўплаб масалалар мулоқот, келишув ва умумий манфаат асосида ҳал этилмоқда. Ана шу ўзгаришлар сув соҳасида ҳам яққол намоён бўлаяпти.

Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари бугунги кунда Марказий Осиёдаги энг муваффақиятли ҳамкорлик намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси, мунтазам учрашувлари, ҳукуматлараро комиссиялар фаолияти, соҳавий идоралар ўртасидаги яқин мулоқот сув ресурсларини бошқаришда мутлақо янги ёндашувни шакллантирди. Энг муҳими, сувга нисбатан қараш ўзгарди. Энди у тортишув манбаи эмас, балки умумий тараққиёт ва барқарорликни таъминлайдиган бойлик сифатида баҳоланмоқда.

Дарёлар давлат чегараларини танламайди. Аммо уларнинг тақдирини давлатлар ўртасидаги ишонч белгилайди. Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида сув танқислиги шароитида минтақа давлатлари умумий масъулият асосида ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади. 2026–2036 йилларни «Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги» деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди.

Бу ташаббус Қирғиз республикаси билан икки томонлама муносабатлар доирасида трансчегаравий гидротехника иншоотларидан биргаликда фойдаланиш, ирригация инфратузилмасини қайта қуриш, сув хўжалигини рақамлаштириш, сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш, мутахассисларни тайёрлаш ҳамда сув ресурсларини барқарор бошқариш соҳасидаги минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш каби кенг кўламли йўналишларни қамраб олади.

Охирги ўн йилликни таҳлил қиладиган бўлсак, икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичи 2017 йилдан бошланди. Энг муҳим воқеалардан бири 2017 йил 6 октябрда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғиз Республикаси Ҳукумати ўртасида Косонсой (Ўртатўқай) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Битимнинг имзоланиши бўлди.

Мазкур ҳужжат ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди ва минтақанинг энг йирик трансчегаравий сув омборларидан бирини биргаликда бошқаришнинг замонавий механизмларини илк бор белгилаб берди.

Ушбу битимнинг имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Сув хўжалиги объектларидан фойдаланишнинг айрим масалаларини ҳар йили келишиб олишдан сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг узоқ муддатли тизимини шакллантиришга ўтиш имконини яратди.

Келишув қоидаларини амалда жорий этиш мақсадида Косонсой (Ўртатўқай) сув омборидан фойдаланиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Қирғиз қўшма комиссияси тузилди. Унинг доирасида икки давлатнинг тегишли вазирликлари вакиллари гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, сув омборини тўлдириш ва ундан сув чиқариш режимларини келишиш, таъмирлаш ишларини ўтказиш, гидрологик маълумотлар алмашиш ҳамда объектларнинг техник ҳолатини биргаликда мониторинг қилиш масалаларини доимий асосда кўриб чиқиш имкониятига эга бўлдилар.

2021 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғиз Республикасининг сув хўжалиги ва энергетика соҳалари раҳбарлари иштирокида ўтказиб келинаётган мунтазам уч томонлама учрашувлар доирасида вегетация даврида Сирдарё ҳавзасида сув таъминотини ошириш мақсадида “Тўхтагул” сув омборидан қўшимча сув чиқариш ҳамда куз-қиш даврида Қирғиз Республикасига электр энергиясини ўзаро етказиб бериш масалалари бўйича тегишли баённомалар ва жадваллар тасдиқланмоқда.

Мазкур келишувлар доирасида Қирғиз Республикаси қиш мавсумида “Тўхтагул” сув омборида сувни кўпроқ тўплаш имкониятига эга бўлмоқда.  Ўзбекистон ва Қозоғистон эса вегетация даврида қўшимча сув ресурслари билан таъминланмоқда. Натижада Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимида жойлашган суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланиб, қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан барқарор таъминлашга эришилмоқда.

Сўнгги уч томонлама учрашув 2026 йил 20 июнь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг сув хўжалиги ҳамда энергетика соҳалари раҳбарлари иштирок этиб, 2026 йилги вегетация мавсумида сув чиқариш ҳажмлари ва электр энергиясини ўзаро етказиб бериш масалалари бўйича навбатдаги Баённомани имзоладилар.

Келишувларга асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, вегетация даври мобайнида сув бериш, тақсимлаш дарё ва сойлардан фойдаланиш режа-графиклар асосида олиб борилмоқда.

Томонлар тасдиқланган графикларга қатъий риоя қилиш, сув тақсимотини доимий мониторинг қилиш ва ваколатли сув хўжалиги ташкилотлари ўртасида тезкор мувофиқлаштиришни таъминлаш бўйича келишувга эришдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари амалий натижаларини бераяпти. Трансчегаравий сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш, сув тақсимлаш механизмларини такомиллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва минтақавий ҳамкорликни юксалтириш каби кенг қамровли масалалар ҳал этилмоқда.

 

Зокир Ишпулатов,

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирининг биринчи ўринбосари –
Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори

 

 

 

Related